Эркин иқтисодий зоналар

свободная экономическая зона

“Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида”ги  Қонун  1996 йилда қабул қилинган эди. Бироқ эркин иқтисодий зоналар (ЭИЗ) нинг кўпчилик қисми кейинги 5 йил мобайнида ташкил этилди.

ЭИЗ нима ва уларнинг устуворликларидан  қандай фойдаланиш мумкинлиги борасида  фикр юритамиз.

Тушунчалар

Эркин иқтисодий зона – минтақани жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун мамлакат ва чет эл капиталини, истиқболли технология ва бошқарув тажрибасини жалб этиш мақсадида тузиладиган, аниқ белгиланган маъмурий чегаралари ва алоҳида ҳуқуқий тартиботи бўлган махсус ажратилган ҳудуддир.

Эркин иқтисодий зона ҳудудида юридик шахслар ва фуқаролар (жисмоний шахслар) хўжалик, молиявий ва бошқа фаолиятнинг исталган турлари билан шуғулланишига йўл қўйилади, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида ман этилган фаолият турлари бундан мустасно.

 

ЭИЗ турлари

Эркин иқтисодий зоналар қуйидаги хилларда ташкил этилиши мумкин:

эркин савдо зоналари;

эркин ишлаб чиқариш зоналари;

эркин илмий-техникавий ва бошқа зоналар.

 

Қандай ҳолатда ЭИЗ иштирокчиси бўлиш мумкин

Эркин иқтисодий зона ҳудудида хўжалик фаолиятини амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар дирекцияда рўйхатдан ўтади.

Дирекция рўйхатдан ўтказилган юридик ёки жисмоний шахсга эркин иқтисодий зонада рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома беради ва бу ҳақда тегишли давлат бошқаруви органларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хабар қилади.

Ҳар бир ЭИЗ ташкил этиш  учун алоҳида шартлар ҳам кўзда тутилиши мумкин.

 

ЭИЗнинг ўзига хос жиҳатлари

Эркин иқтисодий зоналарда алоҳида божхона, валюта, солиқ тартиботи, шунингдек фуқаролар кириши, чиқиши ва бу ерда бўлишининг, меҳнат муносабатлари, молия-кредит фаолиятининг алоҳида тартиботи ҳамда инвестицияларни жалб этишга, тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантиришга ва зонани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган бошқача тартибот ўрнатилиши мумкин.

Эркин иқтисодий зонадаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда ишлаш учун энг аввало маҳаллий меҳнат ресурслари жалб этилади, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг бошқа минтақаларида яшовчи шахслар ва чет эл фуқаролари ҳам жалб этилиши мумкин. Эркин иқтисодий зонага меҳнат ресурсларини жалб этиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Эркин иқтисодий зонага чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг кириши, иқтисодий зонадан чиқиши ва шу ҳудудда бўлишининг қонун ҳужжатларида белгилаб қўйиладиган соддалаштирилган тартиботи жорий этилиши мумкин.

Солиқ ва божхона имтиёзлари

“Эркин иқтисодий зоналар ҳудудида солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзларни қўллаш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ  ЭИЗ иштирокчиларига қатор имтиёз ва префернециялар яратилган.

ЭИЗ иштирокчилари қуйидаги тўловлардан озод этилади:

ер солиғи, фойда солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари умумтаълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасига мажбурий тўловлар;

ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб келинган асбоб-ускуналар, хом ашё, материаллар ва бутловчи қисмлар учун божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари);

республикада ишлаб чиқарилмайдиган ва лойиҳаларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича четдан олиб келинадиган қурилиш материаллари учун божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод этилади.

Имтиёзлар бериш муддати   киритилган инвестиция ҳажмига боғлиқ:

300 минг АҚШ долларидан 3 млн АҚШ долларигача инвестиция киритилганда – 3 йил муддатга;

3 млн АҚШ долларидан 5 млн АҚШ долларигача инвестиция киритилганда – 5 йил муддатга;

5 млн АҚШ долларидан 10 млн АҚШ долларигача инвестиция киритилганда – 7 йил муддатга;

10 млн АҚШ доллари ва ундан ортиқ инвестиция киритилганда – 10 йил муддатга, кейинги 5 йил мобайнида фойда солиғи ва ягона солиқ тўлови ставкалари амалдаги ставкалардан 50 фоиз паст миқдорда қўлланилган ҳолда берилади.

Баъзи ЭИЗ ларга алоҳида бошқа солиқ ва божхона имтиёзлари ва  устуворликлар берилиши ҳам мумкин.

Божхона ва солиқ имтиёзларини қўллаш муддати ЭИЗ иштирокчисига бериладиган ЭИЗ иштирокчиси гувоҳномаси берилган кундан эътиборан бошланади.

Ер участкалари ажратиш

“Эркин иқтисодий зоналар иштирокчиларига ер участкалари бериш  тартиби тўғрисида”ги  Низомда ер участкаларини, давлат мулки бўлган ишламаётган корхоналар ва бўш ётган мол-мулкларни эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарининг иштирокчиларига инвестиция мажбуриятларини қабул қилган ҳолда «нол» харид қиймати бўйича сотиш;

ЭИЗ иштирокчилари, биринчи навбатда ишламай турган, бўш биноларга, жумладан давлат мулки бўлган объектларга ва яратилган инженерлик инфратизими мавжуд базаларга мўлжалдаги миқёсда қурилиш ишларини амалга оширишни кўзлаган ҳолда жойлаштирилади.

Ер участкаси олиш учун ЭИЗ иштирокчиси  ер участкаси тақдим этиш учун шахсан ўзи ташриф буюрган ҳолатда ёки почта алоқаси орқали  Давлат хизмати марказларига мурожаат этадилар.

Аризада ер участкаси қандай мақсадлар учун ва қандай муддатга зарурлиги, у жойлашган жой ва (талаб этиладиган жой асосланган ҳолда) ер участкаси ўлчамлари, юридик шахснинг почта манзили, реквизитлари ёки жисмоний шахснинг паспортига оид маълумотлар кўрсатилади.

20.11.2018