Ўзбекистоннинг барча минтақаларида мева-cабзавот кластери ташкил этилади

плодоовощ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида мева-сабзавотчиликни  жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ва туманлар ҳокимликлари барча ҳудудларда мева-сабзавот кластерлари ташкил этадилар.

Шунингдек, қуйидаги йўналишлар бўйича  мадад ва ёрдам бериш топширилган:

мева-сабзавот кластерларига ички ҳамда ташқи бозордаги эҳтиёж ва тупроқ-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда қишлоқ хўжалиги экинларини экиш, маҳсулот етиштириш ҳажми, уларнинг нави ва турини белгилаш, шунингдек, фермер ва деҳқон хўжаликлари билан улар томонидан тайёрланаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш юзасидан шартномалар тузиш бўйича мустақил қарор қабул қилиш ҳуқуқи тақдим этилсин;

мева-сабзавот кластерларига кўчатзорлар, жумладан логистика марказлари (музлатгич, омбор, қайта ишлаш қувватлари, лаборатория, машина-техник станциялари учун инфратузилма бинолари)ни ташкил қилиш учун ер майдонлари ажратиш тўғрисидаги қарорлар тезкор қабул қилинсин;

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига ирригация ва коллектор қурилмаларини тозалашда ёрдам кўрсатсин.

Мева-сабзавот кластерларига қуйидаги солиқ ва божхона имтиёзлари берилади:

кўчатхоналар ва иссиқхоналарда уруғ, кўчат ва пайвандтаг етиштирувчи ва уларни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига етказиб берувчи хўжалик юритувчи субъектлари барча турдаги солиқ ва йиғимлар тўлашдан (ягона ижтимой тўлов бундан мустасно);

четдан олиб кирилаётган уруғлар, кўчатлар ва пайвандтаглар, минерал ўғитлар, ўсимликларни кимёвий ҳимоялаш воситалари, замонавий энергия тежовчи иссиқхоналар ва уларнинг бутловчи қисмлари иловага мувофиқ божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғим бундан мустасно);

импорт бўйича олиб кирилаётган, мева-сабзавот маҳсулотларини ташишга ихтисослашган транспорт воситалари (ТИФ ТН кодлари – 870120, 870421, 870422, 871639) божхона тўловлари ва Республика йўл жамғармасига йиғимлар тўлашдан озод этиладилар.

2018 йилнинг 1 январидан мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирувчи ташкилотларга даромадга воситачи ташкилотлар учун кўзда тутилган ставка бўйича солиқ солган ҳолда мукофот суммасидан ягона солиқ тўловини тўлаш ҳуқуқи берилди, 2018 йилнинг 1 апрелидан битта мева-сабзавот кластери ичида сотиладиган маҳсулотга қўшимча қиймат солиғи солинмайди ва давлатнинг мақсадли фондларига мажбурий ажратмалар ундирилмайди.

06.05.2018