Камерал солиқ текшируви 2020й

проверки

“Камерал солиқ текшируви ўтказиш тўғрисида”ги Низом  бу тадбирни ўтказиш тартибини белгилаб беради.

Текшириш  қандай ҳолларда ўтказилади

Камерал солиқ текшируви қуйидаги ҳолларда ўтказилади:

солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи даражасидан келиб чиқиб, “Таҳлика-таҳлил” дастурий маҳсулоти натижасига кўра солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи юқори ёки ўртача бўлганда;

солиқ органига жисмоний ва юридик шахсларнинг солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши ҳақидаги мурожаатлари келиб тушганда;

солиқ ҳисоботидаги хато ва (ёки) солиқ ҳисоботидаги тафовутлар аниқланганда.

Солиқ тўловчи томонидан илгари тақдим этилган солиқ ҳисоботига нисбатан тўланиши лозим бўлган солиқ суммаси камайтирилган ёки кўрилган зарар суммаси кўпайтирилганлиги сабабли, аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этиш ҳолатлари бўйича ушбу солиқ тўловчида камерал солиқ текшируви ўтказилади. Бунда, камерал солиқ текширувини ўтказиш, аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этилган кундан эътиборан уч кун ичида бошланади.

 

Нималар  текширилади

Камерал текшириш солиқ тўловчи (солиқ агенти)  (кейинги ўринларда  солиқ тўловчи) томонидан солиқ қонунчилигига  риоя  қилинишини назорат этиш учун ўтказилади.

Камерал солиқ текшируви солиқ органи жойлашган жойда амалга оширилади, бундан солиқ тўловчининг ҳудуд ва биноларини кўздан кечириш билан боғлиқ ҳолатлар мустасно.

Камерал солиқ текширувини ўтказиш давомида солиқ органлари Солиқ кодексининг 145 моддасига  биноан солиқ тўловчининг ҳудуд ва биноларини кўздан кечириши мумкин.

Ҳудуд ва биноларни кўздан кечириш тадбирлари солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботларида кўрсатилган кўрсаткичлар ва (ёки) маълумотлар ҳамда солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисида солиқ органида мавжуд бошқа маълумотларнинг ҳаққонийлигини тасдиқлаш учун ўтказилади.

Бунда, ҳудуд ва биноларни кўздан кечириш тадбирлари солиқ тўловчиларда белгиланган иш режимига асосан бир иш кунидан ошмаган вақт давомида ўтказилади ҳамда ушбу тадбир давомида ҳужжатлар ва буюмларни олиб қўйишга йўл қўйилмайди.

Ҳудуд ва биноларни кўздан кечириш тўғрисидаги далолатномага “Текширувларни рўйхатга олиш китоби”нинг тўлдирилган шакли (қоғоз шакли тўлдирилганда – электрон шакли тўлдирилмаганлиги сабаби) ёки китоб тақдим этилмаганда – унинг тақдим этилмаганлиги тўғрисида текширувчи томонидан тегишли ёзув киритилади.

Ҳудуд ва биноларни кўздан кечириш (амалга оширувчи) мансабдор шахс “Текширувларни рўйхатга олиш китоби”ни тўлдиришдан бош тортган тақдирда, солиқ тўловчи узининг ҳудуди ва биноларини кўздан кечириш тадбирларининг ўтказилишига йўл қўймасликка ҳақли.

Текширув нимадан бошланади

Камерал солиқ текшируви солиқ органи раҳбарининг (раҳбар ўринбосарининг) расмийлаштирилган буйруғи асосида ўтказилади. Камерал солиқ текширувини ўтказиш тўғрисидаги битта буйруқ асосида битта солиқ тўловчи текширувдан ўтказилиши мумкин.
Камерал солиқ текширувини тайинлаш тўғрисидаги буйруқда солиқ тўловчининг номи ва идентификация рақами, текширувчи шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими, текширувни ўтказиш муддатлари, текширилаётган давр, текширилаётган солиқларнинг ва йиғимларнинг турлари кўрсатилади.

Камерал солиқ текшируви жараёнида солиқ органи солиқ тўловчидан (учинчи шахсдан) расмийлаштирилган сўровнома орқали:

бирламчи ҳужжатларни, бухгалтерия ҳисоби регистрларини ҳамда солиқларни ҳисоблаб чиқариш учун асос бўлган бошқа ҳисоб ҳужжатларини;

тақдим этилган солиқ ҳисоботи ва ҳисоб ҳужжатларига доир тушунтиришларни;

солиқларни ва (ёки) йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш билан боғлиқ бошқа ахборотларни талаб қилиб олишга ҳақли.

Талабнома электрон ҳужжат тарзда солиқ тўловчининг шахсий кабинетига юборилади. Талабнома солиқ тўловчи томонидан  жўнатилган санадан эътиборан уч кундан кечиктирмай олинган деб ҳисобланади.

Агар солиқ тўловчида ёки унинг вакилида шахсий кабинети мавжуд бўлмаса, талабнома солиқ тўловчи ёки унинг вакилига почта орқали буюртма хат билан юборилади ва жўнатилган санадан беш кундан кейин олинган деб ҳисобланади.

Талабнома солиқ тўловчига ёки унинг вакилига шахсан мазкур талабнома олинган сана кўрсатилган ҳолда имзо қўйдириб топширилиши мумкин.

Текширишдан сўнг

Ўтказилган камерал солиқ текширувида солиқ ҳисоботида  тафовутлар ва (ёки) хатолар аниқланганда белгиланган шаклда  солиқ тўловчига талабнома юборилади. Талабномада  қуйидагилар кўрсатилиши керак:

солиқ ҳисоботида аниқланган    тафовутлар ва (ёки) солиқ ҳисоботидаги   хатолар;

қўшимча ҳисобланган  солиқлар, йиғимлар ва уларнинг  пенялари, шунингдек уларнинг асослари;

талабномага жавоб бериш ва қабул қилинган  чоралар муддати, жавоб қайтарилмаган тақдирда Солиқ  кодексининг 111 моддасига биноан қўлланиладиган  чоралар.

Сўровнома электрон ҳужжат тарзида солиқ тўловчининг шахсий кабинетига юборилади. Юборилган сўровнома жўнатилган санадан эътиборан уч кундан кечиктирмай олинган деб ҳисобланади.

Агар солиқ тўловчида солиқ тўловчининг шахсий кабинети мавжуд бўлмаса, сўровнома почта орқали буюртма хат билан юборилади ва у жўнатилганидан сўнг беш кундан кейин олинган деб ҳисобланади.

Ҳужжатларни тақдим этиш тўғрисидаги сўровнома текширилаётган шахсга (унинг вакилига) шахсан имзо қўйдирган ҳолда топширилиши ҳам мумкин.

Солиқ тўловчи солиқ органининг талабномасига жавобан текширувда аниқланган тафовутлар, ёки хатоларнинг асосномаларини ёки аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини, солиқ ҳисоботига киритилган маълумотларнинг тўғрилигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларни солиқ органига талабнома олинган кундан бошлаб ўн иш куни ичида тақдим этиши шарт.

Солиқ органларига аввал тақдим этилган даврга тааллуқли солиқ ҳисоботларига тузатишлар киритиш, солиқ қонунчилигида белгиланган тартибда ўша давр учун аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш йўли билан амалга оширилади.

Солиқ тўловчи талабнома  бўйича тушунтиришлар бериш ва тафовутларни далиллаш  билан бирга солиқ ҳисоботига киритилган маълумотлар тўғрилигини тасдиқловчи ҳужжатларни ҳам тақдим этиши  керак.

Солиқ тўловчи талабномада аниқланган тафовутни асослаш мақсадида солиқ маслаҳатчилари ташкилоти хулосаларини ҳам тақдим этишга  ҳақлидир.

Солиқ тўловчининг номидан бундай асосномани солиқ маслаҳатчилари ташкилоти ҳам солиқ тўловчи билан тузилган шартнома асосида мустақил равишда тақдим этиши мумкин.

Солиқ органининг талабномасига жавобан солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган тушунтиришлар, асосномалар ва бошқа ҳужжатлар солиқ органи раҳбари (раҳбар ўринбосари) томонидан ўн беш иш куни ичида кўриб чиқилади. Ушбу жараёнда солиқ тўловчи ва солиқ маслаҳатчиси бевосита иштирок этишга ҳақли.

23.06.2020