ПАНДЕМИЯ ДАВРИДА БИЗНЕСНИ  ДАВЛАТ ТОМОНИДАН  ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ

изменения

Шу йил 3 апрель куни коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти бизнесни қўллаб-қувватлаш шартлари акс этган Фармон имзоланганини маълум қилди.

Туризм ва меҳмонхона хўжалиги фаолияти билан шуғилланаётган тадбиркорлар жорий йилнинг охирига қадар ер солиғи ва мол-мулк солиғидан озод қилинадилар. Улар учун ижтимоий солиқ ҳозирги 12 фоиздан – 1 фоизгача камайтирилди.

Карантин тадбирлари даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи қатъий белгиланган суммасини ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилади.

 Тушуми жорий йилнинг биринчи чорагидаги ўртача ойлик миқдорига нисбатан 50 фоиздан кўпроққа камайган кичик бизнес субъектларига жорий йилнинг 1 октябрга қадар ер солиғи, мол-мулк солиғи, ижтимоий ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқларни кечиктириб тўлаш ҳуқуқи берилади. Тадбиркорлар уйларидан чиқмаган ҳолда солиқ органларини мазкур имтиёздан фойдаланаётганликлари тўғрисида хабардор қилиб қўядилар.

2020 йил 1 апрелдан бошлаб юридик шахслар томонидан газ ва электр энергияси бўйича олдиндан ҳақ тўлаш тўғрисидаги мажбурий талаб 30 фоизгача пасайтирилди.

Тадбиркорларга Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан бериладиган ёрдамлар доираси кенгайтирилади.

Ҳозирги пайтда Жамғарма тадбиркорларнинг фоиз ставкаси 24 фоиздан ошмайдиган кредит бўйича харажатларини 8 фоизга қоплаб бермоқдалар.

Давлат 28 фоизгча бўлган фоиз ставкали кредит харажатларини 12 фоизини компенсациялайди. Бунинг учун 3 триллион сўмлик кредитларнинг фоизларни қоплашга Жамғармадан тадбиркорларга қўшимча 400 миллиард сўм ажратилади. Шунингдек, бир тадбиркорнинг фақат битта лойиҳасигагина кафиллик қилишга қўйилган чеклов ҳам бекор қилинди.

Жамғарма ижобий кредит тарихига эга бўлган тадбиркорларга кредит суммасининг 75 фоизигача (ҳозирги вақтда 50 фоиз) бўлган миқдорда кафиллик тақдим этади. Кафилликнинг энг юқори суммаси ҳозирги 8 миллиард сўмдан 10 миллиард сўмга оширилди.

Аҳолининг, якка тартибдаги тадбиркорлар ва тадбиркорларнинг мураккаб вазиятда қолган 12 триллион сўм миқдоридаги кредитларининг қайтарилиш муддати узайтирилади.

Пахта-тўқимачилик кластери пахта тайёрлаш учун 2019 йил олган кредитларининг қайтариш муддати 1 октябргача узайтирилади.

Жорий йил охирига қадар импорт қилинадиган ун, ўсимлик ёғлари, гўшт ва сут маҳсулотларига, шакар, гигиена воситалари сингари асосий истеъмол товарларига божхона тўловлари ва акциз солиғи олинмайди.

Фаолиятнинг уй шароитида амалга ошириладиган турларини қўллаб-қувватлаш миқёси кенгайтирилмоқда. Соҳага бу йили яна 50 миллион доллар ажратилади. Яратилаётган шароитлар – ҳунармандлар учун катта имконият ҳисобланади.

23.06.2020