Туризм соҳасидаги компаниялар учун имтиёзлар

туризм

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ туризм соҳасидаги ташкилотларга  қуйидаги имтиёзлар берилди:

Солиқ имтиёзлари

Асосий фаолият тури тематик хиёбонлар хизматларини ташкил қилишдан иборат бўлган юридик шахслар улар томонидан тематик хиёбонлар фойдаланишга топширилган кундан эътиборан 3 йил муддатга – юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, ер солиғи ва мол-мулк солиғи, шунингдек, ягона солиқ тўловини тўлашдан озод этиладилар;

2018 йилнинг 1 январидан эътиборан туризм маҳсулотларини сотиш ва/ёки туризм хизматларини онлайн брон (банд) қилиш бўйича хизмат кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектларнинг солиққа солинадиган базаси электрон хизматларни, жумладан, электрон тўловлар, брон (банд) қилиш, эквайринг ва бошқа хизматларни, шунингдек, туризм хизматларининг замонавий турларини таклиф қилувчи ихтисослаштирилган интернет-сайтлар ва порталларни йўлга қўйишга йўналтирилган харажатлар миқдорига камайтирилди;

Ўз ҳудудида Интернет тармоғига симсиз бепул уланиш ҳудудларини (Wi-Fi) ўрнатган хўжалик юритувчи субъектларнинг солиқ солинадиган базаси, шу жумладан ягона солиқ тўлови бўйича базаси тегишли сифатдаги симсиз уланиш ҳудудини кенгайтириш учун асбоб-ускуналарни харид қилиш ва интернет-трафикни сотиб олишга йўналтирилган харажатлар миқдорига камайтирилади. Солиқ солинадиган базани камайтириш, шунингдек ягона солиқ тўловчи учун ҳам белгиланган.

Божхона имтиёзлари

Тематик хиёбонлар, меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситаларини 2022 йилнинг 1 январига қадар – белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатларга кўра тематик хиёбонлар, меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситаларини қуриш, қайта таъмирлаш ва жиҳозлаш учун Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуналар, техника, хом ашё, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, қурилиш ва бошқа материалларни олиб кириш учун божхона тўловларини тўлашдан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод этиладилар;

Туризм соҳасидаги тадбиркорлик фаолияти субъектлари 2022 йил 1 январга қадар – Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилаётган қуйидаги восита ва омиллар  учун солиқ тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод қилинадилар: 

ҳайдовчи билан биргаликда 8 ва ундан ортиқ кишини ташишга мўлжалланган туризм тоифасига оид транспорт воситалари;

дор (осма) йўлларни, тоғ-чанғи кўтаргичлар, фуникулёрлар ва бошқа ўхшаш объектлар ва иншоотларни қуриш, қайта таъмирлаш ва жиҳозлаш учун асбоб-ускуналар, механизмлар ва эҳтиёт қисмлар, шунингдек, аэростатлар (ҳаво шарлари), мотор қайиқ ва квадроцикллар учун белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича.

Қорақалпоғистон Республикасида рўйхатга олиниб, лицензияга эга бўлган туризм операторларига экстремал турларни ташкил қилиш учун двигатель ҳажми 2,4 л. дан кам бўлмаган юқори ўтиш қобилиятига эга бўлган олиб кирилаётган транспорт воситаларига автотранспорт воситаларини рўйхатга олиш бўйича алоҳида давлат рақами сериясини татбиқ этган ҳолда ва улардан фақатгина Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фойдаланиш шарти билан 5 йил муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш орқали амалдаги ставканинг 25 фоизи миқдорида бож тўловларини тўлашга рухсат этилди.

Имтиёзли кредитлар

Ташкилотларга  биргаликда  олинадиган кредитлар учун ҳам имтиёзли кредитлар тақдим этилади, яъни лойиҳага ташкилот ҳам бир қисм маблағ киритади.

Кредитлаш шартлари:

Кредит муддати 15 йилни ташкил этади, имтиёзли давр  – 5 йил.

Кредитлар  меҳмонхоналар ва йўл, муҳандислик ва коммуникация инфратузилмаларига тааллуқли   чет эл жиҳозлари ва технологиялар олишга тақдим этилади.

Мақсадли кредит линиясининг маблағлари ҳисобига битта мижоз учун ажратиладиган кредит ҳажми лойиҳа қийматининг 50 фоизидан ошмаслиги лозим;
Бу ҳолда, бир қарз олувчига бериладиган кредит миқдори битта инвестиция лойиҳаси учун 10 миллион АҚШ долларидан ошмаслиги лозим.

Кредитлар ваколатли тижорат банкларининг инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг иқтисодий ва молиявий мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги ижобий қарорлари асосида берилади.

06.05.2018