Мактабгача таълим муассасалари (МТМ)

ДОУ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги   қарори давлат-хусусий шерикчилигини тавсия этади!

Тадбиркорларга мактабгача таълим муассасалари (МТМ) ташкил этиш учун қуйидагилар тавсия этилади:

30 йиллик муддатга:

мактабгача таълим нодавлат муассасаларининг биноларини қуриш учун бепул асосда доимий фойдаланишга ер майдонлари тақдим этиш;

мактабгача таълим нодавлат муассасалари биноларини қуриш учун фаолият юритаётган давлат мактабгача таълим муассасаларининг ҳудудида бепул асосда доимий фойдаланишга ер майдонлари ажратиб бериш;

мавжуд давлат мактабгача таълим муассасаларини реконструкция қилиш ва жиҳозлаш, кейинчалик эса уларни оталиққа олиш шарти билан мактабгача таълим нодавлат муассасалари объектларини қуриш учун бепул асосда ер майдонларини тақдим этиш;

бўш ётган давлат мулки объектларини, шу жумладан, фаолият кўрсатмаётган давлат мактабгача таълим муассасаларининг биноларини “ноль” харид қийматида сотиш;

тўлиқ бутланмай қолган давлат мактабгача таълим муассасаларининг фойдаланилмаётган хоналари ёки корпусларини узоқ муддатли бепул мақсадли фойдаланиш учун хусусий шерикларга топшириш.

15 йил муддат билан

концессия асосида қурилиш учун ер участкаси ёки реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун бино ажратиш;

10 йил муддат билан

хусусий шерикнинг мол-мулки негизида ташкил қилинган мактабгача таълим нодавлат муассасаларини моддий-техник ва молиявий таъминлаш;

3 йил муддат билан

оилавий мактабгача таълим нодавлат муассасаларини моддий-техник ва методик таъминлаш;

1 йил муддат билан

оталиқ шаклидаги хайрия фаолиятини олиб бориш.

Хусусий шерикнинг инновациявий мажбуриятлари:

ижтимоий қўллаб-қувватлашга  муҳтож  оилалар тарбияланувчиларининг  муайян миқдорини  ўқитиш  ва улар учун ота-оналар тўловларининг имтиёзли миқдорларини белгилаш (мазкур жойдаги давлат МТМ учун белгиланган  миқдоридан ошмайдиган миқдорда);

хусусий шерикка биркитилган давлат МТМнинг қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича ишларни амалга ошириш.

Солиқ ва божхона  имтиёзлари

Барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни тўлашдан 10 йилга озод этилади;

Фаолият кўрсатиши  белгиланган пайтдан бошлаб 2 йил муддатга –  тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича олиб келинадиган асбоб-ускуналар,  инвентарь, ўқув қўлланмалари ва  ўйин зоналари учун божхона тўловлари тўлашдан (божхона йиғимларидан ташқари)  озод қилинади.

2023 йилнинг 1 январига қадар муддатда мактабгача таълим нодавлат муассасалари учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси меҳнатга ҳақ тўлаш тарзида даромадларнинг 10 фоизи миқдорида, давлат-хусусий шерикчилиги асосида ташкил қилинган мактабгача таълим нодавлат муассасалари учун эса — давлат-хусусий шерикчилиги тўғрисидаги битим имзоланган ойдан бошлаб ўн йил муддатга 5 фоиз миқдорида белгиланди;

2018 йилнинг 15 апрелидан бошлаб мактабгача таълим муассасаларини кичик тадбиркорлик субъектлари жумласига киритиш учун уларнинг ўртача йиллик ходимлари чекланган сони 100 кишига етказилди.

Эътибор беринг:  солиқ ва божхона имтиёзлари мактабгача таълим соҳасида кўрсатилаётган хизматларидан оладиган соф тушум улуши умумий реализация ҳажмида ҳисобот (солиқ) даври якунларига кўра камида 80 фоизни ташкил этадиган мактабгача таълим нодавлат муассасаларига нисбатан қўлланилади.

18.06.2018