Тадбиркор хотин-қизларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш

женщин предпринимателей

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан Хотин-қизлар тадбиркорлиги маркази ташкил этилади.

Марказда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган аёллар туман (шаҳар) ҳокими ва  туман (шаҳар) аёллар қўмитаси раиси томонидан тузилган рўйхат асосидаги махсус  дастур бўйича ўқитилади.

Марказнинг асосий вазифалари

узоқ муддат бола парваришлаш таътилида бўлган, мушкул иқтисодий аҳволга тушган аёлларни меҳнат бозорида талаб этилаётган касблар бўйича қайта тайёрлаш ва уларнинг ишга жойлашишига кўмаклашиш;

тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган аёлларни марказларга жалб этиш ва тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишга кўмаклашиш;

аёлларда ўз бизнесини ташкил этиш ва юритиш кўникмаларини шакллантириш,  бизнес-режасини тайёрлашда, солиққа тортишнинг турли режимларини танлаш ва қўллаш, бухгалтерия ҳисобини юритиш, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланишда консултатив ёрдам бериш,  ишончли ҳамкорлар топишга, мини технологиялар ва ускуналар сотиб олишга, ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг реализация қилишга кўмаклашиш;

зарур ҳолларда фаолиятини бошлаётган тадбиркор хотин-қизларга маҳаллалардаги бўш турган бинолардан жой ажратилишига кўмаклашиш;

норасмий фаолият юритаётган ҳунарманд аёлларга рўйхатдан ўтиш, “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлиш орқали солиқлар ва бошқа турдаги имтиёзлардан фойдаланишда ҳамда имтиёзли кредит олишда амалий ёрдам кўрсатиш.

 

Марказ битирувчилари учун преференциялар

Махсус ўқитиш дастурларини муваффақиятли ўзлаштирган хотин-қизларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга 6 ойлик имтиёзли давр ва йиллик 8 фоиз ставкада имтиёзли кредитлар ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришни кредитлаш тартиблари асосида ажратилади;

Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан тижорат банкларига ҳар йили ажратиладиган 100 миллиард сўм ресурс маблағлари имтиёзли кредит маблағларининг манбаси этиб ҳисобланади. Мазкур ресурс маблағларининг камида 50 фоизи қишлоқ жойларида истиқомат қиладиган хотин-қизларнинг бизнесини ривожлантиришга йўналтирилади.

15.03.2019