Валюталарни тартибга солиш 2019

валюта

2019 йилнинг 22 октябридан “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Қонун янгиланди. Маслаҳат берилаётган  пайтда кўпинча бизга валютани тартибга солиш тўғрисида саволлар берадилар. Шу боис  мазкур мавзуда “савол-жавоб” шаклида материал тайёрлашга қарор қилдик.

Мамлакат ичкарисида валютада ҳисоб-китоб қилиш мумкинми?

Қонуннинг  9 моддасига биноан,  мумкин эмас:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарлар (ишлар, хизматлар) учун барча ҳисоб-китоблар ва тўловлар Ўзбекистон Республикаси валютасида амалга оширилади, бундан ушбу Қонунда назарда тутилган қуйидаги ҳоллар мустасно:

пошлинасиз савдо дўконларидаги, шунингдек халқаро йўналишларда  қатнайдиган  транспорт воситаларида йўловчиларга товарлар сотиш ва хизмат  кўрсатиш билан боғлиқ ҳисоб-китоб операциялари;

жисмоний шахсларнинг Ўзбекистон Республикасидан ташқарига қилган  хизмат сафарлари, шунингдек   хизмат  сафарлари муносабати билан  берилган ва харажат қилинмаган бўнак билан боғлиқ харажатларни тўлаш ва қоплаш операциялари;

мерос  ҳуқуқи бўйича олинадиган валюта  қимматликларини олиш билан боғлиқ операциялар.

Баҳони чет эл валютасига бағлаш, лекин тўловни  миллий валютада қабул қилиш мумкинми?

Қонуннинг  9 моддасига биноан , мумкин эмас.

Товарлар (ишлар, хизматлар) нархлар, жумладан   миллий электрон  савдо  майдонларида мутлақо миллий валютада  шаклланади   ва чет эл валюталарига ҳамда  шартли бирликларга боғланишига йўл қўйилмайди.

Жисмоний шахслар валютага эга бўлишлари ва  уни сақлашлари мумкинми?

Қонуннинг  10 моддасига биноан,  мумкин:

резидент жисмоний шахслар ўз мулкида Ўзбекистон Республикасига олиб кирилган, ўтказилган ёки жўнатилган, Ўзбекистон Республикасида олинган ёки сотиб олинган валюта қимматликларига эга бўлиш ва улардан ўз ихтиёрига кўра фойдаланиш ҳуқуқига эга;

Жисмоний шахслар қанча чет эл валютаси олиб киришлари мумкин?

Қонуннинг  22 моддасига биноан:

Жисмоний шахслар томонидан чет эл нақд валютасини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш чекловларсиз амалга оширилади.

Жисмоний шахслар қанча чет эл валютаси олиб чиқишлари  мумкин?

Қонуннинг  22 моддасига биноан:

Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасининг нақд валютасини ва чет эл нақд валютасини Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқиш юз миллион сўм эквивалентдан ортиқ бўлмаган суммада амалга оширилади.

Норезидент  юридик шахслар Ўзбекистон Республикасида валюта ҳисобварақларини  очишлари мумкинми?

Қонуннинг  13 моддасига биноан,  мумкин:

Норезидентларнинг ҳисобварақлари Норезидентлар Ўзбекистон Республикаси банкларида чет эл валютасида ва Ўзбекистон Республикаси валютасида банк ҳисобварақларини очишга ва улардан фойдаланишга ҳақли.

Фаолиятни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга ошириш норезидент юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида банк ҳисобварақларини очиши ва улардан фойдаланиши учун мажбурий талабдир.

Чет эл инвестори келгусида ўз пулларини олиб қайтиб кетиши, валютадаги  дивидендларини эркин олишлари мумкинми?

Қонуннинг  16 моддасига биноан,  мумкин:

Ўзбекистон Республикасига тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини жалб этиш ва уларни репатриация қилиш, шунингдек тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини амалга ошириш муносабати билан олинган ҳуқуқлардан фойдаланиш чекловларсиз амалга оширилади.   

Эътибор беринг

Валюта операцияларини ўтказишга доир   чекловлар

Марказий банк валюта операцияларини ўтказишга нисбатан қуйидаги мақсадларда чекловлар киритиши мумкин:

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш мақсадида;

тўлов балансининг барқарорлигига таҳдид мавжуд бўлган ҳолларда Халқаро валюта жамғармаси битимининг Моддалари доирасидаги мажбуриятларга риоя қилган ҳолда чекловлар жорий этиши мумкин;

иқтисодий хавфсизликка таҳдид юзага келганда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Марказий банк билан келишган ҳолда валюта операцияларини ўтказишга доир чекловлар жорий этиши мумкин.

Чекловларнинг амал қилиш муддати улар жорий қилинган пайтдан эътиборан бир йилдан ошиши мумкин эмас. Чекловлар белгиланган муддат ўтгач, бекор қилинган деб ҳисобланади. Чекловларнинг амал қилиши муддатидан аввал тўлиқ ёки қисман бекор қилиниши мумкин.

04.11.2019