Назорат-касса техникалари ва ҳисоб-китоб терминаллари қўлланилишини текшириш

контрольная закупка

Солиқ қўмитаси 2020 йилнинг июнь ойида “Сайёр солиқ текширувини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низомни рўйхатга олди. (Адлия вазирлиги. №3247. 18. 06. 2020 й.).

Назорат-касса техникаси ва ҳисоб-китоб терминаллари қўлланилишини текшириш назорат харидини амалга ошириш йўли билан ва (ёки) савдо, умумий овқатланиш ёки хизмат кўрсатиш шохобчасида бевосита текширув ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

Нималар текширилади

Назорат хариди назорат-касса техникалари ва (ёки) ҳисоб-китоб терминалларидан харидорларга касса чеки берилиши, банк карталари орқали тўловлар қабул қилиниши ҳамда нақд пул маблағлари ва банк карталари орқали амалга ошириладиган тўловлар шаклига қараб нархлар сунъий равишда оширилиши ёки пасайтирилиши ҳолатлари мавжудлигини текшириш мақсадида амалга оширилади.

Сайёр солиқ текшируви жараёнида солиқ тўловчига тегишли шохобча кассаларида мавжуд нақд пул қолдиғи саноқдан ўтказилиб, назорат-касса техникаси хотирасига киритилган нақд пул суммаси билан солиштирилади ва натижаси бўйича нақд пул қолдиғини саноқдан ўтказиш далолатномаси тузилади.

Солиқ органлари назорат-касса техникалари ва ҳисоб-китоб терминаллари қўлланилишини савдо, умумий овқатланиш ёки хизмат кўрсатиш шохобчасида бевосита текшириши мумкин. Бунда текшириш қуйидагиларни аниқлаш мақсадида ўтказилади:

қонун ҳужжатларига мувофиқ назорат-касса техникаси ва ҳисоб-китоб терминали билан жиҳозланганлиги, шу жумладан, уларнинг солиқ тўловчи номига ва объект манзили бўйича расмийлаштирилганлиги;

назорат-касса техникалари тегишлилиги бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўлланиши рухсат этилган фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарининг давлат реестрига ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўлланилиши рухсат этилган онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал кассаларнинг давлат реестрига киритилганлиги;

назорат-касса техникасининг техник талабларга мувофиқлиги;

назорат-касса техникаси ва ҳисоб-китоб терминалларини қўллаш қоидаларига риоя этилиши.

Текшириш ўтказиш жараёни

Назорат харидини амалга оширишда қуйидагилар жалб қилиниши мумкин:

солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги тўғрисида мурожаат этган жисмоний шахс (юридик шахснинг ишончли вакили);

“Холис харидор” хизматини кўрсатувчи юридик шахс вакиллари;

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси вакиллари.

Назорат хариди ўтказилиб, ўзаро ҳисоб-китоблар якунлангач, назорат харидини ўтказишда фойдаланилган пул маблағлари текширилган солиқ тўловчи (унинг вакили) томонидан сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахсга, харид қилинган товарлар ва кўрсатилган хизматларнинг натижалари (назорат хариди предметлари) эса, сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахс томонидан солиқ тўловчига (унинг вакилига) қайтариб берилиши шарт, бундан қайтариш имкони бўлмаган ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ олиб қўйилиши лозим бўлган назорат хариди предметлари мустасно.

Текширув натижалари

Назорат харидини амалга оширган шахслар томонидан назорат харидида кузатилган ҳолатлар бўйича маълумотлар (ҳужжатлар, предметлар) харид якунланиши билан сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахсга тақдим этилади.

Ўтказилган назорат хариди натижаси бўйича баённома расмийлаштирилади ва сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахс, назорат харидини амалга оширган шахс ва солиқ тўловчи томонидан имзоланади.

Назорат харидини ўтказиш баённомасининг бир нусхаси солиқ тўловчига баённома нусхасини олганлигини тасдиқловчи имзо қўйдирган ҳолда берилади. Бунда назорат харидини ўтказиш баённомасини имзолашдан ва (ёки) унинг бир нусхасини олишдан бош тортган ҳолларда, сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахс томонидан баённомага бу ҳақда тегишли ёзув киритилади.

Назорат-касса техникалари ва ҳисоб-китоб терминаллари қўлланилишини савдо, умумий овқатланиш ёки хизмат кўрсатиш шохобчасида бевосита ўтказилган текшириш натижалари сайёр солиқ текшируви далолатномасида қайд этилади.

Солиқ тўловчи томонидан бошқа солиқ тўловчига тегишли назорат-касса техникалари ва (ёки) ҳисоб-китоб терминалларидан фойдаланиш ҳолати аниқланган тақдирда, сайёр солиқ текшируви далолатномасига улардан олинган харид чеки нусхаси, ҳисоб-китоб терминалининг русуми ва завод рақами тўғрисидаги маълумот ҳам киритилади.

Техник талабларга жавоб бермайдиган, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўлланиши рухсат этилган фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарининг давлат реестрига ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўлланилиши рухсат этилган онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал кассаларнинг давлат реестрига киритилмаган ёхуд бошқа солиқ тўловчига тегишли бўлган, шунингдек, фискал хотирага хизмат кўрсатувчи дастурий маҳсулоти (версия) бузилган назорат-касса техникаси мавжудлиги аниқланган тақдирда, сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахс томонидан баённома тузилади ҳамда ушбу назорат-касса техникаси вақтинча олиб қўйилади.

19.09.2020