Махсус иқтисодий зоналар

экономическая зона

“Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида” Қонун қабул этилди. Қонун 2020 йилнинг май ойидан кучга киради.

Махсус иқтисодий зоналар нима

Махсус иқтисодий зона – тегишли ҳудудни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун чет эл инвестициялари ва маҳаллий инвестицияларни, юқори технологиялар ҳамда бошқарув тажрибасини жалб этиш мақсадида махсус ажратилган, белгиланган чегараларга ва махсус ҳуқуқий режимга эга бўлган ҳудуд;

 

Махсус иқтисодий зоналар қуйидаги турда ташкил этилиши мумкин:

 

Эркин иқтисодий зона  янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш, юқори технологик ишлаб чиқаришни ривожлантириш, замонавий рақобатбардош, импорт ўрнини босувчи, экспортга йўналтирилган тайёр саноат маҳсулотини ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга фаол жалб этиш, шунингдек ишлаб чиқариш, муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт, ижтимоий инфратузилмани ва логистика хизматларини ривожлантиришни таъминлаш мақсадларида ташкил этиладиган ҳудуд.

Махсус илмий-технологик зона – инновация инфратузилмасини ривожлантириш мақсадларида илмий ташкилотлар ва илмий фаолият соҳасидаги бошқа ташкилотлар (технологик парклар, технологияларни тарқатиш (технологиялар трансфери) марказлари, инновацион кластерлар, венчур фондлари, бизнес-инкубаторлар ва бошқалар) тўпланган ҳудуд.

Туристик-рекреацион зона – унда замонавий туристик инфратузилма объектларини (меҳмонхона комплекслари, маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар ва бошқа туристик аҳамиятдаги объектларни), махсус фаолият кўрсатувчи ва мавсумий рекреацион дам олиш зоналарини туристларга хизмат кўрсатиш мақсадида зарур шарт-шароитларни таъминлаган ҳолда барпо этишга доир инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ташкил этиладиган ҳудуд.

Эркин савдо зоналари консигнация омборларини, махсус божхона
ва солиқ режимлари бўлган ҳудудларни, шунингдек товарларга ишлов бериш, уларни ўраб-жойлаш, саралаш, сақлаш учун майдончаларни
ўз ичига олади. Эркин савдо зоналари чегара пунктларида, аэропортларда, темир йўл боғланмаларида ёки Ўзбекистон Республикасининг бошқа божхона ҳудудларида ташкил этилади.

Махсус саноат зонаси – бошқарув, хўжалик ва молиявий фаолиятнинг алоҳида режими жорий этиладиган ҳудуд. Махсус саноат зоналари зарур маъмурий, илмий-технологик, ишлаб чиқариш, муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт ва ижтимоий инфратузилмани барпо этиш учун ер участкаларини ажратиш орқали шакллантириладиган хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш зоналарини ўз ичига олади.

 

Махсус иқтисодий зона иштирокчилари нималар олади 

Махсус иқтисодий зонанинг маъмурий кенгаши махсус иқтисодий зона ҳудудида жойлашган бўш турган ва фаолият кўрсатмаётган давлат мулки объектларини махсус иқтисодий зона иштирокчиларига, инвестиция мажбуриятлари қабул қилинган ҳолда, реализация қилиш, шу жумладан “ноль” харид қиймати бўйича реализация қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар алоҳида ҳолларда фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва доривор ўсимликлар етиштириш мақсадида фармацевтика ҳамда аграр йўналишдаги махсус иқтисодий зоналар учун истисно тариқасида берилиши мумкин.

Дирекция махсус иқтисодий зона иштирокчилари билан шартномалар асосида маркетинг хизматлари, шунингдек маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларда тарғиб қилиш бўйича хизматлар кўрсатади.

Дирекция инвесторларни, махсус иқтисодий зонанинг иштирокчиларини ахборот билан таъминлайди, шу жумладан уларнинг давлат органлари
ва бошқа ташкилотлар вакиллари билан учрашувларини ташкил этади.

Дирекция махсус иқтисодий зона ҳудудидаги ер участкаларини, шунингдек бинолар ва иншоотларни махсус иқтисодий зона иштирокчиларига эгалик қилишга, фойдаланишга ва ижарага беради.

Иштирокчилар ер участкалари, бинолар, иншоотларни фойдаланиш учун олишлари, шу жумладан ижара ҳуқуқи асосида фойдаланиш учун олишга ҳамда ушбу Қонунда назарда тутилган тартибда ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш учун инфратузилма объектларини қуришлари мумкин.

Махсус иқтисодий зоналарда махсус божхона, солиқ режими, шунингдек фуқароларнинг кириш, чиқиш ва бўлиш режими, меҳнат муносабатлари, молия-кредит фаолиятини амалга ошириш шартлари ҳамда инвестицияларни жалб қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш ва махсус иқтисодий зонани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рағбатлантиришга қаратилган бошқа режим ўрнатилиши мумкин.

Махсус божхона режимида қуйидагилар назарда тутилади:

божхона тўловлари ставкаларини вақтинча бекор қилиш ёки пасайтириш;

экспортга ёки импортга нисбатан нотариф чекловларни бекор қилиш, енгиллаштириш.

Махсус иқтисодий зоналар иштирокчилари томонидан экспорт қилинаётган ёки импорт қилинаётган товарларни божхона тўловлари бўйича имтиёзлар қўлланилган ҳолдаги божхона расмийлаштируви қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Махсус иқтисодий зоналар иштирокчилари қуйидагиларни тўлашдан озод этилади:

республикада ишлаб чиқарилмайдиган ва инвестиция битимига мувофиқ инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун қурилиш даврида белгиланган тартибда олиб кирилган қурилиш материаллари учун божхона тўловларини (бундан қўшимча қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви учун йиғимлар мустасно);

тасдиқланган рўйхат бўйича технологик ускуналарнинг ўхшаши Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиганини олиб киришда божхона тўловларини (бундан божхона расмийлаштируви учун йиғимлар мустасно).

Махсус иқтисодий зоналар иштирокчилари томонидан ишлаб чиқариш ва маҳсулотларни экспортга реализация қилиш учун фойдаланадиган хом ашё, материаллар ва бутловчи қисмлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилганда божхона тўловлари (бундан божхона расмийлаштируви учун йиғимлар мустасно) тўланмайди.

Махсус иқтисодий зона иштирокчилари товарларни импорт қилганда қўшилган қиймат солиғини 120 кунгача муддатга кечиктириб тўлаши мумкин.

Ҳисобланган солиқ суммасидан ҳисобга олинадиган қўшилган қиймат солиғи суммасининг ошиб кетиши натижасида ҳосил бўлган қўшилган қиймат солиғи суммасининг ўрни эркин иқтисодий зона иштирокчисига 7 кун давомида соддалаштирилган тартибда қоплаб берилади.

Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ўзгарганда махсус иқтисодий зоналар иштирокчилари имтиёзлар амал қилиш муддати давомида, лекин ўн йилдан ошмаган муддат ичида солиқлар, йиғимлар ва бошқа тўловлар тўлаш бўйича улар Махсус иқтисодий зона иштирокчиларининг реестрига киритилган санада амалда бўлган нормалар ва қоидаларни қўллашга ҳақлидир, бундан акциз тўланадиган товарларга солиқ солинишини тартибга солувчи қонун ҳужжатларининг нормалари ва қоидалари мустасно.

Махсус иқтисодий зоналарнинг иштирокчилари экспорт қилинадиган ва импорт қилинадиган товарлар учун ўзига қулай бўлган шарт-шароитлардан, тўлов шаклларидан ва ҳисоб-китоблардан фойдаланишга ҳақли.

Махсус иқтисодий зоналарда махсус иқтисодий зоналарнинг иштирокчиларига нисбатан қонун ҳужжатларида назарда тутилган барча кафолатлар ва имтиёзларга риоя этилиши таъминланади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан қўшимча кафолатлар ва имтиёзлар берилиши мумкин.

Давлат органлари ва бошқа органлар ёхуд мансабдор шахслар томонидан юридик ҳамда жисмоний шахсларнинг фаолиятига асоссиз аралашганлик натижасида уларга етказилган зарарларнинг, шунингдек бой берилган фойда ва маънавий зиённинг ўрни суд тартибида қопланиши ёки компенсация қилиниши лозим.

12.03.2020