Хайрия ишлари ва солиқ имтиёзлари

пандемия

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича  қўшимча  чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони асосида тадбиркорларга янги  имтиёз ва и преференциялар берилди.

Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида асосий даромад манбаларини йўқотган шахсларни, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ва тадбиркорлик субъектларини қўшимча қўллаб-қувватлашни таъминлаш мақсадида:

2020 йил 1 апрелдан 2020 йил 1 октябрга қадар Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фондига, “Саховат ва кўмак” фондига, “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига, шу жумладан, уларнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлардаги бўлинмаларига, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан шакллантириладиган ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган жисмоний шахслар рўйхатига киритилган жисмоний шахсларга беғараз бериладиган:

пул маблағлари ва товарлар (хизматлар)га фойда солиғини ҳисоблашда чегириладиган харажатлар сифатида қаралади. Яъни пул ва товар кўринишидаги  ёрдам суммаси солиқ ва даромад бўйича солиқлар базасини камайтиради. Одатдаги  ҳолда эса  хайрия  суммаси ҳисобга олинмайдиган харажат ҳисобланади, яъни солиқ базасини камайтиришга сабаб бўлмайди.

товарлар (хизматлар) қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ солиш объектига киритилмайди. Яъни хайрияга берилган товарларга  қўшимча қиймат солиғи ҳисобланмайди, шунингдек берилган товарлар  суммасидан айланма  солиғи олинмайди.   Одатдаги ҳолатда, хайрияга берилган товарларнинг ҳаммасига ҚҚС (умумий жорий этилган тизим бўйича туловчилар  учун)  ва айланма солиғи (соддалаштирлган тизим  бўйича  тўловчилар учун) ҳисобланади.

2020 йил 1 апрелдан 2020 йил 1 октябрга қадар Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фондидан, “Саховат ва кўмак” фондидан, “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондидан, юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган беғараз ёрдам (пул маблағлари, товарлар ва хизматлар)га, агар ёрдам олувчи шахслар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан шакллантириладиган ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган жисмоний шахслар рўйхатига киритилган бўлса, жисмоний шахсларнинг даромади сифатида қаралмайди;

2020 йил 1 апрелдан 2020 йил 1 октябрга қадар жисмоний шахсларга турар жойларини жисмоний шахсларга ва коронавирус пандемияси даврида фаолияти тўхтаган тадбиркорлик субъектларига нотурар жойларни ижарага беришдан олинган жисмоний шахслардан олинадиган даромадлар бўйича солиқни фоизсиз кечиктириб тўлаш ҳуқуқи берилади. Бунда, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш бўйича берилган кечиктириш суммаси 2021 йил 1 апрелга қадар муддатгача тенг улушларда тўланиши лозим;

2020 йил 1 апрелдан 2020 йил 1 октябрга қадар лизинг корхоналари томонидан ҳисобланган ва кечиктирилган лизинг бўйича фоиз даромадлари суммаси фойда солиғини ҳисоблашда кечиктириш берилган даврдаги жами даромад таркибига киритилмайди;

2020 йил 1 апрелдан 2020 йил 1 октябрга қадар тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатларини Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш Давлат жамғармаси томонидан компенсация қилиш тартиби тадбиркорлик субъектларининг амалдаги кредит шартномаларига ҳам татбиқ қилинади.

2020 йилдан ходимга тўланадиган, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилмайдиган моддий ёрдам суммаси меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 4,22 бараваридан 7,5-бараваригача оширилади. 2020 йилнинг апрелида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори — ойига 679 330 сўмни ташкил этади.

Ўзбекистон  республикаси  Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978 сонли “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  Фармонининг 6 пунктига  асосан   Солиқларни     соддалаштирилган  ҳолда фоизсиз кечиктириб  (бўлиб-бўлиб тўлаш) ҳуқуқи 2020 йилнинг 31  декабригача  узайтирилди.

11.05.2020