ШАҲЛО АБЗАЛОВА (“ТОШКЕНТ” РАДИОСИ) БИЛАН СУҲБАТ: ЯККА ТАРТИБДАГИ ТАДБИРКОР

Шаҳло: Бугунги кунда якка тартибдаги  тадбиркорлик (ЯТТ) бозор соҳасининг энг яхши   шаклига айланиб  қолмоқда.  Сизнинг  фикрингизча, бу ҳол қандай омиллар билан бағлиқ?

Евгения: Албатта, бунинг асосий сабаби тадбиркорликнинг  ушбу шаклини оддийлиги ва  қулайлигида бўлса керак.  ЯТТ шаклида бизнесни юритишда асосий вазифа тегишли  солиқни ўз вақтида тўлашдан иборат, ишнинг бошқа томонлари эса – тадбиркорнинг ўзига боғлиқ. Бу айниқса бошловчи тадбиркорлар учун қизиқарли ва қулай ҳисобланади.

Шаҳло: Келинг, яхшиси бир четдан бошлайлик: ЯТТ учун фаолиятнинг қайси турларига рухсат этилган?

Евгения: Рўйхат унчалик кичкина эмас, унда  фаолиятнинг 74 хили қайд этилган: чакана савдо, абитуриентларни олий ўқув юртларига киришга тайёрлаш, ижтимоий хизматлар…  Албатта бу иш ва хизматларни битта одамнинг ўзи бемалол уддалаши мумкин. Фақат ўтган йилдан бошлаб ЯТТ учун ходимлар жалб этиш имконияти пайдо бўлди. Аммо шуни ҳам  айтиб ўтишни хоҳлар эдимки, битта патентга фақат икки турдаги  фаолиятга рухсат этилади. Патенит бу – хусусий тадбиркорликнинг  рўйхатга олинганлиги  ва ишлашга  рухсат қилингани тўғрисидаги  гувоҳномадир.

Шаҳло: Мурожаат этувчи одам бизнес соҳасида тажрибаси бўлмаган ҳолда рўйхатга олиш  жараёнидан мустақил ўтиб олиши мумкинми? Рўйхатга олиш жараёни қанчага чўзилиши мумкин ва унинг мураккабликлари қай даражада?

Евгения: Ҳар бир ишдагидек, мен аввалига меъёрий ҳужжатлар билан танишиб олишни тавсия қилар эдим, чунки ЯТТлик учун:  Якка тартибдаги тадбиркор  шуғилланиши мумкин бўлган фаолият турларининг рўйхати,  Хусусий тадбиркорларни давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишнинг тартиб-тамойиллари ҳақидаги низом, ЯТТларни  тадбиркорлик фаолиятларини  ходимлар жалб этган ҳолда амалга оширишнинг тартиб-тамойиллари ҳақидаги Низом сингари бирнеча муҳим ҳужжатлар ишлаб чиқилган.

ЯТТ учун рўйхатга олиш тартиби – энг оддий ва тез амалга ошириладиган ишлардан биридир. Сиз фақат рўйхатга олиш учун давлат божини тўлашингиз, ўз туманингиз Ҳокими номига ариза ёзишингиз ва иккита фотосурат билан паспортингизни олиб келишингиз  керак. Энг узоғи билан икки кунда патентингиз тайёр бўлади ва  сиз ишга тушиб кетаверишингиз мумкин.

Кейин сиз тегишли  солиқни тўлаш учун туманингиз солиқ инспекциясидан рўйхатдан ўтишингиз, бадалларни тўлаб бориш учун  пенсия жамғармасига ҳисобга туришингиз ва меҳнат стажларини қайд этиш учун  меҳнат дафтарчасини шу ерда қолдиришингизга тўғри келади.

Шундан кейин банкдан ҳисоб рақами очиш ва керак бўлганда  терминал ҳамда инкассация хизматига буюртма беришингиз мумкин.  Бу эса сизни фаолиятнинг қандай турини танлаганингизга  боғлиқ.

Шахло: Бу тадбирлар қай ҳолларда зарур бўлади?

Евгегия: Айниқса, сизнинг аҳоли билан ишлаганингизда, яъни нақд пуллар ёки пластик карточкалар орқали  тўловлар қабул қилганингизда керак бўлади.

Шаҳло: Агар бизнес ўз ривожини топа олмаса хусусий тадбиркорликни  тугатиш тартибининг мураккабликлари қандай?

Евгения: Фаолиятни тугатиш тартиби ҳам  унинг учун патент олиш жараёни сингари жуда оддий: сиз бизнесингизни тугатиш учун учта қадам ташлашингиз зарур бўлади: солиқларни  тўлаш, банкдаги ҳисоб рақамини  ёпиш ва патентни  Ҳокимликка топшириш.

Шаҳло: Яккка тартибдаги  тадбиркорлик учун солиқларнинг  қандай ҳисобланиши ҳақида гапириб берсангиз?

Евгения: ЯТТлик учун  солиқларни ҳисоблаш қийин эмас: тегишли  солиқ миқдори фаолият турига  боғлиқ бўлиб, энг кичик ойлик иш ҳақининг иккитасидан – ўнтасигача бўлган миқдорни ташкил қилади. Пенсия жамғармаси учун ажратмалар, фаолият туридан қатъий назар  битта энг кам ойлик иш ҳақи миқдорига тенгдир.

Шунингдек, таъкидлаб ўтиш керакки, агар битта патентга иккита фаолият тури  белгиланган бўлса  тегишли  солиқ ҳар бир тур учун тўланади.

Шаҳло: Сиз юқорида ЯТТ учун ходимларни жалб этишга рухсат этилганини  айтиб ўтдингиз.  Бу ҳолда  солиқ миқдори  қандай ўзгаради?

Евгения: Ҳар бир ходим учун:

Бюджетдан ташқари  пенсия жамғармасига – энг кичик ойлик иш ҳақининг  50 фоизи миқдорида суғурта бадали;

Хусусий тадбиркор  амалга ошираётган  фаолият бўйича  кўзда тутилган, белгилаб қўйилган  ставканинг  30 фоизи  миқдорида –  солиқ тўланади.

Шунингдек, таъкидлаш лозимки,  агар ЯТТ  фаолиятнинг бирнеча тури билан шуғилланаётган бўлса  солиқ ҳар бир ходим учун тегишли фаолият тури учун белгиланган солиқ энг кўп  миқдорининг 30 фоизигача    кўпаяди.

Агар ЯТТ касб-ҳунар коллежининг битирувчисини ишга қабул қилган бўлса  ходим учун ҳисобланган солиқни тўлашдан ишчи коллежни битирган вақтидан бошлаб  12 ой давомида озод  қилинади.

Бироқ ЯТТ зиммасида  ишга  қабул қилиши билан   фақатгина  солиқ бўйича эмас,  балки  ходимларни  давлат солиқ идорасига ва пенсия жамғармасига  ҳисобга қўйиш, шунингдек  ҳужжатларни талаб даражасида  расмийлаштириш  борасида ҳам мажбурият  пайдо бўлади.

Шаҳло: Ходимларни ишга қабул қилганда қайси ҳужжатларни,  қандай муддатларда  расмийлаштириш зарур?

Евгения:  Биринчи    навбатда       ходимларнинг  сонини  белгилаб  олиш  керак. ЯТТ  томонидан тадбиркорликни   фаолиятнинг ҳар бир турига ходим жалб этиш билан амалга ошириш тартиб-тамойиллари тўғрисидаги низомда жалб этиладиган ходимларнинг энг кўп сони  белгилаб берилган. Масалан, чакана савдога фақат бир кишини олиш мумкин, айни пайтда ҳунармандлардан уч кишини  ишга жалб этишга рухсат этилган.

 Ходимни  ишга жалб этишда албатта у билан меҳнат шартномаси тузиш керак. Бу ҳолда  шартнома муддати патентнинг амал қилиш муддатидан  ортиқ бўлмаслиги керак. Меҳнат шартномаси уч нусхада тузилади. Унинг бир нусхаси ЯТТ солиқлари ҳисобланадиган  жойдаги Давлат солиқ хизмати ташкилотига тақдим этилади, иккинчиси ЯТТда, учинчиси ходимнинг ўзида қолади.

ЯТТ ходим билан меҳнат шартномаси тузганидан кундан кейин уч иш кунидан кечикмаган ҳолда ёлланган ишчини ҳисобга олиш туғрисида давлат солиқ хизмати органига ариза беради.

Ишчини  ҳисобга олиш туғрисидаги аризага қуйидаги  ҳужжатлар илова қилинади:

            хусусий тадбиркор ва ходим ўртасида  тузилган меҳнат шартномасининг нусхаси;

            ходимнинг 3 х 4 см ҳажмдаги  иккита сурати;

            ёлланган ишчи паспортининг нусхаси.

Давлат солиқ хизмати ташкилоти ёлланган ишчини ҳисобга олиш тўғрисидаги аризани қабул қилган кундан кейин уч иш куни давомида хусусий тадбиркорга ёлланган ишчини ҳисобга олингани ҳақидаги  карточка беради.  Ушбу ҳисобга олинганлик  ҳақидаги карточка муддати ходим билан хусусий тадбиркор ўртасида  тузилган шартноманинг амал қилиш муддатидан ошиқ бўлмайди.

Ҳисобга олиш карточкасининг муддати ўтганидан кейин у  солиқлар ҳисобланадиган  давлат солиқ хизмати ташкилотига  топширилади ва йўқ қилиб юборилади.

Шаҳло: Солиқларни тўлагандан кейин қолган пул маблағларидан қандай фойдаланиш мумкин бўлади?

Евгения: Қолган пул маблағларидан ЯТТ ўзи хоҳлаганидек фойдаланавериши мумкин, чунки очиғини айтганда, бу маблағлар унинг фаолияти туфайли  пайдо бўлган фойда ҳисобланади.  Ушбу  пул маблағларини фойда сифатида олиши, ёки  корхона харажатлари учун сарфлаши мумкин, шу томони ҳам борки, хусусий тадбиркор учун кооператив пластик карточкадан фойдаланиш имкониятлари ҳам яратилган.

Якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан миллий валютадаги банк карталаридан фойдаланиш тартиби тўғрисида Низомга биноан  хусусий тадбиркорнинг  банк картасидан унинг ишлаб чиқариши,  савдоси, хизмат кўрсатиш ва  ишларни бажариш фаолиятига  бевосита боғлик қуйидаги харажатлар учун  тўловларни амалга оширишга рухсат этилади:

а) хом ашё ва материаллар (жумладан, қурилиш материаллари), ярим тайёр маҳсулотлар, майда жиҳозлар, асбоб-ускуналарга;

б) коммунал тўловларга (иситиш учун, иссиқ сув, ичимлик суви, канализация, электр энергияси, газ ва чиқиндиларни олиб кетиш учун);

в) ижара тўловларига;

г) солиқлар ва бошқа зарур тўловларга;

д) чакана савдо билан шуғилланадиган якка тартибдаги тадбиркорларнинг аҳолига сотиш учун оладиган товарларига;

е) фаолият жараёни билан боғлиқ бўлган бошқа харажатларни тўлашга.

Радиотингловчиларнинг саволлари: Фаолиятнинг асосий тури  сифатида  бошқа ташкилотда ишлаб турган ҳолда хусусий корхона очиш мумкинми ёки албатта  ишдан бўшаш керакми?

Евгения: Ишдан бўшаш шарт эмас,  асосий фаолият тури сифатида  бошқа ташкилотда ишлаб турган ҳолда ҳам хусусий корхонани очавериш мумкин.

Радиотингловчилардан саволлар: Хусусий корхона меҳнат дафтарчаларини  ким юритади ва у қаерда сақланади?

Евгения: Иш стажи  меҳнат дафтарчаси орқали  ҳисобга олинади. Сизга меҳнат дафтарчаси бюджетдан ташқари  Пенсия жамғармасининг  туман (шаҳар)  бўлимида очилади. Тадбиркорлик  фаолиятингизнинг охирига қадар меҳнат дафтарчаси шу ташкилотда сақланади.

Радиотингловчилардан саволлар: Якка тартибдаги тадбиркорлик  фаолиятини зарур бўлган ҳолларда  тўхтатиб туриш мумкинми?

Евгения: Якка тартибдаги тадбиркорлик  фаолиятини тўхтатиб туриш қонунчилик  асосида белгилаб қўйилмаган.

Фаолиятни тўхтатиб туриш ёки  қайта бошлаш  учун якка тартибдаги тадбиркор  рўйхатга оладиган ташкилотга мурожаат этиши лозим бўлади. Рўйхатга олувчи ташкилот кейинги  иш кунининг охирига қадар солиқларни ҳисоблайдиган Давлат солиқ хизмати  ташкилотига махсус шаклда якка тартибдаги тадбиркорлик  фаолиятини  вақтинча тўхтатиб туриш ёки  қайта бошлаш  тўғрисида маълумот  тақдим этади.

Давлат солиқ хизмати  ташкилоти томонидан  якка тартибдаги тадбиркор  фаолиятини  вақтинча тўхтатиб туриш тўғрисидаги маълумот  тадбиркорнинг ўз фаолиятини амалга оширмаётган  ўша давр учун солиқ ҳисоблашни тўхтатиб туришга асос бўлади.

28.03.2017