Хронометраж тайинланган бўлса нима чоралар кўриш керак?

хронометраж

Биринчи навбатда, албатта Нақд пул тушуми келиб тушишининг хронометражини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом билан танишиб чиқишни маслаҳат бераман.

 Хронометражнинг ўзи нима?

Бир кунда келиб тушган нақд пул тушумини, ҳақиқатда келиб тушган пулни аниқлаш йўли билан ҳисоблаб чиқиш (энг кўп муддат 3 кун). Яъни солиқ хизматининг ходими  сизнинг дўконингизда, ошхонангизда  ёки идорангизда ўтириб,  кассага  қанча пул келиб тушганини  ҳисоблаб чиқади.

 

Хронометраж нима учун ўтказилади?

Хронометражнинг  натижаларидан  тақдим этилган солиқ ҳисоботларининг ишончлилигини таҳлил этиш учун фойдаланилади.  Қонунчиликка биноан  хронометраж  натижалари солиқ тўловчини  жавобгарликка  тортишга  асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас.

Хронометраж натижалари юзасидан тузилган маълумотнома давлат солиқ хизмати органи раҳбари ёки раҳбар ўринбосарининг кўрсатмасига асосан Давлат солиқ инспекциясининг Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида нақд хорижий  валюта муомаласига йўл қўймаслик устидан  назорат қилиш ва қисқа муддатли текширишларни ташкил этиш  бўлимига  топширилади. Мана шундан кейин молия-хўжалик фаолиятини текшириш учун қисқа муддатли текшириш тайинланиши мумкин.

 Хронометражни  нега  тайинлайди?

Хронометражни ўтказишга, одатда қуйидагилар асос бўлиб хизмат қилади:

Пул тушумининг жиддий камайиб кетиши;

Бир-бирига ўхшаш корхоналарнинг ўртасида пул тушуми тафовутининг  кенгайиб кетиши;

Солиқ тўловчи томонидан пул тушумининг камайиши ҳолатини содир этишга сабаб бўлган  бошқа аломатлар.


Эътибор беринг!

Нақд пул тушуми келиб тушишининг хронометражини амалга ошириш жараёнида солиқ идораси ходими  текширув ўтказишга, солиқ тўловчидан бирон-бир маълумот  (ахборот ёки тушунтиришлар) талаб қилишга, солиқ тўловчига нисбатан талаблар тақдим этишга ёки унинг фаолиятига бошқача тарзда аралашишга ҳаққи йўқ, бундан фискал хотирали назорат-касса машинасида сақланаётган хронометраж ўтказилаётган вақтга доир маълумотларни олиш мустасно.


Хронометражни бошлагунга қадар  солиқ инспекцияси ходими  қандай ҳужжатларни тақдим этиши керак?

Нақд пул тушуми келиб тушишининг хронометражини ўтказиш тўғрисидаги буйруқда хронометраж ўтказиладиган солиқ тўловчи, хронометражни ўтказиш жойи ва муддати, хронометраж ўтказиладиган давр, хронометраж ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинишига сабаб бўлган тафовут, шунингдек давлат солиқ хизмати органининг хронометраж ўтказадиган мансабдор шахслари кўрсатилади.

Нақд пул тушуми келиб тушишининг хронометражини ўтказиш жараёнининг бошида солиқ хизмати ходими хизмат гувоҳномасини кўрсатиши, солиқ тўловчини хронометраж ўтказиш тўғрисидаги  қарор билан таништириши ва унга  қарорнинг нусхасини  тақдим этиши керак.

Хронометраж бўйича тадбирнинг ўзи қандай ўтади?

Давлат солиқ хизмати органи ходими хронометраж бошланган ва тугаган вақтда фискал хотирали назорат-касса машинасида сақланаётган хронометраж ўтказилаётган вақтга доир маълумотларни олади.

Давлат солиқ хизмати органи масъул ходими ўтказилаётган хронометраж тадбири жараёнида фискал хотирали назорат-касса машинаси билан жиҳозланганлигини кўздан кечиради, хронометраж ўтказилаётган солиқ тўловчида касса қолдиғи лимити белгиланганлиги ҳамда ушбу белгиланган касса қолдиғи лимитининг амалдаги ижроси таҳлил қилинади.

Кунлик тушумлар фискал хотирали назорат-касса машинаси ва ҳисоб-китоб терминалларидан тўлиқ фойдаланган ҳолда,   квитанциялар, чеклар ва бошқа унга тенглаштирилган ҳужжатларнинг тўлиқ берилишини кузатиш йўли билан амалга оширилади.

Хронометраж ўтказилаётганда солиқ хизмати органларига топширилган ҳисоботларда кўрсатилган чакана товар айланмасининг реал чакана товар айланмасига мос келиши таҳлил қилинади.

Иш куни якунида давлат солиқ хизмати органининг  ходими амалдаги кунлик нақд пул тушуми бўйича маълумотномани тайёрлайди ва унинг кўчирма нусхасини  солиқ тўловчига тақдим этади.

04.04.2018