Солиқ хизмати ваколатларини кенгайтириш

налоговой службы

Ўзбекистон Республикаси Президентининг  “Давлат солиқ хизмати органларининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари  тўғрисида”ги  қарори асосида  солиқ хизматлари ваколати  анчагина  кенгайтирилди.

Солиқ хизмати ваколатини кенгайтириш

2018  йил 1 октябрдан  давлат солиқ хизмати органлари хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида ўтказилган хронометраж натижаларига кўра охирги ҳисобот даври учун товар (иш, хизмат)лар реализациясидан камайтириб кўрсатилган тушумни ва ходимлар сонини қайта ҳисоб-китоб қилган ҳолда солиқларни ҳисоблашни амалга ошириш ҳақида талабнома юборади, камайтириб кўрсатиш такроран аниқланганда, ушбу ҳаракатлар солиқ тўлашдан бўйин товлаш сифатида малакаланади;

2019 йил 1 январдан давлат солиқ хизмати органлари хизмат кўрсатиш, савдо ва умумий овқатланиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари учун ягона солиқ тўловини, ягона ер солиғини, юридик шахслардан ер солиғини, шунингдек, банк айланмалари ҳақидаги маълумотлар, шунингдек, бошқа ташқи манбалар асосида декларация қилинадиган даромадлар бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ҳисоблаш тарзида солиқ тўловчиларга сервис хизматлари кўрсатади ҳамда ҳисобланган солиқлар суммаси ҳақида солиқ тўловчининг “шахсий кабинети” орқали хабарнома юборади;

Солиқ хизмати солиқ тўловчи қайд этилган манзилда бўлмаган, шунингдек, солиқ тўловчи томонидан солиқ ёки молиявий ҳисобот, камерал назорат натижалари юзасидан тафовутларнинг асослари ёхуд аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи белгиланган муддатда тақдим этилмаган ҳолларда солиқ тўловчи-юридик шахсларнинг банк ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш ҳуқуқига эга;

Солиқ хизмати давлат улушлари бўйича дивидендларни ва давлат унитар корхоналарининг соф фойдасидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ажратмаларни ундириш ҳуқуқига эга;

Солиқ хизмати солиқ тўловчи томонидан тақдим этиладиган ахборотнинг ишончлилигини ҳамда солиқ тўловчининг ҳисоботларида акс эттирилган солиқ ва божхона имтиёзларини қўллашнинг қонунийлигини тасдиқлаш учун камерал назорат натижаси бўйича жойига чиққан ҳолда мавзуга оид ва экспресс-ўрганишларни амалга ошириш ҳуқуқига эга;

Солиқ хизмати юзага келган солиқ қарздорлигини солиқ тўловчи-жисмоний шахсларнинг пластик карталарига хизмат кўрсатувчи банк ҳисобварақларидан ойига энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдоридан кўп бўлмаган суммада сўзсиз ҳисобдан чиқариш ҳуқуқига эга;

2018 йилнинг  1 октябридан давлат солиқ хизмати органлари солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш учун асос бўладиган кўздан кечириш далолатномасини тузиш орқали солиқ тўловчиларнинг паспортлаштирилишини юритади.

Солиқ тўловларидаги  ўзгаришлар

2018 йилнинг 1 октябридан учинчи шахслар томонидан солиқ тўловчи-жисмоний шахс учун тўланган солиқ суммаси солиқ тўловчининг солиқ солинадиган даромади ҳисобланмайди. Яъни жисмоний шахс учун бошқа жисмоний шахс, иш берувчи ёки бошқа юридик шахс томонидан   солиқ тўланганда – бу сумма жисмоний шахс жами даромадларининг  умумий суммасига  қўшилмайди.

Солиқ хизмати ходимларининг иш сифати қандай баҳоланади

давлат солиқ хизмати органлари ишининг сифатини қониқарли баҳолайдиган солиқ тўловчилар, шунингдек, уларнинг ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоятларнинг сони;

камерал назорат натижаси бўйича ундирилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг умумий суммаси;

хронометраж ва кўздан кечириш натижалари бўйича аниқланган давлат бюджети даромадларини ошириш захиралари суммаси ва уларни ундириш даражаси;

паспортлари тузилган солиқ тўловчиларнинг сони;

ҳисобланган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ундирилишининг тўлиқлиги ва солиқ қарздорлигининг пасайиш даражаси;

давлат солиқ хизмати органлари билан ўзаро муносабатларда “шахсий кабинет”дан фойдаланиш даражаси;

электрон ҳисобварақ-фактураларни ҳисобга олиш ва онлайн назорат-касса машиналарини автоматлаштирилган мониторинг қилиш бўйича дастурий маҳсулотларни қўллаётган солиқ тўловчиларнинг қамраб олиниши.

Солиқ хизмати ходимлари қайси маблағлар ҳисобига мукофотланади

Давлат солиқ хизмати органлари ходимлари Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси ҳисобидан қуйидаги суммаларнинг 10 фоизига қадар миқдорда мукофотланиши белгиланган:

камерал назорат натижаси бўйича ундирилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар;

бир ой мобайнида хронометраж ва паспортлаштириш натижаси бўйича аниқланган, солиқ тўловчи томонидан тўланган солиқ;

солиқ текширувлари натижаси бўйича ундирилган солиқлар.

Солиқ тўловчиларга қандай чоралар қабул қилишни тавсия этамиз

шахсий кабинетга келадиган  барча хат-хабарларни доимий тарзда   кузатиб бориш;

тақдим этиладиган маълумотлар, солиқ ҳисоботларини топшириш ва солиқларни тўлаш  ишларини ўз вақтида ва тўғри амалга оширилиши устидан назоратни кучайтириш;

кассирлар ишини назорат қилишни кучайтириш;

қонунга тўғри келмайдиган талаблари қўйилганда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ тўловчилар ва давлат солиқ хизмати органлари ўртасидаги солиқ низоларини судгача ҳал қилиш кенгашига мурожаат этиш мумкин.

02.08.2018