Хусусий тадбиркор бўлсангиз, ишчини қандай ёллайсиз?

как нанять работника

“Хусусий тадбиркорлар томонидан ходимларни ёллаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида” ги Низом ишчини жалб этиш, меҳнат шартномасини расмийлаштириш ва ходимларни ҳисобга олиш жараёнларини қатъий белгилаб беради.

Нечта ходимни жалб этиш мумкин?

Фаолиятнинг ҳар бир тури учун мўлжалланган  ходимларнинг энг кўп сони:

Чакана савдо – 1 нафар;

Ҳунармандчилик фаолияти – 3 нафар;

Маиший хизматлар – 3 нафар;

Фаолиятнинг бошқа турлари – 2 нафар.

Агар  хусусий тадбиркор фаолиятнинг бир неча турлари билан шуғилланаётган бўлса, у ҳолда уч нафардан ошиқ бўлмаган миқдорда ходимларни ёллаш ҳуқуқига  эга.

Жуда муҳим!

Хусусий тадбиркор билан меҳнат муносабатлари ўрнатган жисмоний шахсларга хусусий тадбиркорлар сифатида қаралмайди ва улар хусусий тадбиркор номидан ҳуқуқий ҳужжатларни имзолаш ҳуқуқига эга эмас.

Меҳнат шартномаси

Ходимни ишга қабул қилишда хусусий тадбиркор унинг билан ушбу белгиланган шаклдаги ёзма меҳнат шартномасини тузади.

Бу  ҳолда меҳнат шартлари меҳнат ҳуқуқлари қонунчилиги нормаларига  мос келиши  керак.

Меҳнат шартномасининг муддати хусусий тадбиркорни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддатидан ошмаслиги керак.

Меҳнат шартномаси: солиқ хизмати органи, хусусий тадбиркор ва ходим учун – уч нусхада тузилади.

Меҳнат шартномасида хусусий тадбиркорнинг имзоси муҳр билан тасдиқланади, шунингдек ишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ расмийлаштирилиши талаб этилмайди.

 Ходимларга кейин пенсия тўланадими?

Ходимга хусусий тадбиркор томонидан меҳнат дафтарчаси юритилмайди.

Хусусий тадбиркорда ёллаш бўйича ишлаган иш даврлари унинг учун ушбу даврларда суғурта бадаллари тўланган тақдирда ходимнинг меҳнат стажига қўшилади.

Ходимнинг меҳнат стажини ҳисоблаш унинг учун Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланганлиги тўғрисидаги маълумотлар асосида амалга оширилади.

Ходимларни солиқ хизматида рўйхатдан ўтказиш

Хусусий тадбиркор ёлланган ходимни ҳисобга қўйиш тўғрисида ходим билан меҳнат шартномаси тузилган санадан бошлаб уч иш кунидан кечикмай солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органига белгиланган шакл бўйича ариза тақдим этади.

Ходимни ҳисобга қўйиш тўғрисидаги аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

 меҳнат шартномасининг нусхаси;

ходимнинг 3 х 4 см ҳажмдаги 2 дона фотосурати;

ёлланган ходим паспортининг нусхаси.

Давлат солиқ хизмати органлари ёлланган ходимни ҳисобга қўйиш тўғрисидаги ариза олинган санадан бошлаб уч иш куни мобайнида хусусий тадбиркорга ёлланган ходимни ҳисобга қўйиш карточкасини  берадилар.

Ҳисобга қўйиш карточкаси ходим ва хусусий тадбиркор ўртасида тузилган меҳнат шартномасининг амал қилиш муддатига берилади.

Амал қилиш муддати тугагач ҳисобга қўйиш карточкаси солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органига топширилади ва йўқ қилинади.

Ходим билан меҳнат шартномаси муддатидан олдин тўхтатилган тақдирда хусусий тадбиркор солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органларига ходим билан меҳнат шартномаси тўхтатилганлиги тўғрисидаги билдиришномани ва бир вақтнинг ўзида Ҳисобга қўйиш карточкасини топширади.

Ходимлар ишга қабул қилинганда солиқлар қандай ҳисобланади?

Хусусий тадбиркор зиммасига ҳар бир ходим учун қуйидагича солиқлар тўлаш вазифаси юклатилади:

бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига суғурта бадалларини – ҳар ойда энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида;

қатъий белгиланган солиқни – хусусий тадбиркор томонидан амалга ошириладиган фаолият бўйича назарда тутилган белгиланган ставканинг 30 фоизи миқдорида тўлаш мажбурияти юкланади.

Яъни қатъий белгиланган солиқ миқдори сизнинг фаолиятингиз турларига боғлиқ бўлади, хусусий тадбиркор агар бир неча фаолият турлари билан шуғулланган тақдирда қатъий белгиланган солиқ ҳар бир ходим учун қатъий белгиланган солиқнинг тегишли фаолият турлари учун белгиланган максимал ставкасининг 30 фоизи миқдорида тўланади.

Хусусий тадбиркор фаолиятнинг ушбу турини характерловчи физик кўрсаткичлардан келиб чиққан ҳолда солиқ солинадиган фаолият турини амалга оширган тақдирда, қатъий белгиланган солиқ ҳар бир ходим учун ҳар ойдаги физик кўрсаткич бирлигига белгиланган қатъий солиқ ставкасининг 30 фоизи миқдорида тўланади.

Ходимга тўланадиган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларидан жисмоний шахсларнинг даромад солиғи олинмайди.

Ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган, шунингдек I ва II гуруҳ ногиронлари ҳисобланадиган ходимлар учун суғурта бадали миқдори  белгиланган миқдорнинг ярмини ташкил этиши керак. Ушбу имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси асосида берилади.

Хусусий тадбиркор касб-ҳунар коллежини тамомлаган ходимлар учун қатъий белгиланган солиқни тўлашдан ходим коллежни тамомлаган санадан бошлаб ўн икки ой мобайнида озод қилинади.

Хусусий тадбиркор қатъий белгиланган солиқни тўлашдан қонунчиликка мувофиқ вақтинчалик озод қилинган ҳолларда, мазкур имтиёз қатъий белгиланган солиқни ҳар бир ходим учун тўлашга ҳам татбиқ этилади.

 Солиқни тўлаш муддатлари

Ҳар бир ходим учун қатъий белгиланган солиқ ва суғурта бадаллари тўлаш учун белгиланган муддатларда, меҳнат шартномаси тузилган ойдан кейинги ойдан бошлаб амалга оширилади.

Суғурта бадалларини Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига тўлашда тўлов топшириқномасида ходимнинг фамилияси, исми, отасининг исми, идентификациялаш тартиб рақами ва тўловнинг қайси давр учун тўланаётгани мажбурий тартибда кўрсатилган бўлиши керак. Бунда ходимлар бўйича тўлов топшириқномаси ҳар бир ходим учун алоҳида ёзилади.

Жарималар

Хусусий тадбиркор томонидан ходимларни меҳнат шартномаси мавжуд бўлганда давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилмасдан уларни ёллаш ҳолатлари аниқланган тақдирда давлат солиқ хизмати органлари ҳар бир ходим учун хусусий тадбиркор томонидан қатъий белгиланган солиқни ва суғурта бадалларини йиллик миқдорларда ундиради.

Хусусий тадбиркорни давлат рўйхатдан ўтказиш санасидан бошлаб кўрсатилган ҳолатлар аниқланган санагача бир ойдан кам вақт ўтган тақдирда ҳар бир ходим учун хусусий тадбиркор томонидан қатъий белгиланган солиқни ва суғурта бадалларини қўшимча равишда ҳисоблаш уни давлат рўйхатидан ўтказиш санасидан бошлаб ходимларни давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўймасдан уларни ёллаш ҳолатлари аниқланган санагача бўлган давр учун амалга оширилади.

Хусусий тадбиркор билан меҳнат шартномалари тузмасдан фаолиятни амалга ошираётган ходимлар аниқланган тақдирда, хусусий тадбиркор ходимлар сонини яширганлик учун назарда тутилган маъмурий жавобгарликка тортилади.

Бунда хусусий тадбиркор билан меҳнат шартномалари тузмасдан фаолиятни амалга ошираётган ходимларга давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик  фаолиятини амалга  ошираётган  жисмоний шахслар сифатида қаралади ва давлат солиқ хизмати органлари улардан қатъий белгиланган солиқни қонунчиликда белгиланган тартибда йиллик миқдорда ундирадилар.

Хусусий тадбиркорнинг ходимлари хатти-ҳаракатлари учун жавобгарлиги

Хусусий тадбиркорнинг ходими савдо ва хизматлар кўрсатиш қоидаларини бузган тақдирда унга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарлик чоралари татбиқ этилади, молиявий санкция эса ходимни ёллаган хусусий тадбиркорга нисбатан қўлланади.

15.03.2018