Тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилиш учун Бош вазир қабулхонаси

индивидуальный предприниматель

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига биноан тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг  қабулхонаси ташкил этилади.

Қабулхона нима учун керак

тадбиркорлик субъектларини ҳамда чет эллик инвесторларни қабул қилиш, шу жумладан, видеоконференцалоқа воситасида ва сайёр қабуллар ўтказиш;

тадбиркорлик субъектларининг, шу жумладан, чет эллик инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилинишини таъминлаш;

тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муаммоли масалаларни кўриб чиқиш ва мавжуд бюрократик, шу жумладан, ер участкалари ва бинолар, кредитлар ажратиш, рухсат берувчи ҳужжатларни олиш масалаларидаги тўсиқларни бартараф этиш;

тадбиркорликни ривожлантиришга ва чет эл инвестицияларини жалб этишга тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларни мониторинг қилиш, умумлаштириш ва таҳлил қилиш, шунингдек, бу соҳадаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;

тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш мақсадида уларни қабул қилиш, умумлаштириш, мониторинг олиб бориш ва назорат қилиш учун самарали платформа жорий этилишини назарда тутувчи “business.gov.uz” ягона интерактив портали фаолият кўрсатишини таъминлаш.

 

Қабулхона қандай ишлайди

Тадбиркорларни  ҳокимликлар, Савдо-саноат палатасининг тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари, инвестициялар ва савдо, адлия, солиқ инспекцияси, қурилиш, давлат кадастри органлари, банк ва бошқа ташкилотларнинг ҳудудий органлари вакиллари иштирокида тасдиқланган жадвал бўйича ҳар куни қабул қиладилар;

Мурожаатда кўрсатилган қонуний талаблар ва таклифларни туман ва шаҳар даражасида қаноатлантириш имконияти бўлмаса, улар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарига юборилади;

Республика даражасида ҳал этилиши керак бўлган тадбиркорларнинг, шу жумладан, чет эллик инвесторларнинг мурожаатлари кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатасининг раҳбарлари ва бошқа ваколатли органлар иштирокида кўриб чиқиш учун Котибиятга юборилади;

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири мурожаатлари ваколатли органлар томонидан ҳал этилмаган тадбиркорлик субъектларини, шу жумладан, чет эллик инвесторларни доимий асосда шахсан қабул қилади;

Тадбиркорларнинг мурожаатларида кўрсатилган масалаларни тартибга солувчи нормалар мавжуд бўлмаган тақдирда, Котибият томонидан қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади ва Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун киритилади;

Котибият Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан биргаликда тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган сабаблар ва шароитларни ҳудудлар ва соҳалар кесимида доимий равишда таҳлил қилади ва тизимлаштиради, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича ҳар чоракда аниқ таклифлар киритади.

26.06.2019