Тадбиркорликни қўллаб-қуввватлашнинг муваққат чора-тадбирлари

пандемия

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ”Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига биноан вақтинчалик имтиёз ва преференциялар берилди.

2020 йилнинг 1 июнидан 1 сентябригача бўлган даврда қуйидагилар мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод қилинди:

кичик тадбиркорлик субъектлари;

бозорлар ва савдо комплекслари, кинотеатрлар, умумий овқатланиш корхоналари, жамоат транспорти корхоналари, спорт-соғломлаштириш муассасалари, шунингдек, йўловчи ташиш, маиший хизматлар кўрсатиш, биноларни, шу жумладан, банкетлар ўтказиш учун ижарага бериш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар.

Қуйидагилар ҳисобдан чиқарилади:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сон ва 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сон фармонларига асосан фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) берилган, 2020 йил апрель ва май ойлари учун тўланиши лозим бўлган мол-мулк солиғи ва ер солиғи суммалари;

2020 йил 15 май ҳолатига ер солиғи ва мол-мулк солиғи бўйича 2020 йил 1 январдан бошлаб ҳосил бўлган пеня ва жарималар суммалари.

Тадбиркорлик субъектларига товарлар (ишлар, хизматлар) импорт қилишда қўшилган қиймат солиғини тўлашни 120 кун муддатгача кечиктириш  ҳуқуқи берилди.

Божхона органларига мурожаат қилган кунгача бир йилдан кам бўлмаган даврда ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошираётган микрофирма ва кичик корхоналарга товарларни (истеъмол товарларидан ташқари) олиб киришда ундириладиган божхона божи ва акциз солиғини тўлаш муддатини 2020 йил 1 июлгача кечиктиришни қўллаш ҳуқуқи, кейинчалик кечиктирилган суммани 120 кун мобайнида тенг улушларда тўлаш шарти билан берилди.

2020 йилнинг 1 майидан 1 июлигача бўлган даврда микрофирма ва кичик корхоналарга ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизгача камайтирилди. Акцизости товарлар ишлаб чиқарувчилар, давлат корхоналари ва устав жамғармасида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган юридик шахслар бундан мустасно.

Микрофирма ва кичик корхоналарда 2020 йил 15 май ҳолатига солиқлар, пенялар ва солиқ қонунчилигини бузганлик учун ҳисобланган жарималар бўйича мавжуд бўлган қарздорликни ундириш 2020 йил 1 сентябргача тўхтатилди.

Давлат солиқ хизмати органларига 2020 йил 15 май ҳолатига микрофирма ва кичик корхоналарнинг банкдаги ҳисобварақларидан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш ва ўтказиш бўйича инкасса топшириқномаларини чақириб олиш топширилди. Солиқ тўловчиларга 2020 йил 15 май ҳолатига солиқ мажбуриятларини бажариш бўйича ижро этилмаган тўлов топшириқномаларини қайтариб олиш ҳуқуқи берилди.

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси қуйидаги фоиз харажатларини қоплашга компенсация жорий этади:

тадбиркорлик субъектларига Марказий банк асосий ставкасининг 1,75 бараваридан ошмаган миқдордаги фоиз ставкаси билан миллий валютада бериладиган инвестициявий кредитлар бўйича, Жамғарма тўғрисидаги низом талабларини ҳисобга олган ҳолда кредит шартномаси амал қилишининг биринчи йили давомида;

2020 йил 1 октябрга қадар тадбиркорлик субъектларига айланма маблағларини тўлдириш учун миллий валютада 500 миллион сўмгача бериладиган кредитлар бўйича Жамғарма тўғрисидаги низом талабларини ҳисобга олган ҳолда кредит шартномаси амал қилиш муддати давомида 10 фоизлик пункт миқдорида.

23.06.2020