Инновация маркази резидентларига солиқ имтиёзлари ва преференциялар

инновационный центр

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 июндаги “Республикада ахборот технологиялари соҳасини  ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан  яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан Ўзбекистонда  Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича «Mirzo Ulugbek Innovation Center» инновация маркази очилмоқда.

Инновация маркази ахборот технологиялари маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун энг қулай шароитларни яратиш мақсадида бутун республика ҳудудида Инновация маркази резидентларини жойлаштирган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасида экстерриториаллик принципи асосида ташкил қилинади.

Инновация маркази фаолиятининг қуйидаги асосий йўналишлари белгилаб берилди:

хўжалик юритувчи субъектлар ва олий таълим муассасаларининг ахборот технологиялари маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда ички ва ташқи бозорларда сотишга қаратилган ўзаро ҳамкорлигини кенгайтириш учун зарур ташкилий-техник ва молиявий-иқтисодий шарт-шароитлар яратиш;

АКТ соҳасида рақобатдош лойиҳаларни ички ва ташқи бозорларда сотиш учун хорижий инвестицияларни жалб этишда Инновация маркази резидентларига кўмаклашиш;

олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежларининг «ахборот технологиялари» мутахассислиги бўйича битирувчиларининг ишга жойлаштирилишини таъминлашда, шу жумладан иқтидорли ёшлар томонидан «старт-ап» лойиҳаларини амалга оширишда уларни қўллаб-қувватлаш йўли билан иштирок этиш;

қисқа муддатли ва ўрта муддатли ихтисослаштирилган курсларни ташкил этиш, шу жумладан чет эл мутахассисларини таклиф этиш йўли билан АКТ соҳасидаги кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашни ташкил қилиш;

ёш тадбиркорлар томонидан ахборот технологиялари маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасидаги истиқболли йўналишлар бўйича инновация лойиҳалари амалга оширилишини қўллаб-қувватлаш.

Инновация маркази резидентлари учун имтиёзлар

Инновация маркази резидентлари 2028 йил 1 январгача бўлган муддатга:

барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни, шунингдек ягона ижтимоий тўловни тўлашдан;

белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, ўз эҳтиёжлари учун олиб кирилаётган ускуналар, бутловчи қисмлар, деталлар, узеллар, технологик ҳужжатлар, дастурий таъминот воситалари учун божхона тўловлари тўлашдан (божхона йиғимларидан ташқари);

ўзи ишлаб чиқарадиган товарлар (ишлар, хизматлар)ни экспорт қилишдан тушадиган валюта тушумининг бир қисмини мажбурий сотишдан озод этилди. 

 

Инновация маркази резидентлари билан тузилган меҳнат шартномалари бўйича ходимлар томонидан 2028 йил 1 январгача олинган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар:

7,5 фоиз миқдордаги қатъий белгиланган ставка бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига 4,5 фоизли ставка бўйича фуқароларнинг суғурта бадалларига тортилиши;

солиқ солиш мақсадида белгиланадиган жисмоний шахсларнинг умумий йиллик даромадлари ҳажмига киритилмаслиги белгилаб қўйилди.

Инновация маркази резидентлари:

ўзи ишлаб чиқарган товарлар (ишлар, хизматлар)ни экспорт қилишдан тушган пул маблағлари доирасида ходимларга иш ҳақи ва дивидендларни халқаро тўлов карталарига ўтказиш йўли билан нақд бўлмаган шаклда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳисоб-китобларни чет эл валютасида амалга ошириш;

экспорт контракти мавжуд бўлмаган ҳолда Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидаги онлайн дўконлар орқали ишлар ва хизматлар экспортини чет эл валютасида амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади.

26.06.2018