Хронометраж кўздан кечириш қандай ўтади

хронометраж

Биз  хронометраж  кўздан кечириш тадбири тўғрисида илгари ҳам ёзган эдик. “Товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушумни хронометраж кўздан кечиришдан ўтказиш ҳамда камайтирилган тушум суммасидан солиқларни ҳисоблаб чиқиш тартиби тўғрисида”ги Низомга биноан уни ўтказишнинг янги тартиби  жорий қилинди.

Хронометраж кўздан кечириш нима

Хронометраж кўздан кечириш (кейинги ўринларда матнда – хронометраж) солиқ назоратининг шакли ҳисобланади. Кўздан кечириш  тушумларнинг ҳақиқий ҳажмларини, пул тушуми суммаларини, ишлаб чиқариш ҳажмларини, товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш ҳажмларини аниқлаш мақсадида амалга оширилади.

Эътибор беринг:

Хронометраж кўздан кечириш солиқ текшируви ҳисобланмайди;

Хронометраж кўздан кечиришни амалга ошириш жараёнида солиқ тўловчидан ҳисобга олиш ҳужжатларини талаб қилишга, солиқ тўловчига нисбатан талаблар қўйишга ёки солиқ тўловчининг фаолиятига бошқача тарзда аралашишга йўл қўйилмайди, бундан солиқ тўловчидан тушунтиришлар олиш, шунингдек назорат-касса машиналарида ва тўлов терминалларида сақланаётган хронометражни ўтказиш даврига доир маълумотларни олиш мустасно.

Хронометраж кўздан кечиришда  кимлар қатнашиши мумкин

Хронометраж кўздан кечириш иштирокчилари давлат солиқ хизмати (кейинги ўринларда матнда – ДСХ) органларининг  мансабдор шахслари, солиқ тўловчи  ва унинг вакиллари бўлиши мумкин. Хронометраж кўздан кечириш ўтказишга бошқа шахслар, жумладан экспертлар қўйилмайди.

Хронометраж кўздан кечириш натижалари

Хронометраж кўздан кечириш натижаларидан солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги маълумотлар базаларини шакллантириш ва юритиш, шу жумладан электрон шаклда шакллантириш ва юритиш, шунингдек тақдим этиладиган ҳисоботларнинг ва ҳисоблаб чиқарилган солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловларнинг суммалари ишончлилигини солиштириб кўриш учун фойдаланилади.

ДСХ органлари солиқ тўловчи фаолиятининг хусусиятлари ва мавсумий омилларни ҳисобга олган ҳолда солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган хронометраж кўздан кечириш ўтказилган даврга оид солиқ ҳисоботида акс эттирилган, товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушум тўғрисидаги маълумотларни товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан хронометраж жараёнида олинган тушум тўғрисидаги маълумотлар билан солиштиришни амалга оширади.

Хронометраж кўздан кечириш якуни бўйича расмийлаштирилган маълумотномалар асосида солиқ тўловчи томонидан хронометраж кўздан кечириш даври учун солиқ ҳисоботи тақдим этилгандан сўнг  камерал назорат ўтказилади.

Хронометраж кўздан кечириш ўтказилган даврга оид тақдим этилган солиқ ҳисоботларида аниқланган тафовутлар бўйича қуйидаги тартибда солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ҳисоблаб чиқилади:

YST = (XNT × IK) × SS – ягона солиқ тўлови;

QQS = (XNT × IK) – РҲ× SS – қўшилган қиймат солиғи;

FS = ((XNT × IK) × RD) РҲ× SS – юридик шахсларнинг фойда солиғи;

AS = (XNT × IK) РҲ × SS – акциз солиғи;         

NS = (XNT × IK) РҲ× SS – ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ.

           

Бунда:

XNT – хронометраж кўздан кечириш якуни билан аниқланган ўртача кунлик тушум;

IK – хронометраж кўздан кечириш даврида аниқланган ҳисобот даври учун иш кунлари сони;

РҲ — солиқ тўловчи ҳисоботида акс этган (иш, хизматлар) реализацияси.

SS – солиқ ставкаси;

RD – рентабеллик даражаси (олдинги ҳисобот даврида).

Хронометраж кўздан кечириш ўтказилган даврга оид тақдим этилган солиқ ҳисоботида товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушумнинг камайтирилганлиги аломатлари аниқланса, давлат солиқ хизмати органлари Солиқ кодексининг 70-моддасида кўрсатилган тартибда солиқ тўловчига талабнома юборади.

Солиқ тўловчида товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушумнинг камайтирилганлиги такроран аниқланган тақдирда, бу ҳаракатлар солиқларни тўлашдан бўйин товлаганлик сифатида таснифланади ва қонунда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилади.

Нега хронометраж кўздан кечириш тайинланади

Солиқ тўловчи тақдим этган ахборотларга туғилган  шубҳа хронометраж ўтказишга асос бўлади.

Хронометраж кўздан кечириш ўтказиладиган солиқ тўловчилар рўйхати қуйидаги мезонлар асосида шакллантирилади:

товарлар (ишлар, хизматлар) реализациясидан тушган тушумларни ҳамда ишлаб чиқариш ҳажмларини камайтириб кўрсатилишига оид шубҳали маълумотлар;

вазирлик ва идоралар томонидан тақдим этилган (ташқи манба) маълумотлар таҳлилига кўра;

бир ҳудудда (кўчада, бозор ва савдо комплексларида, маҳаллада ёнма-ён) жойлашган, фаолият тури, реализация ҳажми бир-бирига ўхшаш бўлган бир нечта субъектларнинг кунлик ўртача тушумларига нисбатан кескин фарқ қиладиган тафовутли маълумотлар;

товарлар (ишлар, хизматлар) реализацияси бўйича нақд пул ва тўлов терминали орқали тушган кунлик тушумлар ўртасида мавжуд юқори тафовутлар тўғрисидаги маълумотлар;

товарлар (ишлар, хизматлар) реализациясидан тушган тушумлари ўтган даврларга нисбатан асоссиз равишда камайиб кетганлиги ва савдо тушумларини тўлиқ банк кассаларига топширмаётганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

солиқ тўловчи фаолияти, иш режими ва мавсумий омилларни ҳисобга олган ҳолда иш куни давомида онлайн назорат касса машиналаридан камида 2-3 соат оралиғида чек урилмаганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

хронометраж кўздан кечириш ўтказилгандан кейинги даврларда товарлар (ишлар, хизматлар) реализациясидан тушган тушумларнинг хронометраж кўздан кечириш давомида аниқланган тушумларга нисбатан 50 фоиздан юқори камайиб кетганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

электрон ҳисобварақ-фактуралари орқали кирим қилинган товарлар ҳажмига нисбатан ўртача ойлик тушумларининг фарқ қилиши тўғрисидаги маълумотлар.

Хронометраж кўздан кечириш жараёни  қандай ўтади

Хронометраж кўздан кечириш бевосита товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш жойида, маҳсулот ишлаб чиқариш цехларида, шунингдек ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш жойларида ҳамда солиқ тўловчи даромадлар олиш учун фойдаланаётган ёхуд солиқ солиш объектларини сақлаш билан боғлиқ бошқа жойларда ДСХ органларининг мансабдор шахслари томонидан кузатиш ва қайд этиш орқали ўтказилади.

Хронометраж кўздан кечиришни ўтказиш муддати кетма-кетликда етти календарь кундан ортиқ бўлмаган ҳолда, солиқ тўловчининг белгиланган иш режими ва фаолият туридан келиб чиқиб ўтказилади. Хронометраж кўздан кечиришни ўтказиш муддати дам олиш кунларига тўғри келган тақдирда, дам олиш кунлари ҳисобига ўтказиб юборилган муддат кейинги иш кунидан бошлаб ҳисобланади.

Бунда, хронометраж кўздан кечириш солиқ тўловчининг кунлик иш вақтини тўлиқ қамраб олган ҳолда, жойлашган жойидан қатъий назар барча объектларида бир вақтнинг ўзида ўтказилади.

ДСХ хронометраж бошланишидан уч кун илгари ёзма хабарнома  жўнатади.

Хронометраж кўздан кечириш солиқ тўловчи ва унинг ходимларига халақит бермаган ҳолда қуйидаги жойларда ўтказилади:

чакана ва улгуржи савдо соҳасида бевосита товарлар реализацияси учун мўлжалланган ҳамда мижоз билан ҳисоб-китоб қилиш жойларида (касса ёнида);

умумий овқатланиш соҳасида бевосита таом тайёрланадиган, мижозларга таом тарқатиладиган ва мижоз билан ҳисоб-китоб қилинадиган жойларида;

хизмат кўрсатиш соҳасида бевосита хизматлар кўрсатиш ва мижоз билан ҳисоб-китоб қилиш жойларида;

ишлаб чиқариш соҳасида бевосита маҳсулот ишлаб чиқариш цехларида ва маҳсулотларни тарқатиш омборхоналарида ҳамда мижоз билан ҳисоб-китоб қилиш жойларида;

бошқа соҳаларда солиқ тўловчининг даромадлар олиш учун фойдаланаётган ёхуд солиқ солиш объектларини сақлаш билан боғлиқ жойларда ўтказилади.

Хронометраж кўздан кечириш қуйидаги тартибда ўтказилади:

а) чакана савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш соҳасида:

солиқ тўловчининг кассасидаги мавжуд нақд пул қолдиғини назорат-касса машинасининг “Х” ҳисоботи билан солиштириш ва ижобий фарқ суммасини назорат-касса машинасининг хотирасига киритилишини таъминлаш;

реализация қилинган товарлар ва хизматларнинг ҳақиқий ҳажмини аниқлаш ҳамда кунлик пул маблағлари тушумини кузатиш ва қайд этиш;

хронометраж кўздан кечириш якунида назорат-касса машинасидан «Z» ҳисобот олишдан олдин ҳар бир мижоз бўйича кун давомида берилган чеклар тарихи нусхаларини чиқариш ва маълумотномага илова қилиш;

хронометраж кўздан кечириш якунида кассадаги мавжуд кунлик пул тушуми билан қайд этиш варақасидаги тушумлар миқдори ўртасидаги ижобий фарқ суммасини назорат-касса машинасининг хотирасига киритиш.

б) ишлаб чиқариш соҳасида:

ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг таннархи ва сотиш нархига, ҳажмига, омборхоналаридаги тайёр маҳсулотлар миқдорига аниқлик киритиш;

ишлаб чиқариш қувватлари учун сарфланаётган табиий ресурсларини (газ, электр энергияси, сув, ёқилғи-мойлаш материаллари) ҳажмини ўлчов асбоблари орқали қайд этиш;

ишлаб чиқариш учун сарфланаётган товар хом-ашёлар ҳажмини қайд этиш;

ишлаб чиқариш ускуналарининг сонини ва уларни қувватларини аниқлаш;

ишчилар сони ва уларнинг рўйхатини шакллантириш;

ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тури ва миқдорини аниқлаш;

ишлаб чиқарилган маҳсулотларни реализация қилиш усулларини аниқлаш ва жараёнини қайд этиш.

24.04.2019