Иш ўринлари яратиш учун имтиёзли микрокредитлар ва субсидиялар

субсидии

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан бизнесни молиялаш учун иш ўринлари яратиш шарти билан кредитлар ажратиш  ҳақида  қарор қабул этилди.

Кредитлар “Микрокредитбанк” АТБ, “Агробанк” АТБ ва “Халқ банки” АТБ томонидан тақдим этилади.

Микрокредитлар кичик бизнес субъектларига, фермер ва деҳқон хўжаликларига, оилавий  тадбиркорлик субъектларига қуйидагилар учун ажратилади:

шахсий томорқа ва деҳқон хўжаликларида ишлаб чиқаришни ривожлантириш мақсадида иссиқхоналар ташкил этиш, уруғликлар, кўчатлар, чорва моллари ва паррандалар, қишлоқ хўжалиги инвентари ва ускуналари, суғориш мосламалари (насослар, артезиан қудуқлари ва бошқалар) харид қилиш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш, қурилиш материаллари, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат истеъмол моллари ишлаб чиқариш учун замонавий мини-ускуна ва хом ашё харид қилиш;

хизмат кўрсатиш соҳасида, айниқса, маиший, таъмирлаш, таълим, тиббий, ахборот-коммуникация ва бошқа талаб юқори бўлган соҳаларда фаолият кўрсатадиган корхоналар ташкил этиш ва жиҳозлаш;

қишлоқ туманларида, айниқса, хотин-қизлар ўртасида касаначиликни ривожлантириш;

туман ва шаҳарларнинг ишлаб чиқариш ихтисослашуви, мавжуд минерал хом ашё, ер, қишлоқ хўжалиги ва бошқа ресурсларни ҳисобга олган ҳолда бошқа йўналишлар;

Микрокредитлар энг кам иш ҳақининг 500 бараваригача бўлган миқдорда 3 йиллик муддатга, 6 ойлик имтиёзли давр билан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизи миқдоридаги фоиз ставкаси, шу жумладан, тижорат банкининг ажратиладиган кредит ставкасининг 50 фоизи миқдоридаги маржа билан тақдим этилади.

Бу ҳолда микрокредитлар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида рўйхатга олинган ишсиз шахсларга, меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларга, турмушида оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, кам таъминланган оилаларнинг аъзоларига ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд қатламларига гаров таъминотисиз энг кам иш ҳақининг 100 баравари миқдоридан ошмаган ҳажмда ажратилиши мумкин.

2018 йил 1 августдан Бандликка кўмаклашиш жамғармаси қуйидагилар учун бир марталик субсидиялар беради:

аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида рўйхатдан ўтган ва тадбиркорлик фаолиятини бошлашни хоҳловчи ишсиз шахсларга якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш, кичик корхоналар ва микрофирмаларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун харажатларни энг кам иш ҳақининг 2 баравари миқдорида тўлаш;

аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларига мансуб шахсларни, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларни захираланган (квоталанган) энг кам сондан ортиқ миқдорда ишга қабул қилган ташкилотларга – ҳар бир қабул қилинган ходим учун ҳар ойда энг кам иш ҳақининг 2 баравари миқдорида тўлаш. Бунда ишга қабул қилинган мазкур тоифадаги шахсларнинг бандлигини энг кам сон (квота) ошган санадан бошлаб камида 12 ой давомида сақлаш шарти назарда тутилади;

иш берувчиларга – аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларининг йўлланмаси бўйича ишга қабул қилинган аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларига мансуб ходимларни, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларни касбга қайта ўқитиш ва уларнинг малакасини оширишга сарфланадиган харажатларни молиялаштиришга ҳар бир ходим учун энг кам иш ҳақининг 3 баравари миқдорида тўлаш.

07.08.2018