Тажриба тариқасидаги венчур инвестициялар

венчур

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик ва инновациялар соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш  механизмларини  такомиллаштириш бўйича  қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  Фармонига биноан инвестиция ва бошқарув компаниялари ташкил этилади.

Президент Фармонида акс этган барча  шартлар инвестиция ва бошқарув компаниялари фаолияти самарадорлигини ўрганиш ва баҳолаш учун тажриба тариқасида 2022 йил 1 январгача амал қилади.

Белгиландики,

инвестиция компанияси бошқарув компанияси томонидан кейинчалик инновацион ва бошқа истиқболли лойиҳаларга киритиш учун малакали инвесторларнинг жалб этилган маблағларини шакллантириш ва жамлаш билан боғлиқ фаолиятни амалга оширувчи тижорат ташкилоти ҳисобланади;

бошқарув компанияси инвестиция компаниясининг инвестиция ҳиссасини улар ўртасида тузилган шартномага мувофиқ бошқарадиган тижорат ташкилоти ҳисобланади;

венчур фонди жамланган пул маблағларини фақатгина юқори хавфли венчур лойиҳаларига инвестиция қилиш учун мўлжалланган, бошқарув компанияси бошқарувидаги инвестиция компанияси ҳисобланади;

малакали инвесторлар миллий валютада ва/ёки Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ҳисса киритилган кундаги курси бўйича хорижий валютада 500 миллион сўмдан кам бўлмаган миқдордаги пул маблағлари кўринишидаги инвестиция ҳиссаларини инвестиция компанияларига киритган юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан хорижий шахслар ҳисобланади;

инвестиция ҳиссалари малакали инвестор томонидан инвестиция компаниясига инвестиция фаолиятини амалга ошириш учун берилган ва инвестиция компаниясининг устав капиталига улуш ҳисобланмайдиган пул маблағлари ҳисобланади.

Солиқ имтиёзлари

юқори технологияли тадбиркорлик лойиҳалари-стартапларни биргаликда молиялаштириш учун ташкил қилинадиган венчур фондлар, венчур фондлардан биргаликда молиялаштириладиган юқори технологияли лойиҳалар-стартаплар 2023 йил 1 январга қадар муддатга ягона ижтимоий тўловдан ташқари, барча турдаги солиқ ва мажбурий тўловлар тўлашдан озод қилинган.

Ушбу  имтиёзлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 январдаги “2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги Фармони асосида  тақдим этилган.

Инвестиция ва бошқарув компанияларига  талаблар

бошқарув ва инвестиция компаниялари, агар қонун ҳужжатларида бошқа ҳолат назарда тутилган бўлмаса, ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклда тузилиши мумкин;

устав капиталида давлат улуши бўлган юридик шахслар, давлат органлари, шунингдек сиёсий партиялар, нотижорат ташкилотлар, касаба уюшмалари, жамоат фондлари ва диний ташкилотлар бошқарув компаниясининг таъсисчилари бўлиши мумкин эмас, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

инвестиция ва бошқарув компанияларининг фаолияти лицензияланмайди;

бошқарув компанияси ўзининг таъсис ҳужжати ва қонун ҳужжатлари билан белгиланадиган таркибда ва тартибда ички аудит хизматини ташкил этишга мажбур;

инвестиция компаниялари, бошқарув компаниялари ва малакали инвесторлар ўртасидаги муносабатлар фақатгина шартлари улар томонидан мустақил равишда белгиланиши, шу жумладан биргаликдаги фаолият жараёнида пайдо бўладиган низоларни ҳал қилиш шакли ва усулларини танлаш эркин бўлган шартнома асосида тартибга солинади;

инвестиция компаниялари заёмлар, шу жумладан гаров таъминоти билан ёки гаров таъминотисиз фоизсиз заёмлар бериш ҳуқуқига эга;

инвестиция компанияси ўзининг таъсис ҳужжати ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳар йили ташқи аудит ўтказилишини ташкил этишга мажбур;

инвестиция ва бошқарув компанияларининг фаолиятини мониторинг қилиш қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.

21.01.2019