Интеллектуал мулк муҳофазаси

интеллект

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарорига биноан меъёрий-ҳуқуқий базага  ўзгартиришлар киритилди.

2019 йил 1 мартдан бошлаб, товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси ва товар келиб чиққан жой номини рўйхатдан ўтказиш учун талабномалар топширилгандан сўнг, Интеллектуал мулк агентлиги бир иш куни мобайнида ушбу талабномалар ҳақидаги маълумотларни ўзининг расмий веб-сайтига жойлаштиради. Ишлаб чиқарувчилар, етказиб берувчилар, сотувчилар ёки уларнинг вакиллари эса талабномалар эълон қилингандан сўнг Агентликка рўйхатдан ўтказиш учун ноҳалол топширилган аризалар ҳақидаги ёзма эътирозларини тақдим этишлари мумкин.

Эътибор беринг: товар белгисига ва хизмат кўрсатиш белгисига доир мутлоқ ҳуқуқ, товар келиб чиққан жой номи ва (ёки) товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи (кейинги ўринларда – товар белгиси) ўша куннинг ўзида товар белгиси ҳақидаги маълумотларни Агентликнинг расмий веб-сайтида мажбурий тарзда жойлаштирган ҳолда Товар белгилари давлат реестрида рўйхатдан ўтказилган санадан бошлаб вужудга келади.

2019 йил 1 июлга қадар Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган ҳаммага маълум товар белгиларининг ноҳалол рўйхатдан ўтказилишини аниқлаш нуқтаи назаридан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатдан ўтказилган барча товар белгилари тўлиқ хатловдан ўтказилади ва қонун талаблари бузилган ҳолда берилган товар белгиларини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномаларни бекор қилиш чоралари кўрилади.

2019 йилнинг 1 июлига қадар интеллектуал мулк объектларининг ягона ва доимий янгиланиб борадиган интеграциялашган маълумотлар базаси ишлаб чиқарилади ва жорий этилади.

2019 йил 1 сентябрдан бошлаб товар белгисини рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этиладиган талабномаларни фақат электрон шаклда давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали топшириш  тартиби жорий этилади.

2019 йил 1 сентябрдан бошлаб патент вакиллари ҳар беш йилда камида бир марта кейинчалик аттестациядан ўтказилган ҳолда интеллектуал мулк соҳасида ўз малакаларини оширишлари лозим.

12.03.2019