Хорижий давлатларнинг юқори малакали мутахассисларини ишга жойлаштириш борасидаги имтиёзлар

иностранные граждане

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатларнинг малакали мутахассислари томонидан меҳнат фаолиятини амалга ошириши учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига  асосан ҳужжатларни расмийлаштиришнинг алоҳида  тартиблари жорий этилмоқда.

Кимлар юқори малакали ва малакади чет эл мутахассиси ҳисобланади 

а) юқори малакали мутахассислар деб қуйидаги чет эл фуқаролари тан олинади:

рўйхати Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг қўшма қарори билан тасдиқланадиган халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг рейтингида олий таълим муассасалари орасида биринчи 1 000 ўринни эгаллайдиган олий таълим муассасаларини битирган;

эътироф этилган мутахассислик ёки дипломдаги мутахассислик бўйича 5 йилдан кам бўлмаган иш тажрибасига эга бўлган;

Ўзбекистон Республикасида меҳнат фаолиятига жалб қилиш шартлари йилига 60 минг АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган суммада иш ҳақи (мукофот) олишни назарда тутувчилар.

 б) малакали мутахассислар деб қуйидаги чет эл фуқаролари тан олинади:

олий маълумотга эга бўлган;

эътироф этилган мутахассислик ёки дипломдаги мутахассислик бўйича 5 йилдан кам бўлмаган иш тажрибасига эга бўлган;

Ўзбекистон Республикасида меҳнат фаолиятига жалб қилиш шартлари йилига 30 минг АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган суммада иш ҳақи (мукофот) олишни назарда тутувчилар.

 

Ҳужжатларни  расмийлаштиришнинг алоҳида тартиблари

Юқори малакали ва малакали мутахассислар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўриндошлик асосида ишлаш учун тасдиқнома олмасдан ўриндошлик асосида ишлаш ҳуқуқига эгадирлар;

Юқори малакали ва малакали мутахассисларга кўп маротабали меҳнат визаси меҳнат ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартномаси амал қиладиган, бироқ 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга берилади;

Ююқори малакали ва малакали мутахассисларга берилган меҳнат визаларининг амал қилиш муддатини узайтириш уларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиқиш заруриятисиз меҳнат ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартномаси амал қиладиган, бироқ ҳар бир ҳолатда 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга берилади;

Юқори малакали мутахассисларга ва уларнинг оила аъзоларига хоҳишига кўра меҳнат еки фуқаролик-ҳуқуқи шартномаси амал қиладиган муддатга яшаш гувоҳномаси расмийлаштирилади;

Иш берувчи билан шартнома муддатидан олдин бекор қилинганда юқори малакали ва малакали мутахассислар 30 иш куни ичида бошқа иш берувчини қидириш ҳуқуқига эгадирлар, бу муддат давомида уларга берилган тасдиқномалар, визалар ва яшаш гувоҳномалари ўз кучини сақлаб қолади.

2018 йил 1 декабрдан бошлаб инвестиция киритиш вақтида Ўзбекистан Республикасида ўрнатилган энг кам ойлик иш ҳақининг 8 500 бараваридан кам бўлмаган миқдорда хўжалик жамиятларининг акциялари ва улушларини сотиб олиш, шунингдек, хорижий корхона ташкил этиш шаклида Ўзбекистан Республикасига инвестиция киритган чет эл фуқаролари ҳеч қандай рухсат берувчи тартиб-таомилларни ўтмаган ҳолда мазкур ташкилотнинг исталган лавозимида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга;

Рўйхати Ўзбекистан Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг қўшма қарори билан ҳар йили тасдиқланадиган халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг рейтингида олий таълим муассасалари орасида биринчи 1 000 ўринни эгаллаган олий таълим муассасалари битирувчиларининг таълим тўгрисидаги ҳужжатларини нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тўғридан-тўғри (махсус синовларсиз) амалга оширилади.

Имтиёз ва  преференциялар

2018 йил 1 декабрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномаларни (кейинги ўринларда – тасдиқнома деб юритилади) олиш (бериш) бўйича ягона тартиб-таомилни сақлаган ҳолда юқори малакали ва малакали чет эллик мутахассисларга нисбатан хорижий ишчи кучини жалб қилишга рухсатномаларни олиш (узайтириш) зарурияти ҳақидаги талаб бекор қилинади;

2018 йил 1 декабрдан бошлаб юқори малакали чет эллик мутахассисларга тасдиқномаларни расмийлаштириш ва бериш (узайтириш) учун энг кам ойлик иш ҳақининг 1 баравари микдорида, малакали чет эллик мутахассисларга – энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдорида тўлов ундирилади;

2018 йил 1 декабрдан бошлаб юқори малакали ва малакали чет эллик мутахассисларга берилган тасдиқномаларнинг амал қилиш муддати ариза берувчининг истагига кўра улар берилган кундан бошлаб чексиз миқдорда, бироқ ҳар бир ҳолатда 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатгача узайтириш имконияти билан 3 йилгача бўлган муддатни ташкил қилади.

2019 йил 1 январдан бошлаб юқори малакали мутахассислардан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида ундирилади. Ходимнинг айбли ҳаракатлари натижасида меҳнат ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартномаси муддатидан олдин бекор қилинган тақдирда, мазкур кичик бандга мувофиқ қўлланилган солиқ имтиёзига асосан тўланмаган солиқ суммаси Ўзбекистан Республикаси Давлат бюджетига ходимдан ундирилади.

24.12.2018