Таълим соҳасида янги давр

образован

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқ таълими  тизимига  бошқарувнинг янги  тамойилларини  жорий этиш  чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига асосан халқ таълими тизимига давлат-хусусий шерикчиликни жорий этишга  қарор қилинди.

Шерикчиликнинг қандай шакллари кўзда  тутилган

нодавлат умумтаълим ташкилотлари биноларини қуриш учун беғараз асосда, камида 30 йил муддатга доимий фойдаланиш учун ер участкаларини бериш;

мавжуд умумтаълим муассасаларини реконструкция қилиш ва жиҳозлаш шарти билан нодавлат умумтаълим муассасалари объектларини қуриш учун ер участкаларини беғараз, камида  20 йил муддатга  бериш;

юкланганлик коэффициенти паст бўлган ёхуд реконструкция қилиш ёки таъмирлашни (қайта жиҳозлашни) талаб этадиган мавжуд умумтаълим муассасаларини ижарага бериш; концессия асосида қурилиш учун ер участкаси ёки реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун камида 15 йил муддатга бино ажратиш;

бўш турган давлат мулки объектларини, шу жумладан фаолият кўрсатмаётган умумтаълим муассасаларининг биноларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда «нол» харид қийматида камида  30 йиллик муддатга сотиш;

хусусий шерикнинг мулки негизида ташкил этилган нодавлат умумтаълим ташкилотларини камида 10 йил муддатга  моддий-техник ва молиявий таъминлаш;

умумтаълим муассасаларининг фойдаланилмаётган биноларини  (ёки уларнинг бир қисмини) хусусий шерикларга мақсадли фойдаланиш учун ижара тўловининг «нол» ставкаси билан 30 йилгача бўлган муддатга ижарага бериш.

Эътибор беринг: тадбиркорлик субъектларига давлат-хусусий шериклик шартларида берилган объектларда фаолият бошлаган нодавлат умумтаълим ташкилотининг келишувнинг амал қилиш муддати давомида ўз фаолиятини қайта ихтисослаштириши тақиқланади.

Инвестиция мажбуриятлари

Хусусий шерик зиммасига давлат-хусусий шериклик шаклидан келиб чиққан ҳолда инвестиция мажбуриятларининг қуйидаги турлари юкланиши мумкин:

ижтимоий кўмакка муҳтож оилалардан муайян миқдордаги ўқувчиларни имтиёзли равишда ўқитиш;

ўзига ўтказилаётган умумтаълим муассасаларининг мавжуд ўқувчилар контингентини сифатли ўқитишни таъминлаш;

хусусий шерикка бириктирилган умумтаълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини амалга ошириш;

болаларни болалар ёзги соғломлаштириш оромгоҳларига юбориш;

ўқувчиларни замонавий дарсликлар, мактаб формаси, анжомлар ва бошқа мактаб буюмлари билан таъминлаш;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги келишувда назарда тутиладиган бошқа мажбуриятлар.

Солиқ ва божхона имтиёзлари

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича нодавлат умумтаълим муассасаларини жиҳозлаш ва фаолиятини таъминлаш учун олиб кириладиган замонавий ўқув ва лаборатория ускуналари, компьютер техникаси, дастурий маҳсулотлар, ўқув ва илмий-методик адабиётлар, анжомлар ва моддий-техник ресурслар 2025 йил 1 январга қадар муддатга божхона тўловларидан озод қилинди (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно);

Солиқ имтиёзлари 2025 йилнинг  1 январига қадар узайтирилди.

Мактабгача ва умумий ўрта таълим соҳасида нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш  фаолияти билан шуғилланадиган  юридик шахслар 2021 йил  1 январга қадар бўлган муддатга   қуйидаги тўловлардан озод этилсин:

барча турдаги солиқ ва давлат мақсадли жамғармасига мажбурий тўловлардан (ягона ижтимоий тўловдан ташқари), бунда озод қилинаётган маблағлар уларни замонавий ўқув воситалари билан жиҳозлаш, зарур маҳсулотлар ва жиҳозлар сотиб олиш, бино ва иншоотларни реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига бепул таълим хизматларини кўрсатишга мақсадли йўналтирилади;

меҳнат шартномаси асосида таълим-тарбия жараёнига жалб қилинган хорижий ўқитувчи ва мутахассислар ойлик иш ҳақидан ягона ижтимоий тўловдан.

24.10.2018