Заргарлик соҳасини янгилаш 2019

ювелир

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чора тадбирлари тўғрисида”ги  Фармони асосида заргарлик буюмлари ишлабувчиларга имтиёзлар ва преференциялар, шунингдек тараққий эттириш учун  қўшимча имкониятлар тақдим этилди.

Қўшимча имкониятлар

2019 йилнинг  1 июлидан  ишлаб чиқарувчиларга рўйхатдан ўтказилган шахсий тамғасини ишлаб чиқарган буюмларнинг асиллик даражасини мустақил белгилаш ва уларга белгиланган намунадаги асиллик даражаси белгиси изларини қўйиш ҳуқуқи берилди;

Эътибор беринг, бу ҳолда ноҳалол тадбиркорларга  санкциялар қўлланилади,  жумладан қуйидаги ҳолларда лицензиясининг фаолияти тўхтатилади:

ҳуқуқбузарлик биринчи марта содир этилганда – заргарлик буюми мусодара қилмаган ҳолда унинг қийматининг 50 фоизи миқдорида жарима солиш кўринишидаги молиявий жазо қўлланилади;

ушбу ҳуқуқбузарлик бир йил давомида такроран содир этилганда – заргарлик буюми мусодара қилинади ёки унинг қийматининг 100 фоизи миқдорида жарима солинади.

2019 йил 1 июлдан бошлаб  заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш учун лицензияга эга бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотни мустақил равишда чакана тартибда сотиш, шунингдек, аҳолидан қимматбаҳо металл парчалари, қимматбаҳо тошлар ва улардан ясалган буюмларни ишлаб чиқариш мақсадларида сотиб олиш ҳуқуқига эга;

2019 йил 1 июлдан бошлаб  устав фондида давлат улуши бўлмаган ёки давлат улуши 50 фоиздан кам бўлган юридик шахслар, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар ишлаб чиқаришда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларни сарфлаш, ҳисобини юритиш ва сақлаш тартибини мустақил равишда белгилайдилар;

жисмоний шахсларга қиймати 5 000 (беш минг) АҚШ долларидан ортиқ бўлган тайёр заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирган ҳолда Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқишга рухсат берилади;

2019 йил 1 июлдан бошлаб  заргарлик буюмларининг чакана савдоси айрим турдаги товарлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғим объекти ҳисобланмайди;

2019 йил 1 июлдан бошлаб  тадбиркорлик субъектлари  изловчилик фаолияти доирасида заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларни таъминлаш учун қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошларни қазиб олиши мумкин;

Заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчилар  “Навоий КМК” ДК ва “Олмалиқ КМК” АЖдан қимматбаҳо металларни (олтин ва кумуш) ўлчов пластиналари кўринишида, шунингдек, 5 грамм ва ундан ортиқ бўлган оғирликдаги гранулаларни (қимматбаҳо металлар соф оғирлигига қайта ҳисоблаганда) Лондон қимматбаҳо металлар биржасининг тонгги фиксинги асосида миллий валютада сотиб олишлари мумкин;

Заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчилар  сотиб олинган қимматбаҳо металларни бошқа заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларга сотишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда аффинаж фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомини тасдиқлайди. Тадбиркорларга аффинаж фаолияти билан шуғулланиш, жумладан қуйидаги ҳуқуқлар берилди:

қимматбаҳо металларни сотиб олиш ва сотиш учун биржа савдоларида иштирок этиш;

аҳолидан қимматбаҳо металларни, шу жумладан, олтин изловчилар сифатида қазиб олинган қимматбаҳо металларни, заргарлик буюмларини, уларни ишлаб чиқаришдан ҳосил бўлган парчалар ва чиқиндиларни сотиб олиш;

қимматбаҳо металларни сотиб олиш ва сотиш шохобчаларини, шу жумладан, мамлакатимиз ҳудудларида очиш.

Имтиёзли кредитлаш

2019 йил 1 июндан бошлаб қимматбаҳо металларни сотиб олиш учун берилган миллий валютадаги тижорат банклари кредитлари бўйича фоиз харажатларини Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан ошадиган, бироқ кредитлар бўйича 5 фоизлик пунктдан ортиқ бўлмаган қисмида қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан компенсация қилиш орқали маҳаллий заргарлик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизми жорий этилади.

Солиқ ва божхона имтиёзлари

Қимматбаҳо металлар ва маҳаллий заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ва реализация қилиш обороти қўшимча қиймат ва акциз солиғидан 2022 йилнинг 1 июлига қадар озод қилинади;

Белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлар божхона тўловларидан (божхона йиғимлари бундан мустасно) озод қилинди.

2019 йил 1 июлдан бошлаб навбатдаги йилга Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрлари шакллантирилаётганда миқдорини ҳар йили индексация қилган ҳолда, олтиндан ясалган заргарлик буюмларини чакана савдода сотганлик учун 1 граммига 1 000 (бир минг) сўм миқдорида йиғим жорий этилди.

26.06.2019