Ҳар бир жисмоний шахсга онлайн НКМ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фискал хотирали назорат-касса машиналарини қўллаш тартибини янада такомиллаштириш  чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан  2018 йил  1 январдан нақд пулда амалга оширилган ҳисоб-китобларни   автоматик тарзда  назорат этиш тизими жорий этилди. Яъни одатдаги касса аппаратларини, маълумотларни  солиқ хизматига узатадиган онлайн функцияси  бўлган янгисига алмаштириш зарур бўлади.

Тизим босқичма-босқич амалга оширилади:

амалга ошириладиган ҳисоб-китоблар ҳажмини аниқлаш учун 2018 йилнинг 1 январидан 30 мартигача Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоятлар марказларида 500 тадан 1000 тагача бўлган онлайн НКМлардан фойдаланилади;

2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоятлар марказларида барча юридик шахслар товарларни реализация қилиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишда аҳоли билан нақд пулдаги ҳисоб-китобларни мажбурий тарзда онлайн НКМ ёрдамида амалга оширади;

2018 йилнинг 1 декабридан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барча юридик ва жисмоний шахслар товарларни реализация қилиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишда аҳоли билан нақд пулдаги ҳисоб-китобларни мажбурий тарзда фақат онлайн НКМни қўллаган ҳолда амалга оширади;

 Қарорнинг мазкур банди қоидалари қонунчиликка мувофиқ фаолиятининг ўзига хос хусусияти сабабли назорат-касса машиналарини қўлламасдан амалга ошириши мумкин бўлган айрим тоифадаги юридик ва жисмоний шахсларга, шунингдек, телекоммуникация тармоқлари билан қамраб олинмаган олис ва бориш қийин бўлган аҳоли пунктларида тадбиркорлик фаолиятини амалга оширадиган юридик ва жисмоний шахсларга татбиқ этилмайди;

Бу жуда муҳим!

Юқорида белгиланган муддатлар тугагандан кейин онлайн НКМларни қўлламасдан товарларни реализация қилиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш назорат-касса машинасини қўллаш тартибини бузиш деб қаралади ва қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Онлайн НКМни бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олиш мумкин.  Юридик ва жисмоний шахсларни янги аппаратлар билан таъминлаш  ишлари билан “Узэлтехсаноат” акциядорлик компанияси шуғулланади.

Давлат солиқ қўмитаси  2018 йилнинг 1 майидан юридик ва жисмоний шахсларга тегишли онлайн НКМларни белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва рўйхатдан чиқарилишини, жаҳон информацион Интернет тармоғи орқали амалга оширади.

07.04.2018