Янги шаклдаги солиқ текширувлари

налоговые проверки

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан солиқ текширувлари ўтказишнинг янги  тизими жорий этилди.

2018 йил 1 сентябрдан:

тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар;

тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган назорат тартибидаги текширувлар бекор қилинди.

2018 йил 1 сентябрдан:

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ташаббуси билан чиқиш тегишли тадбиркорлик субъектлари томонидан қонунбузарлик содир этиш хавфи даражасидан келиб чиқиб, текширувни ташаббус қилишни назарда тутувчи “хавфни таҳлил этиш” тизими натижалари асосида амалга оширилади;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли орган ҳисобланади;

Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олинади;

Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олинмаган тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар ноқонуний ҳисобланади;

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилган текширувларнинг натижалари назорат қилувчи органлар томонидан текширув тамомлангандан кейин уч кун давомида Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимига киритилади.

Илгари ҳам биз солиқ текширувлари ўтказишда тадбиркорларнинг  ҳуқуқлари ҳақида  ёзган эдик. Эдиликда эса тадбиркор, ростдан ҳам текширув тайинланганми ёки унинг ноқонуний эканлиги  ҳақида текширувлар бошлангунига қадар аниқлаб олиши мумкин.

Янги тартибга эътибор беринг

“Хавфни таҳлил этиш” тизими ишлаб чиқилади ва  2018 йилнинг 1 сентябрига қадар тасдиқланади;

Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизими 2018 йилнинг 1 сентябрига қадар  ишлаб чиқилади, унинг тўлақонли фаолияти  2019 йилнинг 1 январидан ишга туширилади.

Текширишларни электрон рўйхатга олиш Ягона тизими мавжудлиги қуйидаги имкониятларни яратади:

а) ваколатли органга:

назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектларида текширувларни ўтказиш юзасидан қабул қилинган қарорларнинг асослилигини ўрганиш ва текширувларни ўтказишга ноёб код билан рухсат бериш;

назорат қилувчи органлар томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган текширувлар ўтказиш тартибига риоя этилаётганлиги устидан назоратни амалга ошириш;

б) назорат қилувчи органларга ўтказилган текширувлар натижаларини киритиш;
в) тадбиркорлик субъектларига ўз сўровларига кўра ўтказилаётган текширув ҳақидаги ахборотни қисқа хабар (SMS) кўринишида ҳамда реал вақт режимида Интернет тармоғи орқали олиш.

Шунингдек,  солиқ органлари ваколатларини кенгайтириш мавзуидаги маълумотларни ўқиб-ўрганишни тавсия этамиз.

07.08.2018