Туризм соҳаси учун солиқ солинадиган базани  камайтириш

налоговые льготы

“Хўжалик юритувчи субъектларнинг солиқ солинадиган базасини алоҳида харажатлари бўйича камайтириш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан туризм соҳасидаги ташкилотларга солиқ солинадиган базани камайтириш кўринишида имтиёзлар берилмоқда.

Солиқ солинадиган базани камайтириш

Солиқ солинадиган база юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, ягона солиқ тўлови ҳамда бозорлар даромадлари бўйича қуйидаги суммага  камайтирилади:

100 миллион сўмгача – хўжалик юритувчи субъектларнинг 2020 йилнинг 1 январига қадар санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиена нормативларига мувофиқ келадиган замонавий санитария-гигиена тармоқларини қайта тиклаш, капитал таъмирлаш ва қуришга йўналтирилган харажатлари;

12 миллион сўмгача – ҳар йили 2025 йилнинг 1 январига қадар хўжалик юритувчи субъектларнинг санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиена нормативларига мувофиқ келадиган санитария-гигиена тармоқларини (фаррошлар иш ҳақи, гигиена, тозалаш ва ювиш воситаларини сотиб олиш, коммунал харажатларни тўлаш), туризм инфратузилмаси объектларини (тарихий ва меъморий ёдгорликлар, музейлар, театрлар, маданият уйлари, умумий овқатланиш пунктлари, хизмат кўрсатиш объектлари, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари, автомобиллар учун вақтинча тўхташ жойлари, йўлбўйи инфратузилмасининг сервис хизматлар кўрсатиладиган ҳудудлари, бозорлар, расталар, дўконлар ва одамлар гавжум бўладиган бошқа жойларни) сақлашга йўналтирилган харажатлари.

Имтиёз қўлланиладиган давр

Солиқ солинадиган базани қуйидаги миқдоргача камайтириш:

солиқ солинадиган базанинг 100 миллион сўмгача камайиши, бир марталик ёки қисмларга бўлинган ҳолда, 2020 йил 1 январь муддатигача амалга оширилади.

солиқ солинадиган базанинг 12 миллион сўмгача камайиши ҳар йили 2025 йил 1 январгача амалга оширилади.

Имтиёзларга қандай эга бўлиш мумкин

Солиқ солинадиган базани 100 миллион сўмгача камайтириш имтиёзига  қандай эга бўлиш мумкин:

Бунинг  учун солиқ тўловчи санитария-гигиеник тармоқларнинг санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиена нормативларига мувофиқ келиши ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли туман (шаҳар) давлат санитария-эпидемиология назорати марказларининг хулосасини (бундан буён матнда Марказнинг хулосаси деб юритилади) олиши лозим.

Санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ келадиган замонавий санитария-гигиеник тармоқларини қайта тиклаш, капитал таъмирлаш ва қуриш тегишли солиқ бўйича бир нечта ҳисобот даврларида олиб борилган ҳолларда, солиқ солинадиган базасини камайтиришни ишлар якунланганидан кейин Марказнинг хулосасини тақдим этиш шарти билан амалга оширишга рухсат этилади.

 

Эътибор беринг, бу ҳолда солиқ тўловчи томонидан 2020 йил 1 февралгача Марказнинг хулосаси олинмаган тақдирда, солиқ тўловчининг ушбу объектнинг тегишли қисмига нисбатан солиқ солинадиган базасини камайтиришга бўлган имтиёз бекор қилинади ва у солиқ солинадиган базасининг камайтирилган даврлари учун аниқлаштирилган солиқ ҳисоботларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тақдим этиши лозим.

Солиқ солинадиган база ҳужжатлар билан тасдиқланган, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ келадиган замонавий санитария-гигиеник тармоқларини қайта тиклаш, капитал таъмирлаш ёки қуриш билан боғлиқ харажатлар суммасига камайтирилади.

.

Солиқ солинадиган базани ҳар йили 12 миллион сўмгача камайтириш имтиёзига  қандай эга бўлиш мумкин:

солиқ солинадиган база санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиена нормативларига мувофиқ келадиган санитария-гигиена тармоқларини (фаррошлар иш ҳақи, гигиена, тозалаш ва ювиш воситаларини сотиб олиш, коммунал харажатларни тўлаш), туризм инфратузилмаси объектларини (тарихий ва меъморий ёдгорликлар, музейлар, театрлар, маданият уйлари, умумий овқатланиш пунктлари, хизмат кўрсатиш объектлари, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари, автомобиллар учун вақтинча тўхташ жойлари, йўлбўйи инфратузилмасининг хизматлар кўрсатиладиган ҳудудлари, бозорлар, расталар, дўконлар ва одамлар гавжум бўладиган бошқа жойларни) сақлашга йўналтирилган харажатларининг ҳужжатлар билан тасдиқланган суммасига камайтирилади.

Санитария-гигиеник тармоқларни сақлашга йўналтирилган харажатларни аниқлаш имконияти бўлмаган ҳолларда, улар санитария-гигиеник тармоқларнинг фаррошлар хизмат кўрсатадиган умумий майдонга нисбати (йиғиштириш бўйича харажатларни ҳисоблаш вақтида) ёки хўжалик юритувчи субъект томонидан банд этилган умумий майдонга нисбати (коммунал тўловларни аниқлаш вақтида) билан белгиланади.

20.11.2018