Солиқ текширувларининг турлари

проверки

Жиддий ўзгаришлар нафақат солиқларни  ҳисоблаб чиқиш ва тўлашга таъсир этди, шунингдек текширишларни  ўтказиш  тартиби ва қонун ҳужжатлари бузилишлари  учун жарималар  ҳам ўзгарди.

Солиқ  назорати қуйидаги икки кўринишда амалга оширилади:

Солиқ текшируви

Солиқ мониторинги

Солиқ текширувлари

Солиқ текширувларининг турлари:

камерал солиқ текшируви;

сайёр солиқ текшируви;

солиқ аудити.

Камерал солиқ текшируви

Камерал солиқ текшируви солиқ тўловчи (солиқ агенти) томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботини, молиявий ҳисоботни, шунингдек солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисида солиқ органида мавжуд бўлган бошқа ҳужжатлар ҳамда маълумотларни таҳлил қилиш асосида солиқ органи томонидан ўтказилади.

Камерал солиқ текшируви жараёнида солиқ органи солиқ тўловчидан (солиқ агентидан, учинчи шахсдан) ҳисобга олиш ҳужжатларини, тақдим этилган солиқ ҳисоботига ва ҳисобга олиш ҳужжатларига доир тушунтиришларни, шунингдек солиқ ҳамда йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш билан боғлиқ бошқа ахборотларни  сўраб олиши мумкин.

Агар ўтказилган камерал солиқ текшируви якуни билан тақдим этилган солиқ ҳисоботида тафовутлар ва (ёки) хатолар аниқланган бўлса, солиқ органи солиқ тўловчига ушбу Кодексда белгиланган тартибда солиқ ҳисоботларига тузатишлар киритиш талабномасини юборади.

Солиқ тўловчи тузатишлар киритиш тўғрисидаги талабнома олинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда тегишли солиқлар ва йиғимлар бўйича аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини ёхуд тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этган ҳолда аниқланган тафовутларнинг асосномасини тақдим этиши шарт.

Солиқ тўловчи солиқ органининг тегишли талабномасида кўрсатилган, аниқланган тафовутларнинг асосномаси сифатида солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг хулосасини тақдим этишга ҳақли.

Агар солиқ тўловчи аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этмаса (шу жумладан аниқлаштирилган талабномадан кейин), ёхуд аниқланган тафовутлар бўйича асосномаларни тақдим этмаса, ёки у тақдим этган асосномалар етарли эмас деб топилса, солиқ органи солиқ тўловчига солиқ аудитини тайинлашга ҳақли.

Сайёр солиқ текшируви

Солиқ тўловчиларнинг солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлаш соҳасидаги айрим мажбуриятларини, шунингдек солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа мажбуриятларини бажарилишини текшириш сайёр солиқ текширувидир.

Сайёр солиқ текшируви чоғида ҳисобга олиш ҳужжатларининг, товар-моддий қимматликлар ва пул маблағлари ҳаракатининг, шунингдек солиқ тўловчининг фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа ахборотнинг таҳлили ўтказилади.

Сайёр солиқ текширувларини ўтказиш чоғида солиқ органлари профилактика тадбирларини ва хронометраж кузатувларини амалга оширишга, назорат-касса техникаси ва тўлов терминаллари қўлланилишини текширишга ва солиқ назоратининг бошқа тадбирларини ўтказишга ҳақли.

Сайёр солиқ текшируви ўн кундан кўп бўлмаган муддатда ўтказилади. Сайёр солиқ текширувини тайинлаш тўғрисидаги буйруқда кўрсатилган сана ушбу текширувни ўтказиш муддатининг бошланиши деб ҳисобланади. Солиқ тўловчига сайёр солиқ текшируви далолатномасини топширилган кун сайёр солиқ текшируви муддатининг тугаши деб ҳисобланади.

Солиқ аудити

Муайян давр учун солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлашнинг тўғрилигини текшириш солиқ аудитидир.

Солиқ аудити солиқ тўловчиларнинг (солиқ агентларининг) юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига мансуб солиқ тўловчига (солиқ агентига) нисбатан ўтказилади.

Солиқ органлари солиқ аудити ўтказилиши бошланишидан камида ўттиз календарь кун олдин солиқ тўловчига солиқ аудити ўтказилиши тўғрисида хабарнома юборади. Агар солиқларни тўлашдан бўйин товлаш белгилари мавжуд бўлса, солиқ органи Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси билан келишган ҳолда солиқ тўловчини олдиндан хабардор этмасдан солиқ аудитини бошлашга ҳақлидир.

Солиқ мониторинги

Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этиш, ўзига нисбатан солиқ мониторинги ўтказилаётган юридик шахс томонидан солиқлар ва йиғимларни ҳисоблашнинг тўғрилиги, тўлиқ ва ўз вақтида тўланганлиги (ўтказиб берилганлиги) солиқ мониторинги предметидир.

Солиқ мониторинги юридик шахс қайси солиқлар ва йиғимларга нисбатан солиқ тўловчи ёки солиқ агенти бўлса, барча шундай солиқлар ва йиғимларни қамраб олади.

Солиқ тўловчилар учун солиқ мониторинги ихтиёрийдир. Солиқ мониторинги солиқ мониторингини ўтказиш тўғрисидаги қарор асосида солиқ органи томонидан амалга оширилади.

Юридик шахс, агар унинг олдинги йил учун даромадлари йиллик молиявий ҳисобот маълумотларига кўра камида ўн миллиард сўмни ташкил этган бўлса, солиқ мониторингини ўтказиш тўғрисидаги ариза билан солиқ органига мурожаат қилишга ҳақли.

20.01.2020