Текширишлар ҳақида ҳар бир тадбиркор билиши зарур бўлган бир неча жиҳатлар

Виды проверок

Текширишларнинг турлари

молия-хўжалик фаолиятини текшириш (тафтиш қилиш) – солиқ ва валюта тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш мақсадида хўжалик юритувчи субъектларнинг бухгалтерия, молия, статистика, банк ҳамда бошқа ҳужжатларини қуйидагича ўрганиш ва таққослаш;

қисқа муддатли текшириш – назорат қилувчи органлар жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилганлиги фактлари тўғрисидаги мурожаатлари асосида амалга оширадиган текшириш;

назорат тартибида текшириш – хўжалик юритувчи субъектларнинг илгариги текширишда кўрсатилган қоидабузарликларни бартараф этиши устидан назорат қилувчи органлар амалга оширадиган текшириш.

Текширишлар учун асос

Режали текширишларни ўтказишга, шунингдек назорат этувчи органлар томонидан  хўжалик юритувчи субъектлар – юридик шахсларнинг  молия-хўжалик  фаолиятини  текшириш учун қуйидагилар асос бўлиб хизмат қилиши мумкин:

хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текширишни амалга оширишга махсус вакил қилинган орган ёки унинг тегишли ҳудудий бўлинмаси томонидан мувофиқлаштирувчи режадан берилган кўчирма;

назорат этувчи органнинг – текширишнинг мақсадлари, текширувчи мансабдор шахсларнинг таркиби ва текшириш ўтказиш муддатлари кўрсатилган мувофиқлаштирувчи режа асосида чиқарилган буйруғи.

Прокуратура, ички ишлар органлари ва давлат хавфсизлик хизмати томонидан очилган жиноий иш  ҳам хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текширишни амалга оширишга асос бўлиши мумкин.  Бу ҳолда текшириш ишлари хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг  қўзғатилган  жиноий иш билан боғлиқ жиҳатларинигина қамраб олиши лозим, бу ҳақда текширишни тайинлаш тўғрисидаги  қарорда кўрсатиб ўтилган бўлиши керак.

Хўжалик юритувчи субъектларнинг молия-хўжалик фаолиятини  текшириш белгиланган тартибда  фақат Давлат солиқ хизмати органлари томонидан, текширишлар мобайнида солиқ ва валюта жиноятлари  сезилиб қолганда  Ўзбекистон Республикаси  Бош прокуратураси ҳузуридаги  Солиқ ва валюта жиноятларига  қарши кураш  департаменти томонидан  амалга оширилади.

Текширишларнинг давомийлиги

Кичик тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларининг фаолиятини текширишлар кўпи билан тўрт йилда бир марта, бошқа тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишлар эса кўпи билан уч йилда бир марта ўтказилиши мумкин.

Хусусий банк ва бошқа хусусий молия институтларининг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишлар кўпи билан беш йилда бир марта амалга оширилади.

Янги ташкил этилган кичик тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларининг молия-хўжалик фаолияти улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан дастлабки уч йил мобайнида режали текширувлардан ўтказилмайди.

Акциз тўланадиган товарлар ишлаб чиқарувчи янги ташкил этилган кичик тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларининг молия-хўжалик фаолияти, шунингдек кичик тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларининг бюджет маблағларидан ҳамда марказлаштирилган маблағлар ва ресурслардан белгиланган мақсадда фойдаланилиши билан боғлиқ молия-хўжалик фаолияти улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан дастлабки икки йил мобайнида режали текширувлардан ўтказилмайди.

Жуда муҳим!  Тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар молия йили мобайнида мунтазам равишда тўланмаган тақдирда, режали текширишлардан ўтказилиши мумкин.

Текширилаётган хўжалик юритувчи  субъектларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Текширилаётган хўжалик юритувчи субъектлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

уларнинг фаолиятларини текшириш тўғрисида  тегишли маълумотга эга бўлиши;

назорат этувчи органларнинг текшираётган мансабдор шахсидан вакил қилинган махсус органнинг  қарорини, текширишни ўтказишга асос  бўладиган бошқа ҳужжатларни  талаб қилиши,  ҳужжатлар, текширувчиларнинг шахсий гувоҳномалари  билан танишиши;

текширишларга уни ўтказишга асоси бўлмаган шахсларни қўймаслик;

назорат этувчи органларнинг текширишни олиб бораётган  мансабдор шахсининг, уларнинг компетенцияси  доирасига  кирмайдиган масалалар бўйича  талабларини бажармаслик ва текшириш мавзуига  алоқаси бўлмаган материаллар билан уларни таништирмаслик;

текшириш тугалланган куни назорат этувчи органнинг текширишни олиб борган мансабдор шахсидан текшириш натижалари тўғрисидаги далолатнома (маълумотнома)нинг бир нусхасини олиш;

текшириш натижалари тўғрисида қонунда белгиланган тартибда  шикоят қилиш мумкин. Хўжалик юритувчи субъектлар текширувчиларнинг қонуний талаби асосида  текширишни амалга  ошириш учун зарур бўладиган  материал ва ҳужжатларни  тақдим этишлари, уларни текшириш объектига киритишлари, текширувчиларнинг вазифаларини адо этишлари учун уларга ёрдам беришлари керак.

Хўжалик  юритувчи субъектларнинг фаолиятини текширишда  назорат органлари  мансабдор  шахсларининг  ҳуқуқ ва вазифалари

Хўжалик  юритувчи субъектларнинг фаолиятини текширишда  назорат органлари  мансабдор  шахсларининг   ўз ваколатлари  доирасидаги  ҳуқуқ ва вазифалари қуйидагилардан иборат:

текширилаётган хўжалик юритувчи субъектлардан зарур ҳужжатлар ва текшириш ўтказиш билан бевосита  боғлиқ бўлган бошқа ахборотларни талаб этиши;

текширилаётган хўжалик субъектига аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича ижро этиш мажбурий ҳисобланган кўрсатмани  бериши;

давлат ҳокимиятининг тегишли органлари ва бошқармаларга, хўжалик юритувчи субъектларнинг мулкдорлари олдига айбдор шахсларнинг   жавобгарлиги ҳақидаги масалани қўйиши;

текширишларга белгиланган тартиб бўйича, шартномавий асосларда аудиторлик ташкилотлари ва (ёки экспертларни) жалб этиши;

қонунчиликда кўзда тутилган ҳолларда молиявий ва маъмурий чораларни қўллаши;

махсус вакил қилинган органга – бунинг учун асослар бўлган тақдирда режали текшириш ўтказиш муддатини кўчириш тўғрисида тақдимномалар киритиши;

Назорат этувчи органлар мансабдор  шахсларининг қонуний талабларининг бажарилиши текширилаётган хўжалик юритувчи  субъектлари учун мажбурийдир.

Назорат этувчи органларнинг мансабдор шахслари хўжалик юритувчи  субъектларни текширганда ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ишларни амалга оширишлари зарур:

хўжалик юритувчи субъектларга текширишлар ўтказиш ҳуқуқини берадиган зарур ҳужжатларни тақдим этишлари;

хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолият юритиши учун тўсқинлик  қилмасликлари;

қонунчиликда белгиланган тартибда текширишларни ҳисобга олиш китобига фаолиятларини қайд этишлари;

давлатнинг сирлари, тижорат ва бошқа сирларнинг махфий тутилишини таъминлашлари;

текшириш натижаларини далолатнома (маълумотнома) сифатида расмийлаштиришлари ва текшириш тугаган куни унинг бир нусхасини текширилган хўжалик юритувчи  субъектда қолдиришлари;

ҳуқуқбузарлик ҳолатлари учраганда қонунчиликда кўзда тутилган чора-тадбирларни қабул қилишлари.

03.04.2018