Хорижий интернет комнаниялари учун ҚҚС

интернет компаний

2020 йилдан жисмоний шахсларга электрон шаклда хизмат кўрсатишдан даромад олаётган хорижий интернет компаниялари (кейинги  ўринларда ХИК) ҳисобот топширишлари ва ҚҚС тўлашлари  шарт.

ХИК солиқни ҳисоблаб чиқиши, ҳисобот тақдим этиши ва  тўловни мустақил амалга ошириши  шарт. Агар улар воситачи  орқали ишлаётган бўлсалар, воситачи солиқ агенти сифатида эътироф этилади ва вазифа унинг зиммасига  ўтади.

Солиқ тўловчи сифатида ҳисобга туриш учун ХИК ариза бериши керак, буни 30 календар куни мобайнида tax.uz сайти орқали амалга ошириши ҳам мумкин.

Ҳисобот бериш

Солиқ даври бир чорак ҳисобланади.

Солиқ базаси ҳар бир чорак бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўлов (қисман тўлов) келиб тушган вақтдан келиб чиққан ҳолда аниқланади. Солиқ базаси электрон шаклда кўрсатиладиган хизматларнинг чет эл валютасида ифодаланган қиймати Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг кўрсатилган хизматлар тўлови (қисман тўлови) келиб тушган ойнинг охирги кунида белгиланган курси бўйича миллий валютада қайта ҳисобланади.

ХИК солиқ органига солиқ ҳисоботини солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали, белгиланган формат бўйича электрон шаклда тақдим этади.

Солиқ ҳисоботлари, ҳужжатлар (ахборот) ва бошқа маълумотлар ўтган чоракдан кейинги ойнинг йигирманчи кунидан кечиктирмай тақдим этилади.

Чет эл юридик шахслари томонидан солиқни тўлаш солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатидан кечиктирмай амалга оширилади

 Бухгалтерия ҳисоб-китобини олиб бориш

Солиқ кодексининг 47 моддасига биноан электрон шаклда муайян хизматни амалга ошираётганлиги учун ҳисобга туриши лозим бўлган чет эл юридик шахслари ҳисобварақ-фактураларни тақдим этмайди, сотиб олиш реестрларини, сотиш реестрларини, ҳисобга олиш журналларини ҳамда электрон шаклда хизмат кўрсатиш қисми бўйича қабул қилинган ва берилган ҳисобварақ-фактураларни юритмайди.

Хизматларнинг  қайси турлари  “электрон шаклдаги хизматлар”  қаторига киради

Электрон шаклдаги хизматлар  қаторига бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғидан автоматик  усулда  фойдаланиш орқали   ахборот  технологияларидан кўрсатилган хизматлар киради. Бундай хизматларга, жумладан қуйидагилар  киради:

1) дастурий таъминотдан (шу жумладан Интернет тармоғи орқали етказиб бериладиган ўйинлардан), шунингдек маълумотлар базаларидан, уларга киритиладиган янги маълумотлардан ва қўшимча функционал имкониятлардан Интернет тармоғи орқали, шу жумладан улардан масофадан туриб фойдаланиш имконини бериш йўли билан фойдаланишга бўлган ҳуқуқларни тақдим этиш;

2) электрон китоблардан (нашрлардан) ва бошқа электрон нашрлардан, ахборот, таълимга оид материаллардан, график тасвирлардан, матнли ёки матнсиз мусиқа асарларидан, аудиовизуал асарлардан фойдаланиш ҳуқуқини Интернет тармоғи орқали, шу жумладан Интернет тармоғи орқали кўриб чиқиш ёки эшитиш учун улардан масофадан туриб фойдаланиш имконини бериш йўли билан тақдим этиш;

3) Интернет тармоғида, шу жумладан электрон ҳисоблаш машиналари учун дастурлардан ва Интернет тармоғида ишлаб турган маълумотлар базаларидан фойдаланган ҳолда рекламага оид хизматлар кўрсатиш, шунингдек Интернет тармоғида реклама учун рекламага оид майдон (жой) ва вақт бериш;

4) Интернет тармоғида товарларни (хизматларни) ва мулкий ҳуқуқларни олиш (реализация қилиш) тўғрисида таклифлар жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатиш;

5) Интернет тармоғи орқали сотувчилар ва харидорлар ўртасида алоқалар ўрнатиш ва битимлар тузиш учун ахборот технологиялари ва тизимларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган техник, ташкилий, ахборот имкониятларини ҳамда бошқа имкониятларни бериш бўйича хизматлар кўрсатиш. Бундай хизматлар жумласига, хусусан, Интернет тармоғида реал вақт режимида ишлайдиган савдо майдончасини бериш киради, бу майдонда потенциал харидорлар автоматлаштирилган тартиб-таомил воситасида ўз нархини таклиф этади ҳамда тарафлар автоматик тарзда яратиладиган хабар орқали сотув тўғрисида хабардор қилинади;

6) ўз мақсадлари учун ёки иқтисодий фаолиятни амалга ошириш мақсадида Интернет тармоғида ҳозир бўлишни таъминлаш ва (ёки) сақлаб туриш, фойдаланувчиларнинг электрон ресурсларини (сайтларини ва (ёки) Интернет тармоғидаги сайтлари саҳифаларини) сақлаб туриш, улардан Интернет тармоғидан бошқа фойдаланувчиларнинг фойдаланишини таъминлаш, фойдаланувчиларга уларни модификациялаш имконини тақдим этиш;

7) дастурнинг масофадан ва онлайн режимида ишлашини автоматик тарзда сақлаб туриш, Интернет тармоғида ахборот тизимларини, сайтларни ва (ёки) саҳифаларни бошқариш бўйича хизматлар кўрсатиш;

8) башарти ахборотни тақдим этган шахс ундан Интернет тармоғи орқали фойдаланиш имконига эга бўлса, ушбу ахборотни сақлаш ва унга ишлов бериш;

9) ахборот тизимида ахборотни жойлаштириш учун реал вақт режимида ҳисоблаш қувватини тақдим этиш;

10) домен номлар бериш, хостинг хизматларини кўрсатиш;

11) Интернет тармоғи орқали харидор томонидан маълумотлар киритилаётганда автоматик усулда юзага келадиган ахборотни етказиб бериш, маълумотларни қидириш, сўровларга кўра уларни саралаш ва ажратиш, ахборот-коммуникация тармоқлари орқали мазкур маълумотларни фойдаланувчиларга тақдим этиш бўйича автоматлаштирилган хизматлар кўрсатиш. Бундай етказиб беришлар жумласига, хусусан, фонд биржасининг реал вақт режимидаги маълумотлари, матнларнинг автоматлаштирилган таржимасини реал вақт режимида амалга ошириш киради;

12) потенциал харидорлар тўғрисидаги ахборотни қидириш ва (ёки) буюртмачига тақдим этиш бўйича хизматлар кўрсатиш;

13) Интернет тармоғидаги қидирув тизимларидан фойдаланиш имконини бериш;

14) Интернет тармоғидаги сайтларда статистикани юритиш.

Электрон шаклдаги хизматлар жумласига қуйидагилар кирмайди:

1) агар Интернет тармоғи орқали буюртма берилганда товарлар етказиб бериш (хизматлар кўрсатиш) аслида Интернет тармоғидан фойдаланмаган ҳолда амалга ошириладиган бўлса, товарларни (хизматларни) реализация қилиш;

2) электрон ҳисоблаш машиналари (шу жумладан компьютер ўйинлари) учун дастурларни ва моддий жисмлардаги маълумотлар базаларини реализация қилиш (улардан фойдаланиш ҳуқуқларини тақдим этиш);

3) электрон почта орқали маслаҳат хизматлари кўрсатиш;

4) Интернет тармоғидан фойдаланиш имконини бериш бўйича хизматлар кўрсатиш.

Реализация қилиш жойи

Агар қуйида келтириб ўтилган шартларнинг ҳеч бўлмаганда  бирортаси бажарилганда Ўзбекистон Республикаси жисмоний шахс томонидан кўрсатилган  электрон шаклдаги хизмат жойи сифатида  эътироф этилади:

а) Ўзбекистон Республикаси сотиб олувчининг яшаш жойи бўлганида;

б) сотиб олувчи томонидан  хизматга  пул  тўлаш учун   ҳисобварақ  очилган  банк ёки у орқали харидор хизмат ҳақини берадиган тўлов тизими оператори Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлса;

в) хизматни сотиб олиш чоғида харидорнинг фойдаланилган  тармоқ манзили  Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган бўлса;

г) хизматни сотиб олиш ёки унга тўлов ўтказишда фойдаланилган телефон  рақамининг мамлакат халқаро коди Ўзбекистон Республикасига мансуб бўлса.

27.02.2020