“Yoshlar – kelajagimiz” давлат дастури

Государственная программа «Yoshlar – kelajagimiz»

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 июлдаги  “Yoshlar – kelajagimiz” давлат даситури тўғрисида”ги Фармонига биноан республикамизнинг барча  туман ва шаҳарларида “Yoshlar – kelajagimiz” давлат даситури амалга оширила бошланади.

Давлат дастурида ким иштирок эта олади

Давлат дастури тадбиркорлик субъектларига, 50 фоиз ва ундан кўпроқ муассислари ёшлардан иборат бўлган тадбиркорлик субъектларига, шунингдек, яратиладиган иш ўринларининг 70 фоизидан кам бўлмаган қисмини 5 йил давомида ёшларни иш билан таъминлаш учун тақдим этиш мажбуриятини ўз зиммасига оладиган тадбиркорлик субъектларига, жумладан, хорижий инвесторларга татбиқ этилади.

Давлат дастури доирасида қуйидаги ишлар амалга оширилади:

а) Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузурида «Yoshlar — kelajagimiz» жамғармаси ташкил этилади. Жамғарманинг маблағларидан Давлат дастуридаги тадбирларни молиялаштириш, жумладан, қуйидагиларни амалга ошириш учун фойдаланилади:

ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга ошириш учун тижорат банклари орқали йиллик 7 фоиз ставка билан имтиёзли кредит ва мол-мулкни лизингга бериш;

Давлат дастури доирасида олинадиган кредитлар бўйича кредит ҳажмининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда кафилликлар бериш;

Давлат дастури доирасида амалга ошириладиган тадбиркорлик лойиҳаларида улар қийматининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда иштирок этиш, кейинчалик Жамғарма улушини 5 йил давомида реализация қилиш;

тегишли кўникмаларга эга банд бўлмаган ёшлар яшайдиган уй хўжаликлари учун 20 тагача парранда ва қуён боласи, 5 та майда ва 2 та  қорамол сотиб олиш, уларнинг қийматини келишилган муддатларда қайтарган ҳолда уларни боқиш ва кейинчалик реализация қилишда кўмаклашиш;

б) ёшларнинг қайта тайёрланиши ва малака оширишини ташкил этиш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, шунингдек, уларга бизнес юритиш кўникмаларини сингдириш;

в) давлат-хусусий шериклик шартларида:

ёш тадбиркорларга имтиёзли шартларда бинолар, офис техникаси ва сарфлаш материалларини ижарага бериш, уларни интернет билан таъминлаш, шунингдек, ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга оширишга бошқача кўмак бериш, жумладан, бизнес режалар ишлаб чиқиш, маслаҳат, юридик, бухгалтерия ва бошқа хизмат турларини кўрсатиш, форумлар, мастер-класслар ва семинарлар ташкил этиш учун «Yosh tadbirkorlar» коворкинг-марказларини қуриш;

савдо-маиший ва кичик ишлаб чиқариш майдонларини ташкил этиш учун меҳнат кучи ҳаддан зиёд бўлган туманларда «Yoshlar mehnat guzari» комплексларини қуриш.

«Yosh tadbirkorlar» коворкинг-марказлари ва «Yoshlar mehnat guzari» комплексларини қуриш давлат-хусусий шерикликнинг қуйидаги шартларида амалга оширилиши белгилаб қўйилди:

а) туман (шаҳар)лар ҳокимликлари:

«Yosh tadbirkorlar» коворкинг-марказлари ва «Yoshlar mehnat guzari» комплексларини, шунингдек, бошқа объектларни қуриш (жойлаштириш) учун хусусий инвесторларга, истисно тариқасида, тўғридан-тўғри музокаралар орқали ер участка (бўш бино)ларни доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратади;

«Yosh tadbirkorlar» коворкинг-марказлари ва «Yoshlar mehnat guzari» комплексларини муҳандислик коммуникацияларига, жумладан, электр, газ ва сув таъминоти тармоқларига олиб боришни ва улашни туман (шаҳар)лар бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан таъминлайди;

б) Жамғарма «Yosh tadbirkorlar» коворкинг-марказлари ва «Yoshlar mehnat guzari» комплекслари қурилиши қийматининг 30 фоизигача бўлган қисмини молиялаштиришда мазкур маблағларни уларнинг устав жамғармаси (капитали)га кейинчалик капиталлаштирган ҳолда иштирок этишга ҳақли;

в) хусусий инвесторлар қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммасига олади:

«Yosh tadbirkorlar» коворкинг-марказлари ва «Yoshlar mehnat guzari» комплекслари қурилиши қийматининг камида 70 фоизини молиялаштириш, уларнинг келишилган муддатларда ва намунавий лойиҳаларга мувофиқ қурилиши ва фойдаланишга топширилишини таъминлашни;

Давлат дастури иштирокчиси бўлган ёш тадбиркорларга «Yosh tadbirkorlar» коворкинг-марказлари ва «Yoshlar mehnat guzari» комплексларида жой бериш, уларга мақбул нархларда хизматлар кўрсатиш, шунингдек, уларда иш ўринлари умумий сонининг камида 70 фоизи миқдорида банд бўлмаган ёшларни ишга қабул қилиш шарти билан мустақил равишда тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишни;

Жамғарманинг туман ва шаҳар филиалларини жойлаштириш учун «Yosh tadbirkorlar» коворкинг-марказларидаги хоналарни бепул тақдим этишни;

г) «Yosh tadbirkorlar» коворкинг-марказлари ва «Yoshlar mehnat guzari» комплексларини сақлаб туриш хусусий инвесторларнинг маблағи ҳисобидан амалга оширилади;

д) «Yosh tadbirkorlar» коворкинг-марказлари ва «Yoshlar mehnat guzari» комплексларини қуришга йўналтириладиган маблағлар хусусий инвесторларнинг солиқ солинадиган базасидан чегириб ташланади.

 

Давлат дастурида  қайси банклар иштирок этадилар

Имтиёзли кредитлар ва мол-мулкни лизингга бериш Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, «Ипак йўли» АИТБ, Халқ банки АТ ва «Ҳамкор банк» АТБ орқали амалга оширилади;

қиймати 2 миллиард сўмдан юқори бўлган ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини молиялаштириш уларнинг бизнес режалари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан келишилгандан сўнг амалга оширилади.

02.08.2018