Электрон тижоратни қайта ишга туширилиши

перезапуск

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йилнинг май ойидаги “Электрон тижоратни жадал ривожлантириш  чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори электрон савдони чинакам  қайта ташкил этишга туртки берди.

Товар ва хизматлар бўйича  тўлов инструментининг  йўқлиги туфайли узоқ вақтлардан буён бутун  тизим жойида депсиниб қолган эди. Энди бу борадаги ишлар бирмунча жадаллашди.

Тўловлар бўйича ўзгаришлар:

Товар ва хизматларга  онлайн орқали тўланган чеклар, квитанциялар, хабарлар ва бошқа усуллар – товарлар (хизматлар) учун тўловларни тасдиқловчи квитанциялар, талонлар, чипталар ва бошқа ҳужжатларга тенглаштирилди. Бу  ҳолда электрон чеклар, квитанциялар ёки бошқа кўринишдаги/номдаги электрон ҳужжатлар битмлардаги томонларни идентификациялаш имконини бериши ва  ахборот тизимлари томонидан шакллантирилган бўлиши керак.

Товар ва хизматларга тўловларни нақд шаклда ҳам амалга ошириш мумкин.  Бунда албатта харидорга виртуал терминаллар (E-POS) орқали  электрон чек ёки нақд пулни қабул қилганлигини тасдиқловчи бошқа хужжат юбориш керак.  Шунингдек, унутмангки,  нақд пулни олганингизда зиммангизда пул маблағини хизмат кўрсатадиган банкда инкассация  қилиш борасида мажбурият пайдо бўлади.

Товар ва хизматларга тўловларни тўлов терминалларидан фойдаланган ҳолда тадбиркорлик субъектларининг корпоратив банк карталари, шунингдек, электрон тўлов тизимлари орқали қабул қилиш мумкин.

2018 йилнинг  1 июлидан электрон тижорат орқали сотиладиган товарлар (хизматлар) учун уларнинг умумий қийматидан мажбурий 15 фоизли олдиндан тўлов тўлаш талаби бекор қилинади.

Виртуал терминаллар (E-POS) шу турдаги назорат-касса машиналари
ва тўлов терминалларига тенглаштирилади.

 Ҳужжатларнинг айланиши бўйича ўзгаришлар:

2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб электрон тижорат орқали реализация қилинган уч минг АҚШ долларигача бўлган товарлар (хизматлар) экспорт қилинганда уни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритиш ва унга юк божхона декларацияси тўлдириш талаб этилмайди.

Товарни етказиб бериш борасидаги ўзгаришлар:

1 июлдан бошлаб электрон тижорат орқали реализация қилинган товарларни етказиб бериш бўйича хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига учинчи шахслар (товарларни сотувчилар) учун тўловларни кейинчалик уларни белгиланган тартибда инкассация қилиш шарти билан қабул қилиш ҳуқуқи берилди. Демак, эндиликда курьерлик хизмати ва такси хизматлари ҳам товар учун тўловларни қабул қилишлари мумкин;

2018 йилнинг 1 июлидан электрон тижорат орқали реализация қилинган товарларни сотувчига ва етказиб берувчига шахсий мулк, ижара ва бошқа фойдаланиш ҳуқуқига асосан тегишли бўлган автомобиль транспортида Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб етказиб беришда шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро ва халқаро автомобилда йўловчилар ва юк ташишларни амалга ошириш учун лицензия олиш талаб қилинмайди;

2018 йилнинг 1 июлидан электрон тижорат орқали дори воситалари ва тиббиёт буюмларини реализация қилиш, фақат сақлаш ва етказиб беришда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш тартиби ва талабларига қатъий риоя қилган ҳамда қонун ҳужжатлари талабларини инобатга олган ҳолда амалга оширишга рухсат этилади.

Имтиёзли солиқ тўловлари

2018 йилнинг 1 июлидан электрон тижорат иштирокчиларининг миллий реестри (кейинги ўринларда Миллий реестр деб юритилади) яратилади. Миллий реестрни юритиш электрон шаклда, онлайн режимда амалга оширилади;

Миллий реестрга ихтиёрий ва бепул асосда товар (хизмат)ларни электрон тижорат орқали сотишдан олган даромадлари умумий сотилган товарлар (хизматлар) ҳажмининг камида 80 фоизини ташкил этувчи юридик шахслар ва хусусий тадбиркорлар киритилади.

Миллий реестрга товарларни сотиш  ва хизмат  кўрсатиш фаолиятини электрон тижорат асосида амалга оширувчи электрон савдо майдончалари, товарларни етказиб бериш, электрон ҳужжатлар ва хабарларни сақлаш хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар ва хусусий тадбиркорлар киритилади.

Миллий реестрга киритилган юридик шахслар ва хусусий тадбиркорлар 2 фоиз ставка бўйича ягона солиқ тўловини тўловчилар ҳисобланади.

26.06.2018