Ички туризмни ривожлантириш

турист

Дўстлар, жомадонларни ҳозирланг, мамлакат бўйлаб саёҳат қиламиз!

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори  асосида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” ички туризм Дастури амалга оширилади.

Давлат ташкилотлари  ва бошқа муассассалар раҳбарларига ходимларини меҳнат таътили даврида айнан мамлакат ичкарисини саёҳат қилишга жўнатиш қатъий тавсия этилади.

2018 йилнинг 1 февралидан бошлаб уч йиллик муддатга солиқ имтиёзлари кўзда тутилади:

жисмоний шахсларнинг солиққа тортиладиган даромадлари Ўзбекистон Республикаси бўйлаб туристик йўлланмаларни туризм соҳасида фаолият кўрсатиш бўйича лицензияга эга бўлган субъектлардан сотиб олишга йўналтирилган харажатлар суммасига камайтирилади. Бунда туристик йўлланма (айирбошланадиган ваучер), авиа ва темир йўл чипталари, автотранспорт ташкилотларининг ҳисоб-фактуралари (чипталари) ва жойлаштириш воситалари чеклари тасдиқловчи ҳужжатлар ҳисобланади;

туризм соҳасида фаолият кўрсатадиган субъектларнинг солиқ солинадиган базаси Ўзбекистон туризм бренди ва «Uzbekistan.travel» сайти рекламаси бўлган босма маҳсулотларни (хариталар, рисолалар, буклетлар, флайерлар ва бошқалар), сувенир ва қадоқлаш маҳсулотларини (сумкалар, пакетлар, мактаб дафтарлари, ёрлиқлар, ғилофлар, кийим-кечаклардаги ва ошхона анжомларидаги ёзувлар) тайёрлаш ва чоп этишга йўналтириладиган харажатлар суммасига камайтирилди.

Эслатиб ўтаман, туризм соҳасида хизмат кўрсатадиган ташкилотлар учун бошқа солиқ имтиёзлари ҳам кўзда тутилган.

Саёҳат учун кредитлар

Тижорат банкларига Ўзбекистон Республикаси фуқароларига туризм соҳасида фаолият кўрсатиш бўйича лицензияга эга бўлган субъектлардан Ўзбекистон Республикаси бўйлаб сайёҳлик турларини сотиб олиш учун 10 миллион сўмгача истеъмол кредитларини ажратиш ва кредитни иш ҳақи ҳисобидан қоплаш имкониятини бериш тавсия этилди.

06.05.2018