Меҳмон уйи нима

гостевой дом

“Оилавий меҳмон уйлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Низомга асосан уларнинг асосий иш тамойиллари белгилаб берилди.

Атамалар

Оилавий меҳмон уйи  (кейинги ўринларда “меҳмон уйи” деб аталади) — мазкур меҳмон уйида уй эгасининг оила аъзолари билан бирга яшаш тамойили бўйича бир вақтнинг ўзида 10 нафаргача ташриф буюрувчиларга (туристларга) вақтинча яшаш ва (ёки) овқатланиш бўйича хизматлар кўрсатувчи, шунингдек, ҳар бир яшовчи шахсга 3 м2 ҳисобидан тўғри келадиган турар  жой майдонига эга бўлган хусусий уй-жой ҳисобланади.

Оилавий меҳмон уйлари ягона реестри (кейинги ўринларда Реестр деб аталади) — юритилиши Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан амалга ошириладиган меҳмон уйлари тўғрисидаги маълумотларнинг ахборот базаси.

Меҳмон уйларини сертификатлаштириш

Меҳмон уйларининг эгалари  ўз фаолиятларини хусусий ва оилавий тадбиркор сифатида амалга оширишлари мумкин.

Меҳмон уйлари эгалари фақат улар Реестрга киритилганидан кейингина хизмат кўрсатиш ҳуқуқига эгадирлар.

Меҳмон уйлари хизматларини сертификатлаштириш соддалаштирилган ҳолда, меҳмон уйларини ўрганиш далолатномаси асосида уларни Реестрга киритиш ва Реестрдан тегишли кўчирма бериш йўли билан амалга оширилади.

Реестр электрон шаклда юритилади  ва ваколатли давлат органи веб-сайтига жойлаштирилади.

Аризачи уни Реестрга киритиш учун ваколатли давлат органига ариза беради.

киритиш учун ваколатли давлат органига  ариза беради.

Меҳмон уйини Реестрдан чиқариш қуйидаги ҳолатларда амалга оширилади:

меҳмон уйи эгаси томонидан Реестрдан ихтиёрий равишда чиқариш тўғрисида ариза берилса;

хусусий тадбиркорлик фаолияти тугатилса ёхуд оилавий тадбиркорлик субъекти белгиланган тартибда тугатилса;

ваколатли давлат органи томонидан ўрганиш ва меҳмон уйларида яшаётган шахсларни анкеталаштириш давомида мазкур Низом талабларининг сурункали равишда бузилиши аниқланса.

ўрганиш вақтида аниқланган бузилишлар меҳмон уйи эгаси томонидан бартараф этилгандан сўнг у Реестрга киритиш тўғрисида такроран ариза топшириши мумкин.

Меҳмон уйлар учун талаблар

Меҳмон уйлари кўрсатадиган  хизматларга талаблар қуйидаги мақсадларда қўйилади:

меҳмон уйининг вақтинчалик яшаш бўйича хизмат (кейинги ўринларда хизматлар деб аталади) кўрсатиш соҳасига мувофиқлигини тасдиқлаш;

меҳмон уйларида унинг эгаси томонидан қайд этилган кўрсатиладиган хизматлар ва зарур моддий-техник базанинг мавжудлигини тасдиқлаш;

хизмат кўрсатишнинг зарур даражадаги сифатини ва ташриф буюрувчиларнинг (туристларнинг) хавфсизлигини таъминлаш.

Меҳмон уйлари ташкил этилганда унда қуйидаги  шароитлар бўлиши керак:

Ташриф буюрувчилар (туристлар) учун санитария-гигиена қулайликларини ташкил этиш;

Ташриф буюрувчиларнинг (туристларнинг) хавфсизлигини таъминлаш;

Ташриф буюрувчиларнинг (туристларнинг) қулай ва яхши яшашлари учун шароитлар ташкил қилиш.

Шунингдек, меҳмон уйларни  жиҳозлаш борасида  қўшимча хизматларнинг  тавсия этилган рўйхати ҳам мавжуд.  Бироқ тавсиялар мажбурий ҳисобланмайди ва уларни  Реестрга киритишдан рад этишга асос бўла олмайди.

 Меҳмон уй эгаларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Меҳмон уй эгаларининг ҳуқуқлари

ижарада турувчиларни (туристларни) меҳмон уйига уларни бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғи ва ахборот-туристик марказлари орқали, улар мавжуд бўлмаган ҳолларда эса, билдириш тартибида ҳудудий ички ишлар органларига мурожаат қилиш йўли билан рўйхатга қўйиш орқали ижара шартномасини расмийлаштирмасдан жойлаштириш;

ташриф буюрувчилар (туристлар) томонидан жамоат тартиби меъёрлари бузилган ҳолларда жойлардаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ўзаро боғланиб ҳаракат қилиш;

туризм фаолияти субъектларига берилган имтиёзлардан қонунчиликда белгиланган тартибда фойдаланиш.

Мавсумий бўлмаган даврда меҳмон уйларининг эгалари рўйхатга олиш ва солиқ органларига меҳмон уйи фаолияти вақтинча тўхтатиш ва улар ўз фаолиятини вақтинча амалга оширмайдиган қайд этилган даврга солиқ ҳисобланишини вақтинча тўхтатиб қўйиш тўғрисида ариза бериш йўли билан вақтинча ўз фаолиятларини тўхтатиш ҳуқуқига эга бўладилар.

 

Меҳмон уй эгаларининг мажбуриятлари:

фаолиятини қатъий равишда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириши;

санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиена нормативлари, шунингдек, эпидемияга қарши ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилишини таъминлаши;

Меҳмон уйлари реестрига киритилган маълумотлар ўзгарганлиги, шунингдек, ўз фаолиятини тугатганлиги тўғрисида уч иш куни мобайнида ваколатли давлат органини ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилишлари шарт.

Ваколатли давлат органи қуйидагиларга мажбур:

вақтинчалик яшаш бўйича хизматлар кўрсатиш тартиби билан таништириш учун, шунингдек, режали асосда меҳмон уйлари ходимларининг билими ва малакасини ошириш имконини берувчи профилактика ва тушунтириш ишлари, мастер-класслар, тренинглар ва бошқа тадбирларни ташкиллаштириш;

меҳмон уйларининг самарали фаолият кўрсатишини ташкиллаштириш ва таъминлашда ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш;

манфаатдор давлат органлари билан ҳамкорликда меҳмон уйларининг эгаларини фавқулодда вазиятлардаги ҳаракатлар тартиби билан таништириш;

меҳмон уйларининг эгаларини туризм соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва норматив ҳужжатлардаги ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида хабардор қилиб бориш;

замонавий ахборот-коммуникация технологияларини меҳмон уйлари билан ўзаро муносабатлар соҳасига фаол равишда жорий қилиб бориш.

Имтиёзли кредитлар

Тижорат банкларига Оилавий меҳмон уйлари ягона реестрига киритилган хусусий тадбиркорлар ва оилавий тадбиркорлик субъектларининг буюртмаларига биноан энг кам ойлик иш ҳақининг 300 баробаригача миқдорда, беш йил муддатга, шу жумладан 2 йиллик имтиёзли давр билан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан юқори бўлмаган ставка бўйича имтиёзли кредитлар ажратиш тавсия қилинди.

Бунда тижорат банклари томонидан ажратилаётган фоиз ставкаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасининг 1,5 баробаридан ортиқ бўлмаган кредитлар бўйича фоизлар миқдорининг ярми Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг маблағлари ҳисобидан қопланади.

20.11.2018