Солиқ аудити

Tax-Helping-Hand

Солиқ қўмитаси  2020 йилнинг  июнь ойида “Солиқ аудити  ўтказиш тўғрисида”ги Низомни  рўхатдан ўтказди (Адлия  вазирлиги. № 3251.  30.06.2020 й).

Солиқ аудити 2022 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор қилиш орқали ўтказилади.

2022 йил 1 январдан бошлаб солиқ аудити Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизими орқали Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни келишиш ва ўтказиш тартиби ҳақидаги вақтинчалик низомга  асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилган ҳолда “Текширувларни рўйхатга олиш китоби” тўлдирилганидан сўнг ўтказилади.

Солиқ аудити натижалари солиқ органлари томонидан текширув тамомлангандан кейин уч кун ичида Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимига киритилади.

Солиқ аудити нима

Солиқ аудити солиқ органлари томонидан солиқ тўловчининг муайян давр учун солиқлар ва йиғимларнинг ҳисобланиши ҳамда тўланишининг тўғрилигини текшириш мақсадида, унинг бухгалтерия, молия, статистика, банк ҳамда бошқа ҳужжатларини ўрганиш ва таққослашдир.

Қайси давр текширилади

Солиқ аудити билан  фақат 5 йиллик даъво муддати ўтиб кетмаган охирги солиқ аудитидан кейинги  давр қамраб олиниши мумкин.

Солиқ органлари солиқ тўловчининг айнан битта давр учун айнан бир хил солиқлар бўйича бир мартадан ортиқ солиқ аудитини ўтказишга ҳақли эмас, бундан солиқ аудитини ўтказиш чоғида солиқ органига маълум бўлмаган янги ҳолатлар аниқланган ҳоллар мустасно. Янги ҳолатлар аниқланган тақдирда солиқ органи такрорий солиқ аудитини тайинлашга ҳақли.

Солиқ аудитини ўтказиш чоғида солиқ органига маълум бўлмаган янги ҳолатларга солиқ тўлашдан бўйин товлаш ҳамда солиқ тўловчи томонидан солиқ аудити ўтказилган даврлар учун солиқлар ва йиғимлар суммасининг камайишини назарда тутувчи аниқлаштирилган солиқ ҳисоботларини тақдим қилиниши киради.

Текшириш ўтказиш муддатлари

Солиқ аудитини ўтказиш муддати ўттиз иш кунини ташкил қилади.

Агар мазкур бандда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ аудитини ўтказиш муддати икки ойгача, алоҳида ҳолларда эса – уч  ойгача узайтирилиши мумкин.

Солиқ аудитини ўтказиш муддати ўтказилиши қуйидаги ҳолларда узайтирилиши мумкин:

талаб қилинган ҳужжатлар (ахборотлар) беш иш куни ичида тақдим қилинмаганда (узайтириш ҳужжатлар талаб қилинаётган ҳар бир шахс бўйича кўпи билан бир марта йўл қўйилади);

чет эл давлат органларидан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари доирасида ахборот олишда;

экспертизалар ўтказишда;

чет тилида тақдим этилган ҳужжатларни таржима қилишда (ҳужжатлар давлат тилига таржима қилинган асл нусхалари шаклида ёки нотариал тарзда тасдиқланган шаклда бўлиши мумкин);

солиқ аудити жараёнида ўрганилиши лозим бўлган ҳужжатлар ҳажмининг кўплиги сабабли солиқ аудитини ўтказиш учун буйруқда кўрсатилган муддатнинг етарли бўлмаганида;

яроқсиз ҳолга келган ҳужжатларнинг ҳамда солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш билан боғлиқ электрон ахборот жисмларни қайта тикланишида;

мутахассис фикри олинишида;

эксперт жалб қилинганда.

Солиқ аудитини ўтказишнинг умумий муддати олти ойдан ошиши мумкин эмас.

Солиқ аудити кимларда ўтказилади

солиқ органида хавфни таҳлил этиш автоматлаштирилган ахборот тизими (“Таҳлика-таҳлил” дастурий маҳсулоти) орқали аниқланган, юқори даражадаги таваккалчилик (солиқ хавфи) тоифасига мансуб бўлган солиқ тўловчиларда;

камерал солиқ текшируви натижаси бўйича солиқ органининг талабномасига жавобан аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этмаган (шу жумладан, аниқлаштирилган талабномадан кейин), аниқланган тафовутлар бўйича асос келтирмаган ёки тақдим қилинган асосномалар етарли эмас деб топилган юқори даражадаги таваккалчилик (солиқ хавфи) тоифасига мансуб бўлган солиқ тўловчиларда;

ихтиёрий тугатилаётган солиқ тўловчиларда;

жиноий иш қўзғатилган солиқ тўловчиларда;

аввал ўтказилган солиқ аудити чоғида солиқ органига маълум бўлмаган янги ҳолатлар аниқланган солиқ тўловчиларда.

Текширишдан қандай хабардор бўлиш  мумкин

Солиқ  аудити ўтказиш ҳақида  камида ўттиз календарь кун олдин шахсий кабинет ёки буюртма қилинган  хат орқали хабар берилади.

Бундан солиқларни тўлашдан бўйин товлаш белгилари мавжуд бўлган    солиқ тўловчилар мустасно. Ушбу ҳолда  текширишлар  солиқ тўловчини  илгаридан хабардор қилмасдан бошланади.

Солиқ тўлашдан бўйин товлаш Солиқ кодексининг  “Солиқ базасини яшириш (камайтириб кўрсатиш)” деган 223-моддасига асосан аниқланади.

Ушбу модданинг мақсадида солиқ базасини яшириш (камайтириб кўрсатиш) деб қуйидагилар эътироф этилади:

товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган тушум суммасини ҳисобга олиш регистрларида акс эттирмаслик;

юкларни товар-кузатув ҳужжатларини расмийлаштирмасдан ёхуд сохта ҳужжатлар бўйича ташиш;

ҳисобда реализация қилинмаган деб кўрсатилган товарларнинг омборда ёки реализация қилиш жойида мавжуд эмаслиги;

расмийлаштирилмаган (кирим қилинмаган) товарларни сақлаш, улардан фойдаланиш ва реализация қилиш;

товарлар (хизматлар) реализация қилинганлигидан далолат берувчи ҳужжатларни алмаштириш, сохталаштириш ёки йўқ қилиш;

қалбаки бирламчи бухгалтерия ҳужжатларидан фойдаланиш;

назорат-касса техникасининг фискал хотираси хизмати дастурига ноқонуний равишда ўзгартириш киритиш;

фойдаланилмаган моддий харажатларни фойдаланилган деб, ишлаб чиқариш ҳисоботига қўшиш;

товарларни сотишдан (хизмат кўрсатишдан) олинган тушумни ҳисобот давридан кейинги даврга ўтказиш (сотиш ҳажмини ва даромадни (фойдани) қасддан камайтириш);

моддий, ёқилғи-энергетика ресурслари харажатларини (лимитларни) ва амортизация (эскириш) нормасини сунъий равишда ошириш ёки нормативларни нотўғри қўллаш;

иш берувчи билан меҳнат муносабатларида бўлган ходимларнинг ҳақиқий иш ҳақи суммаси солиқ ҳисоботида акс эттирилмаганлиги;

меҳнат фаолиятини амалга оширувчи ходимларнинг солиқ ҳисоботида акс эттирилмаганлиги;

реализация қилинган товарлар қийматини ҳисоб ҳужжатларида ҳақиқатда реализация қилинган қийматидан пасайтирилган нархлар бўйича акс эттириш.

Текширишни ўтказиш тартиби

Солиқ аудити:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри давлат солиқ бошқармалари томонидан — ўз ҳудудида солиқ тўловчи сифатида  рўйхатдан ўтган   солиқ тўловчиларда;

йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси томонидан йирик солиқ тўловчиларда;

Давлат солиқ қўмитаси томонидан юқори даражадаги таваккалчилик (солиқ хавфи) тоифасига мансуб бўлган солиқ тўловчиларда амалга оширилади.

Солиқ аудитида иштирок этиш учун бошқа солиқ органларининг мансабдор шахслари жалб этилиши мумкин.

Солиқ аудитини ўтказиш тўғрисидаги буйруқда қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

солиқ аудити ўтказиш учун асослар;

солиқ тўловчининг номи ва идентификация рақами;

солиқ аудитини ўтказувчи шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими;

солиқ аудитини ўтказиш муддати;

солиқ аудитининг мақсади (текшириладиган солиқ даврида барча солиқлар ва йиғимлар ёки айрим солиқ тури).

Солиқ аудити бошланишидан олдин солиқ аудитини ўтказувчи шахс қуйидагиларни амалга ошириши лозим:

шахсий хизмат гувоҳномасини ва текширув ўтказиш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномасини кўрсатиши;

солиқ тўловчини ёки унинг вакилини текширув мақсади билан таништириши;

“Текширувларни рўйхатга олиш китоби”ни тўлдириши, китоб ёки унинг электрон шаклини тўлдириш имкони мавжуд бўлмаган тақдирда, бу ҳақда солиқ аудити далолатномасида қайд этиши;

солиқ аудитини тайинлаш тўғрисидаги буйруқнинг бир нусхасини солиқ тўловчига тақдим этиши;

солиқ тўловчининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шу жумладан текширув устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ёки тадбиркорлик субъектларининг бошқа тегишли бирлашмаларини жалб қилишга ҳақли эканлигини тушунтириши.

19.09.2020