Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш

налоги в Узбекистане

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан солиқ маъмуриятчилигига  жиддий ўзгартиришлар киритилмоқда.

Жарима  санкциялари

Жарима  тан олинганда, агар солиқ тўловчи  аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликни тан олиб, барча молиявий жарималарни   ўн кун муддат ичида ихтиёрий равишда тўласа,  мансабдор шахслар ёки ходимлар жиноий ва маъмурий жавобгарликдан озод этилади;

солиқ тўловчи – юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор томонидан  унга нисбатан қўлланилган молиявий жарималар миқдорининг 50 фоизини ўн кун давомида ихтиёрий равишда тўлаганда, уни жарима суммасининг қолган қисмини тўлашдан озод этилади.

Солиқ назорати

Ягона ахборот тизимидан фойдаланувчи тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолияти ушбу дастурий маҳсулотни қўллаган даврида текширилмайди.

Молия вазирлиги, Солиқ қўмитаси 2019 йил 1 декабрга қадар Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда бухгалтерия ҳисобини амалга ошириш ҳамда солиқ тўловчилар ва солиқ органлари ўртасида реал вақт режимида маълумотлар алмашиш имконини берадиган, солиқ ҳисоботини топшириш тизими билан интеграция қилинган бухгалтерия ҳисобининг ягона ахборот тизимини  ишлаб чиқиб,  жорий қилади.

Қўшилган қиймат солиғи

2020 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтадиган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар давлат солиқ хизмати органларида ушбу солиқнинг тўловчиси сифатида мажбурий ҳисобга олинади ва бу қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олишнинг шарти ҳисобланади;

2020 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтишда ушбу солиқ суммаси қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтилган санадан аввалги охирги 12 ойда харид қилинган товар-моддий заҳираларнинг тасдиқланган қолдиқлари бўйича реализация ҳажмига мос келадиган улушда ҳисобга олинади;

2020 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтиш ёки ягона солиқ тўловини тўлашни рад этиш тўғрисидаги хабарнома қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтиладиган ой бошланишидан олдин ўн иш кунидан кечиктирмасдан тақдим этилади.

Уч ой муддатда чет эл фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси чегарасини кесиб ўтишда харид қилинган товарлар учун тўланган қўшилган қиймат солиғини қайтариш (“tax free”) тартиби белгиланади.

22.07.2019