Янги меҳмонхоналар  қурилиши харажатларини  қоплаш

гостиниц

Янги меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлаш учун инвесторларга субсидия ажратиш ҳамда ташкилотларни франчайзинг тўғрисидаги шартнома асосида қисман молиялаштириш учун Давлат бюджетидан маблағ ажратиш тартиби тўғрисида”ги низомга асосан тадбиркорлар харажатларининг бир қисми қопланади.

Атамалар

франчайзинг тўғрисидаги шартнома  —  дунёнинг таниқли ва нуфузли 50 та меҳмонхона брендларида фойдаланилган шартнома;

субсидия — меҳмонхона қуриш ва жиҳозлаш учун инвесторларга Давлат бюджетидан инвесторларнинг харажатларини қисман  қоплаш учун ажратиладиган маблағ;

инвестор  — янги меҳмонхона  ёки худди шундай жойлаштириладиган иншоот қурадиган тадбиркорлик субъекти. Меҳмонхона фойдаланишга 5 январь 2019 йилдан –  1 январ 2022 йилгача бўлган даврда топширилиши керак, шунингдек таниқли ва нуфузли меҳмонхона брендларидан фойдаланиш бўйича франчайзинг тўғрисида шартнома тузган Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган ташкилотларни (кейинги ўринларда – ташкилотлар) қисман  5 январь 2019 йилдан молиялаштирила бошланади.

Субсидиялар

Субсидиялар камида 3 юлдузли тоифа учун 50 та хонадан кам бўлмаган, камида 4 юлдузли тоифа учун 100 та хонадан кам бўлмаган хоналар фондига эга меҳмонхона қурадиган  инвесторларга ажратилади. Янги меҳмонхона  2022 йил 1 январгача фойдаланишга топширилиши керак. Субсидиялар инвесторларга 5 январь 2019 йилдан  меҳмонхона хоналари фонди сони 50 мингтага етгунига қадар берилади.

Инвесторларга субсидиялар бир марта берилади, унинг миқдори келгуси йил учун Давлат бюджети параметрларини тасдиқлаш жараёнида ҳар йили  индексация қилинган ҳолда қуйидаги суммани  ташкил этади:

камида 3 юлдузли тоифага  эга меҳмонхоналардаги ҳар бир хона учун 40 миллион сўмдан;

камида 4 юлдузли тоифадаги  меҳмонхоналардаги ҳар бир хона учун 65 миллион сўмдан ажратилади.

Инвесторлар субсидиялар ажратилиши учун Қўмитага белгиланган тартибда ариза билан мурожаат қилади.

Қисман молиялаш

Ташкилотни франчайзинг шартномаси бўйича қисман молиялаш  шартнома кучга кирган вақтдан бошлаб уч йил мобайнида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.    Франчайзинг шартномаси  5 январь 2019 йилдан кейин кучга кирадиган бўлиши керак. Бу ҳолда ташкилотни қисман молиялаштиришнинг умумий ҳажми кўпи билан 10 миллион АҚШ доллари эквивалентига тенг бўлади.

Ташкилотни қисман молиялаштириш қуйидаги миқдорларда амалга оширилади:

дастлабки 50 та 3 юлдузли тоифага эга меҳмонхона — ҳар бир меҳмонхонанинг битта хонаси учун йиллик 200 АҚШ доллари эквивалентида;

дастлабки 30 та 4 юлдузли тоифага эга меҳмонхона — ҳар бир меҳмонхонанинг битта хонаси учун йиллик 400 АҚШ доллари эквивалентида.

Ташкилотни қисман молиялаштириш топ — 50 меҳмонхона брендларига кирувчи “Brand Finance” рейтингидаги  (ҳужжат топширгунига қадар рейтингда  камида уч йил  турган бўлиши керак) меҳмонхоналарнинг бири билан франчайзинг тўғрисида  шартнома тузганда амалга оширилади.

Ташкилот франчайзинг тўғрисида  шартнома бўйича қисман молиялаштириш учун  мурожаат қилади.

Субсидияга ва қисман молиялашга ким давогарлик қилиши мумкин

Субсидия олиш  ва  қисман молиялаштирилиши учун ариза берувчи   инвестор ва ташкилотлар қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида назарда тутилган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзи бўлмаслиги лозим;

қайта ташкил қилиш, банкротлик ва тугатиш жараёнида бўлмаганлар;

Давлат бюджетидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ва  Ўзбекистон Республикаси   Вазирлар маҳкамаси   қарорлари асосида (Низомларга  биноан Давлат бюджетидан  ажратилган маблағларни  ҳисобга олмаганда)  молиявий таъминот ва харажатларни қоплаш мақсадларига маблағ жалб қилмаган бўлиши керак.

05.07.2019