Туризм соҳасидаги муассасалар учун  имтиёз ва преференциялар

туризм

Ўзбекистон Республикаси Президентининг  “Ўзбекистон Республикасида  туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  Фармонига биноан туризм соҳасидаги ташкилотларга   имтиёзлар ва преференциялар берилди.

Солиқ ва божхона имтиёзлари

 2023 йил 1 январьга  қадар:

етиб бориш қийин бўлган ва чекка жойларда (аҳоли яшаш пунктларидан камида 10 километр ёки қаттиқ қопламали автомобиль йўлларидан 5 километр узоқликда) кемпинглар ва “сафари” туризмини ташкил этиш бўйича туризм хизматларини кўрсатадиган юридик шахслар алоҳида автоном инфратузилмани яратган тақдирда мазкур фаолият тури бўйича юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, ер солиғи ва мол-мулк солиғи, шунингдек, ягона солиқ тўлови тўлашдан;

юридик шахслар, уларнинг лойиҳа ташкилотлари, бош пудратчи ва субпудратчи ташкилотлари жаҳон стандартларига мос ва зарур маданий кўнгилочар инфратузилмаларига эга гольф мажмуаларини барпо этиш лойиҳасини амалга ошириш доирасида:

фойда солиғи, ер солиғи ва мол-мулк солиғидан;

лойиҳани амалга ошириш учун жалб этиладиган хорижий мутахассисларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш фонди қисми бўйича ягона ижтимоий тўловдан;

лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўлган товарларни, шу жумладан, “вақтинча олиб кириш” божхона режимида олиб киришда божхона божи ва акциз солиғидан;

2023 йил 1 январга  қадар:

намунавий лойиҳалар бўйича замонавий санитария-гигиена шохобчаларини қуриш ва (ёки) уларнинг фаолиятини ташкил этишни амалга оширувчи юридик шахслар мазкур фаолият тури бўйича юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, ер солиғи ва мол-мулк солиғи, шунингдек, ягона солиқ тўловини тўлашдан;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган дор (осма) йўлларини, “банжи-жампинг” ва “зиплайн” аттракционларини, бошқариладиган (дирижабль, ҳаво шари) ва бошқарилмайдиган (эркин учиш) аэростатлар, гондолалар, “рафтинг” ва “флайбординг” учун ускуналар, шунингдек, “buggy car”, фаэтонлар, жойлаштириш воситаси сифатида тунаб қолиш учун жиҳозланган (ғилдирак устидаги уйлар) ёки кафе-фургонларга айлантирилган (“фудтрак”) ер усти транспорт воситалари божхона божи ва акциз солиғидан озод этилади.

 Харажатларни қоплаш ва грантлар

 2020 йил 1 январдан:

туризм фаолияти субъектлари ва авиаташувчиларнинг хорижий мамлакатлардан Ўзбекистонга чартер рейсларини ташкил қилиш бўйича харажатларининг бир қисми ҳар бир хорижий турист учун, у республика ҳудудида камида беш кеча тунаб қолган тақдирда, 20 АҚШ доллари, қиш мавсумида (20 ноябрдан 20 февралгача) эса 50 АҚШ доллари миқдорида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тенг улушларда қоплаб берилади;

хорижий кинокомпанияларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аудиовизуал маҳсулотлар (кино, теле ва видеофильм, клип, мультфильм, анимелар) яратишдаги харажатларининг бир қисми (“rebate”) Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширилган харажатларнинг 20 фоизигача, лекин битта маҳсулот учун 300 минг АҚШ долларидан ошмаган миқдорда қоплаб берилади;

туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Ўзбекистоннинг тарихий ва афсонавий шахслари тўғрисидаги тўлиқ метражли бадиий, қисқа метражли бадиий, хроникал ҳужжатли фильмларни суратга олиш учун лойиҳа қийматининг 30 фоизи, лекин 3 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда грантлар ажратилади;

тадбиркорлик субъектларининг республика ҳудудларида (Тошкент шаҳридан ташқари) чет эл таомларига ёки алоҳида йўналишга ихтисослаштирилган мавзули овқатланиш шохобчаларини, шунингдек, “караоке” заллари ва туристик қўнгилочар муассасаларни ташкил этиш харажатларининг бир қисми Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар бир лойиҳа учун 10 миллион сўм миқдорида қопланади.

29.08.2019