Ёшларнинг тадбиркорлик кластери

кластер

2017 йилнинг октябр ойида “Ёшлар тадбиркорлик кластерлари тўғрисида”ги Низом чиқди.

Ёшларнинг тадбиркорлик кластери нима?

Кластер деганда — муҳандислик-техник коммуникациялар билан таъминланган ва узоқ муддатли ижара ҳуқуқида фойдаланиш учун бериладиган ишлаб чиқариш майдонларини ўз ичига олган ҳудуд тушунилади;

 

Майдонлар 5 йилдан кўп бўлмаган муддатга “нол” ставкаси бўйича ижарага берилади.

Кластерни ташкил этишдан мақсад    ёш тадбиркорларга ишлаб чиқариш майдонларини тақдим этиш йўли орқали уларни тадбиркорлик ишларини бошлаш ва юритиш фаолиятига жалб қилишдир.

Қандай  қилиб кластер иштирокчиси бўлиш мумкин?

Кластерни ташкил этиш ҳақидаги қарор Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи (ЁИ) билан келишилган ҳолда қабул қилинади.

Ишлаб чиқариш майдонлари кластер иштирокчиларига ЁИ томонидан тақдим этиладиган асосланган ҳисоб-китобларга мувофиқ, кластернинг коммунал ва бошқа фойдаланиш харажатларини қоплаш шарти билан ижара ҳақининг “нол” ставкаси бўйича берилади.

Кластер иштирокчиси бўлиш учун инвестиция лойиҳасининг махсус шаклдаги паспортини илова қилган ҳолда тадбиркорни жойлаштириш тўғрисида ариза бериш керак.

Танлов тармоқлараро кооперацияни ривожлантириш ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш имконини берадиган саноатнинг турдош тармоқлари ва хизматлар кўрсатиш корхоналарини ташкил этишни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.

Ариза ва лойиҳа паспорти қуйидаги мезонларга мувофиқ кўриб чиқилади:

Ўзбекистон ёшлар иттифоқига аъзолик;

50 квадрат метрдан ортиқ бўлмаган ишлаб чиқариш майдонига эҳтиёж мавжудлиги;

техник ва технологик ускуналарни ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун монтаж ва демонтаж қилиш енгил ҳисобланади ва 2 кундан кўп вақтни олмайди;

кластерлар ишлаб чиқариш майдонларида жойлаштириладиган лойиҳаларда савдо фаолиятини амалга ошириш, экологик хавфсизликни таъминлашнинг юқори нормаларини талаб этадиган кимёвий, экологик хавфли маҳсулотлар ишлаб чиқариш назарда тутилмаган;

тахмин қилинаётган тадбиркорлик фаолияти кўп энергия талаб қиладиган ишлаб чиқариш ҳисобланмайди;

кластер ҳудудида жойлаштириладиган тадбиркорлик субъекти ходимлари умумий сонининг камида 70 фоизи 35 ёшгача бўлган ходимлардан иборат бўлади.

Ўзбекистон ЁИ аризани олган санадан бошлаб, 5 иш куни мобайнида ёшлар тадбиркорлик субъектининг таклифи ва лойиҳа паспортини кўриб чиқади ҳамда улар билан лойиҳани амалга ошириш тўғрисида битим ва ишлаб чиқариш майдонини тақдим этиш учун ижара шартномасини тузади.

 

Мажбурият ва ҳисоб-китоблар

Кластер иштирокчиларининг мажбуриятлари:

Кластерда ишлаб чиқариш фаолиятини келишув ёки шартнома  тузилган муддатдан эътиборан 3 ойдан кечиктирмасдан бошлаш;

ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш бошланган пайтдан икки ойдан кечиктирмасдан янги иш ўринларини ташкил этиш ва битим ёки ижара шартномасида назарда тутилган миқдорда қўшимча ходимларни ёллашни таъминлаш;

тузилган битим ва шартнома шартларини ўз вақтида бажариш;

Кластер иштирокчилари лойиҳани амалга ошириш шартномаси тузилган санадан бошлаб, ЁИга ҳар ойда  лойиҳани амалга оширишнинг ҳолати, яратилган иш ўринлари, маҳсулот (хизматлар) ишлаб чиқариш ҳажмлари, шунингдек тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга тўсқинлик қилаётган муаммоли масалалар хусусида батафсил ахборот тақдим этади.

Кластерни бошқариш

Кластерларни бошқариш вазифаси  ЁИ томонидан амалга оширилади.

Кластерларни бошқариш борасидаги ЁИнинг асосий вазифа ва функциялари қуйидагилардан иборат:

кластер иштирокчилари билан лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисида битимлар (кейинги ўринларда битим деб аталади) ва ишлаб чиқариш майдонларининг ижара шартномалари, шунингдек кластер ҳудудида хизматлар кўрсатиш ҳақида шартномалар тузиш;

кластер иштирокчиларининг битимлар ва ижара шартномаларига мувофиқ ўз зиммасига олган вазифаларни бажаришининг мониторингини олиб бориш;

кластернинг ташкилий-бошқарув фаолиятини амалга ошириш;

кластер иштирокчиларини уларнинг ишлаб чиқариш эҳтиёжларига мувофиқ муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминланиши мониторингини олиб бориш;

кластер иштирокчиларига ишлаб чиқариш фаолияти билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда кўмаклашиш;

кластер иштирокчилари ўртасида, шунингдек бошқа ишлаб чиқариш корхоналари билан кооперация алоқаларини ривожлантиришга ёрдам бериш;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига кластерлардан ташқарида тадбиркорлик фаолиятини давом эттириш ҳамда янада ривожлантириш учун ер участкалари рўйхатини шакллантириш бўйича буюртманомалар тақдим этиш.

ЁИ кластер иштирокчиларининг фаолиятини ташкил этиш ва уларнинг фаолият кўрсатиши билан боғлиқ пулли хизматлар кўрсатиш ҳуқуқига эга. Жумладан, ускуналар, мебель, техника ва бошқа жиҳозларни ижарага бериш, маркетинг ва бошқа тадқиқотлар ўтказиш, ҳужжатлар тайёрлаш, техник хизматлар кўрсатиш ва бошқаларга кўмаклашиши мумкин.

14.03.2018