Касаба уюшмалари – ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя этувчи қалқон

Налоги по зарплате

2020 йил 1 мартдан  “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги  Қонун кучга киради.

Касаба уюшмаси – фуқароларнинг ўз фаолияти ёки ўқиши тури бўйича умумий касбий манфаатлари билан боғлиқ бўлган, уларнинг меҳнатга оид, бошқа ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш мақсадида тузиладиган, ўз устави асосида фаолият кўрсатадиган ихтиёрий жамоат бирлашмасидир.

Касаба  уюшмалари ўз фаолиятларини жамоатчилик бирлашмаларида юридик шахс мақомида амалга  оширишлари мумкин, уларнинг  уставлари  адлия органларида  рўйхатга олинади.

Шунингдек, касаба уюшмалари  бирлашмаси сифатида ташкил этилиши мумкин. Касаба уюшмаларининг бирлашмаси – ходимларнинг касбий, меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини амалга ошириш ҳамда ҳимоя қилишда ҳаракатларнинг мувофиқлаштирилишига ва бирлигига эришиш мақсадида тармоққа доир, ҳудудий ёки касбий ўзига хосликни ҳисобга олувчи бошқа белги бўйича тузиладиган ихтиёрий бирлашма.

Касаба уюшмаларида қандай ваколатлари бор

Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, бўлинмалари  ва бошланғич касаба  уюшмалари ходимлар манфаатларини ҳимоя қилиш имконини берадиган кенг кўламдаги ҳуқуқларга эга.  Масалан:

аҳоли бандлигини таъминлаш, ишдан озод этилаётган ходимларни ҳимоя қилиш масалаларини, шунингдек ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга доир бошқа масалаларни ҳал қилишда иштирок этади;

ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиб судга даъво аризаси, шунингдек суд буйруғини чиқариш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилади;

ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этади;

давлат бандлик дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этади, бандликни таъминлаш, шу жумладан янги иш ўринларини ташкил қилиш ва мавжудларини сақлаб қолиш, ташкилотларнинг фаолиятини яхшилаш, ходимларнинг оммавий равишда ишдан озод этилишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар таклиф этади;

давлат органларидан, уларнинг мансабдор шахсларидан, иш берувчилардан ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатлари масалалари юзасидан бепул ахборот олади;

ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларини текширишда иштирок этади;

ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғилган ҳолларда ишларни тўхтатиб туриш тўғрисида, шунингдек меҳнатни муҳофаза қилиш талабларининг бузилишларини бартараф этиш ҳақида иш берувчига таклифлар киритади;

меҳнатни муҳофаза қилишнинг ҳолатини ўрганади, иш берувчиларнинг жамоа шартномалари ва келишувларида назарда тутилган меҳнатни муҳофаза қилишга доир мажбуриятларининг бажарилишини назорат қилади;

давлат органларига, уларнинг мансабдор шахсларига, иш берувчиларга, уларнинг бирлашмаларига (иттифоқларига, уюшмаларига) аризалар, шикоятлар ва таклифлар билан мурожаат қилади, уларга сўровлар юборади.

Касаба уюшмаларини молиялаш

Касаба уюшмалари ўз мулкига эгалик қилиш,  банкдан ҳисобварағи очиш ва тадбиркорлик билан шуғилланиш ҳуқуқларига эга.

Қуйидагилар касаба уюшмаларининг мол-мулкини шакллантириш манбалари бўлиши мумкин:

аъзолик бадаллари;

ихтиёрий мулкий бадаллар ва хайриялар;

тадбиркорлик фаолиятидан тушган тушумлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар.

Касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг, бўлинмаларининг ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларининг мол-мулкини шакллантириш манбаларидан олинган маблағлардан уларнинг таъсис ҳужжатларида белгиланган мақсадларга эришиш ва вазифаларни ҳал этиш учун фойдаланилади.

06.01.2020