Юридик шахсни тугатиш тартиби соддалаштирилди

ликвидация

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида 1 январ 2020 йилдан   ўзгартиришлар киритилади.

Тугатиш муддати

Корхонани ихтиёрий тугатишнинг умумий муддати рўйхатдан ўтказувчи орган ихтиёрий тугатиш тўғрисида хабардор қилинган кундан бошлаб олти ойдан ошмаслиги керак.

Корхонани молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган деб ҳисоблаш учун асос бўладиган муддат тўққиз ойни ташкил этади. Агар корхона  уч йил давомида фаолиятини тикламаса, уни тадбиркорлик субъектларининг Ягона давлат реестридан чиқаради. Тегишли равишда  бундай корхоналар тугатилиши лозим.

Тугатиш тартиби

тадбиркорлик субъектлари – юридик шахсларни ихтиёрий тугатишда:

бир ёки бир неча даврий босма нашрларда корхонанинг тугатилиши тўғрисида эълонлар бериш талаб этилмайди, бунда тегишли маълумотлар рўйхатдан ўтказувчи органнинг расмий сайтига жойлаштирилади;

давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаган ҳамда солиқ қарзи мавжуд бўлмаган корхоналарнинг молия-хўжалик фаолияти текширилмайди;

давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказиладиган, тугатиладиган корхонанинг молия-хўжалик фаолиятини текширишнинг энг узоқ даврийлиги уч йилни ташкил этади;

молия-хўжалик фаолиятини текшириш учун ваколатли давлат органларидан корхона тўғрисидаги мавжуд маълумотларни олиш Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими  орқали амалга оширилади.

Фаолиятни тўхтатиш

Тадбиркорлик субъектлари – жисмоний шахслар фаолиятини тўхтатишда ариза берувчи томонидан давлат солиқ хизмати органининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзи йўқлиги тўғрисидаги хулосасини олиш талаб этилмайди.

26.06.2019