Текширишларни ҳисобга олиш китоби: йўриқнома

книга регистрации проверок

Бошқа мақолаларда таъкидлаганимиз сингари: бизга назоратчилар келса, биринчи навбатда уларнинг ҳужжатларини: текшириш ўтказиш тўғрисидаги буйруқнинг борлигини ва текширувчиларнинг гувоҳомаларини,  буйруқдаги вақт, мақсад ва текшириш ўтказиш муддатлари, гувоҳнома номерларининг ҳақиқий маълумотларга мувофиқлигини текширинг.

Иккинчи навбатда, текширувчилардан ишни бошлашга қадар руйхатга олиш китобига текширишларини қайд этишларини сўранг.

Текиришларни ҳисобга олиш китоби – ўтказилган текширишлар ҳақидаги маълумот қайд этиладиган электрон ёки қоғоз шаклидаги махсус китоб ҳисобланади.

Китобдаги ёзув тадбиркор манфаатларини ҳимоя қилиш, хусусан қуйидагилар учун зарур:

текширувчи органлар фаолиятидаги қонунийлик, холислик ва ошкораликни таъминлаш;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя этиш;

хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятига ноқонуний равишда аралашувларга  чек қўйиш.

Агар текширувчи ўз фаолияти тўғрисидаги маълумотни китобга қайд этишдан бош тортса – уларни текширишни бошлашга рухсат этмасликка, шунингдек ишонч телефонига қўнғироқ қилиб, қонун бузилиши ҳақида хабар беришга ҳаққингиз бор.

Шунга эътибор бериш керакки, буйруқдаги маълумотлар китобда кўрсатилган маълумотларга айнан мос келиши керак. Маълумотларда фарқ бўлган тақдирда ҳам сизнинг текширишга йўл қўймаслигингиз ва камчилик ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига  мурожаат қилишга ҳаққингиз бор.

Китоб корхона томонидан қандай тўлдирилиши керак?

«Текширишларни рўйхатга олиш китобини тўлдириш тартиби тўғрисида»ги Низомга мувофиқ  корхона текширишларни рўйхатга олиш китобидаги хўжалик юритувчи субъектнинг тўлиқ номи, унинг жойлашган жойи (почта манзили), унга берилган солиқ тўловчининг индентификация рақами тўғрисидаги тўлиқ маълумотлар ёзиладиган графани тўлдиради.

Яъни ушбу китоб корхонада у рўйхатга олинган пайтданоқ бўлиши лозим.

Агар доимий тарзда интернетга уланиш имконияти бўлса сизнинг  электорон рўйхатга олиш китоби юритишга ҳаққингиз бор.

Текшириш ўтказишда китобнинг баъзи графалари корхона томонидан тўлдирилади:

ҳар куни текширишларнинг бошланиш ва тугалланиш  вақтлари кўрсатилади.

баъзи зарур ҳолларда хўжалик юритувчи субъект ички тартиб-қоидалари бўйича ўрнатилган иш куни тугаганидан кейин текширувчи мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари тўғрисида алоҳида муҳим қайдлар қилиб қўйилади.

талаб этилаётган ҳужжатларнинг тўлиқ номи кўрсатилади. Талаб этилган ҳужжатлар таснифи текширишни ўтказиш режа-жадвали ва буйруқда кўрсатилган текширишнинг тури ва  мақсадларига мувофиқ келмаганда ҳам алоҳида қайдлар қилишингиз мумкин.

мавжуд қоидаларга биноан хўжалик юритувчи субъектга нисбатан қабул қилинган  чоралар (ишлаб чиқаришни тўхтатиш, омборларни муҳрлаш, пул маблағлари ва (ёки) хом ашёлардан фойдаланишга таъқиқ қўйиш, молиявий ҳамда  шу сингари  ҳужжатларни  олиб қўйиш ва бошқалар) кўрсатилади.

ўтказилган текшириш якуни бўйича хўжалик юритувчи субъект раҳбари “Розиман”, “Рози эмасман”, “Эътирозлар билан розиман” шаклларидаги фикри қайд этилади. “Рози эмасман” шаклидаги фикр кўрсатилган ҳолда хўжалик юритувчи субъект раҳбари бунинг асосланган сабабларини кўрсатади. “Эътирозлар билан розиман” шаклидаги фикр кўрсатилган ҳолда асосланган эътирозлар келтирилади. Текшириш тугагандан сўнг хўжалик юритувчи субъект раҳбари текширишларни рўйхатга олиш китобида қайд қилинган ёзувларнинг тўғрилиги ҳақида ёзув киритади. Мазкур ёзувлар текширишларни рўйхатга олиш китобининг қоғоз шаклида сана ва вақтни кўрсатган ҳолда имзо билан тасдиқланади.

Китоб текширувчилар томонидан қандай тўлдирилиши керак?

текшираётган органнинг тўлиқ расмий номи, унинг почта манзили, раҳбарининг фамилияси, исми ва отасининг исми, раҳбари бўлмаган ҳолда унинг вазифасини бажарувчи шахснинг исми-шарифи кўрсатилади.

текшираётган мансабдор шахсларнинг фамилиялари, исмлари ва отасининг исмлари, гувоҳномаларининг (шу жумладан махсус гувоҳномаларининг) номерлари, гувоҳнома берган органнинг номи, гувоҳноманинг амал қилиш муддати кўрсатилади.

Агар текширишга қўшимча равишда бошқа мутахассислар жалб этилса, улар ҳақидаги маълумотлар ҳам китобга худди шундай киритилади:

текшираётган органннинг тўлиқ расмий номи, унинг почта манзили, текшираётган мансабдор шахсларнинг фамилиялари, исмлари ва отасининг исмлари, гувоҳномаларининг (шу жумладан  махсус гувоҳномаларининг) номерлари, гувоҳнома берган органнинг номи,  гувоҳноманинг амал қилиш муддати кўрсатилади.

назорат қилувчи орган жалб этилган тақдирда, назорат қилувчи органнинг тўлиқ расмий номи, унинг почта манзили, текширувчи мансабдор шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, гувоҳнома (шу жумладан махсус гувоҳнома) рақами, гувоҳномани берган ташкилот номи, гувоҳноманинг амал қилиш муддати кўрсатилади;

аудиторлик ташкилоти жалб этилган бўлса у ташкилотнинг номи, лицензиясининг берилган сана, рақами ва амал қилиш муддати, аудиторнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, текширишга жалб этишга асос бўлган назорат қилувчи орган билан тузилган шартноманинг рақами ва муддати кўрсатилади.

эксперт жалб этилган тақдирда унинг ҳужжати – шахсий гувоҳномасининг рақами, текширишга жалб этиш учун асос бўлган назорат қилувчи орган билан тузилган шартноманинграқами ва муддати кўрсатилади.

текшириш ўтказиш режа-жадвалини тасдиқлаган органнинг номи ва тасдиқлаган муддати, буйруқ чиқарган мансабдор шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, буйруқнинг номери ва чиқарилган куни; жиноий иш қўзғатиш билан боғлиқ текширишни тайинлашга  қарор қилган мансабдор шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми кўрсатилади;

текшириш тури (режали текшириш, қисқа муддатли текшириш, Назорат қилувчи органлар  фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши қарори асосида ўтказиладиган қисқа муддатли текшириш, назорат тартибидаги текшириш, юридик шахс тугатилаётганда ўтказиладиган солиқ текшируви) кўрсатилади. Текшириш турининг номи текшириш ўтказиш режа-жадвали ва буйруқда кўрсатилганига мос келиши керак, буйруқда кўрсатилган мақсад эса текширишни ўтказиш муддатида кўрсатилади. У текшириш ўтказиш режа-жадвалида кўрсатилган муддатдан ошиб кетмаслиги керак.

Эътибор беринг!

Қоғоз шаклидаги Текширишларни  ҳисобга олиш китоби саҳифаларида ўчириш ва тўғрилаб қўйиш таъқиқланади. Тузатишлар хато ёзувларни ошкора ўчирибташлаш ва зарур маълумотларни босма ёки ёзма усулда киритиш билан амалга оширилади. Ҳар бир бундай тузатиш текширувчи мансабдор шахс ва хўжалик юритувчи субъект раҳбари имзолари билан тасдиқланади.

Агар Текширишлар китобининг электрон  шаклидагисида хатоликка йўл қўйиладиган бўлса мазкур қаторга ўзгартиришлар киритиш йўли билан янги ёзув амалга оширилади. Бу ҳолда автоматик тарзда илгариги маълумотлар  сақлаб қолинади.

07.03.2018