Назорат хариди: сабаб ва оқибатлар

контрольная закупка

Назорат хариди — чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китобларга, шу жумладан, нақд чет эл валютасидаги ҳисоб-китобларга доир ҳуқуқбузарликларни солиқ текширувлари давомида аниқлаш учун ўтказилади.

Корхонанинг текшириш ўтказиш рўйхатига киритилишига асос бўладиган сабаблар:

қонун бузилиши ҳолатлари тўғрисида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари;

тўлов терминаллари ва назорат-касса машиналари ўрнатмаган ёки тижорат банкида  ҳисоб рақамини очмаган чакана савдо ёки хизмат кўрсатиш билан шуғилланаётган субъект тўғрисида маълумот келиб тушганда;

субъектнинг топшираётган пул тушуми камайгани ёки бутунлай тўхтаб қолгани тўғрисида банк муассасаси, инкассация хизмати, шунингдек ҳудудий пул-кредит комиссиясининг маълумоти.

Ҳуқуқбузарликлар тўғрисида маълумотлар пайдо бўлганда давлат солиқ хизмати ходимлари қисқа муддатли текшириш ўтказишга рухсат олиш учун  назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашига мурожаат этадилар.

Одатда нималар текширилади?

Назорат-касса аппаратининг мавжудлиги;

Тўлов терминалининг борлиги;

Чеклар берилаётганлиги;

Нақд пул маблағлари ёки пластик карточкалар бўйича тўлов шаклига қараб нархларни сунъий равишда оширилиши ёки пасайтирилиши.

Назорат хариди  ўтказиш

Текшириш-назорат харидидан бошланади. Сотиб олувчи сифатида  унда  ҳарқандай балоғат ёшига етган шахс иштирок этиши мумкин.

Давлат солиқ хизмати органи ходими томонидан назорат харидини ўтказишга ва унинг натижаларини расмийлаштиришга текширув натижасидан манфаатдор бўлмаган вояга етган жисмоний шахслар холислар сифатида жалб этилади.

Назорат хариди ўтказилиб, тўлиқ ҳисоб-китоб қилингандан сўнг, давлат солиқ хизмати органининг масъул ходимлари томонидан ўз хизмат гувоҳномалари ва текширишларни ўтказишга рухсат берилганлиги тўғрисидаги махсус гувоҳнома кўрсатилган ҳолда қисқа муддатли текшириш эълон қилинади. Қисқа муддатли текшириш учун асос бўлган ҳужжатлар нусхалари текшириш тугаллангунга қадар текширилаётган тадбиркорлик субъекти (унинг вакили) ёки жисмоний шахсга тилхат олиб топширилади.

Текшириш ўтказиш тўғрисидаги буйруқда қайд этилган  маълумотларнинг тўғрилигини текшириб кўринг!

Назорат қилувчи органнинг текширишни ўтказиш тўғрисидаги  буйруғида текшириладиган субъектнинг номи, солиқ тўловчининг индентификация рақами, текшириш мақсадлари, текширувчи мансабдор шахсларнинг таркиби, текшириладиган давр, текширишни ўтказиш муддати ва номи, шу асосда текшириш ўтказилаётган ҳужжатнинг рақами ва вақти кўрсатилади.

Эътибор беринг!

Текширувчи мансабдор шахс қонунчиликда белгиланган тартибда хўжалик юритувчи субъект томонидан тақдим этилган “Текширишларни ҳисобга олиш китоби”ни тўлдириши шарт. Техник имкониятлар  мавжуд бўлганда “Текширишларни ҳисобга олиш китоби”нинг электрон нусхасини тўлдириши керак. Бу ҳолда “Текширишларни ҳисобга олиш китоби”нинг қоғоз нусхасини тўлдириш талаб этилмайди.

Текшириш якунлари

Ўтказилган назорат хариди натижаси бўйича уч нусхада назорат харидини ўтказиш баённомаси расмийлаштирилади.

Назорат харидини ўтказиш баённомаси назорат харидини амалга оширган шахслар ва тадбиркорлик субъекти томонидан имзоланади. Тадбиркорлик субъекти назорат харидини ўтказиш баённомасига имзо чекишдан бош тортган ҳолларда, баённомага бу ҳақда тегишли ёзув киритилиб, назорат харидини амалга оширган шахсларнинг имзоси билан тасдиқланади.

Текширилаётган тадбиркорлик субъекти  баённомани имзолашдан бош тортиш сабабларини Назорат харидини ўтказиш баённомасида кўрсатиш ҳуқуқига эга.

Назорат харидини ўтказиш баённомасининг бир нусхаси текширилаётган тадбиркорлик субъектига баённома нусхасини олганлигини тасдиқловчи имзо қўйдирган ҳолда берилади.

Назорат хариди ўтказилиб, ўзаро ҳисоб-китоблар якунлангач, назорат харидини ўтказишда фойдаланилган пул маблағлари текширилган тадбиркорлик субъекти томонидан давлат солиқ хизмати органининг масъул ходимларига, харид қилинган товарлар, кўрсатилган хизматлар ва бажарилган ишларнинг натижалари (назорат хариди предметлари) эса, давлат солиқ хизмати органининг масъул ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектига қайтариб берилиши шарт, қайтариб бериш имкони бўлмаган ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ олиб қўйилиши лозим бўлган назорат хариди предметлари бундан мустасно. Бунда олиб қўйилган ҳуқуқбузарлик предметлари бўйича алоҳида баённома тузилади ҳамда мазкур баённома назорат харидини амалга оширган шахслар ва тадбиркорлик субъекти томонидан имзоланади.

Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлигидан далолат берувчи ҳужжатлар ва ҳуқуқбузарлик предметлари солиқ текширувини ўтказаётган давлат солиқ хизмати органи масъул ходимларининг асослантирилган қарори асосида олиб қўйилиши мумкин. Солиқ тўловчининг фаолиятини тўхтатиб қўйишга олиб келадиган предметларни олиб қўйиш фақат суд қарори асосида амалга оширилади. Солиқ текширувига тааллуқли бўлмаган предметларни олиб қўйиш ман этилади.

Солиқ текширишлари Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 101-моддаси талаблари асосида тузилган далолатнома билан расмийлаштирилади, унга ўтказилган назорат хариди тўғрисидаги баённома илова қилинади.

Солиқ текшируви натижасида аниқланган ҳуқуқбузарлик фактлари бўйича материаллар Давлат солиқ хизмати органларининг тегишли бўлимларига ва улар орқали ҳуқуқни муҳофаза этиш органларига тақдим этилади.

22.03.2018