Электрон ҳужжат айланиши

документооборот

“Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида”ги Қонун 2004 йилда чиқди, аммо бугунги кунга қадар ташкилотларнинг жуда озчилик қисми электрон ҳужжат айланиши тизимига тўлиқ ўтди.

Электрон ҳужжат айланишидан қуйидаги амалиётларда фаол фойдаланилмоқда:

Банк тўловларида;

Солиқ ва статистика ҳисоботларини  жўнатишда;

Божхона амалиётларида.

Бизнингча, электрон ҳужжат айланишининг тез оммавийлашиб кетмаётганлигининг асосий сабаби унга ишонч билдирилмаётганликдадир. Шунинг учун ҳам мавзуга бироз тўхталиб ўтишга қарор қилдик.

Электрон ҳужжат айланиши нима?

Электрон ҳужжат айланиши ўзида электрон ҳужжатларни ахборот тизими орқали  жўнатиш ва олиш жараёнларининг мажмуасини акс эттиради. Электрон ҳужжат айланишидан келишувларни (шу жумладан, шартномалар тузишни), ҳисоб-китобларни амалга ошириш, расмий ва норасмий ёзишмаларни ва бошқа ахборотларни узатишни амалга оширишда фойдаланиш мумкин.

Электрон ҳужжатнинг мажбурий  реквизитлари қуйидагилар ҳисобланади:

электрон рақамли имзо;

электрон ҳужжатни жўнатувчи юридик шахснинг номи ёки электрон ҳужжатни жўнатувчи жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми;

электрон ҳужжатни жўнатувчининг почта ва электрон манзили;

ҳужжат яратилган сана.

Электрон рақамли имзо нима?

Электрон рақамли имзо – Электрон ҳужжатдаги хатолар йўқлигини аниқлаш   ва  электрон рақамли имзо ёпиқ калитиннг эгасини  идентификация қилиш имкониятини берадиган имзо.

Электрон ҳужжатнинг юридик кучи

Электрон ҳужжат қоғоз ҳужжатга тенглаштирилади ва у билан бир хил юридик кучга эга бўлади.

Кўпинча, режали текширишларда электрон ҳужжатларни тақдим этиш мумкинми, деган саволларни берадилар.

Электрон  ҳужжат ва қоғоздаги  ҳужжат билан бир хил кучга эга. Шунинг учун ҳам текширишда электрон ҳужжатни тақдим этиш мумкин.

Барча томонларнинг имзолари

Электрон ҳужжат, агар у бевосита электрон ҳужжатни жўнатувчи ёки унинг ахборот воситачиси томонидан жўнатилган бўлса, жўнатилган деб ҳисобланади.

электрон ҳужжатни қабул қилиб олувчи томонидан кўрсатилган ахборот тизими орқали электрон манзил бўйича электрон ҳужжат келиб тушган вақт электрон ҳужжат қабул қилиб олинган вақт деб ҳисобланади;

электрон ҳужжат, агар электрон ҳужжатнинг қабул қилиб олинишини таъминлаган ахборот тизими ҳатто бошқа ерда жойлашган бўлса ҳам, электрон ҳужжатни қабул қилиб олувчи турган жойда қабул қилиб олинган деб ҳисобланади.

Ахборотни муҳофаза қилиш

Электрон ҳужжат айланишида электрон ҳужжатларни муҳофаза қилиш электрон ҳужжат айланишининг иштирокчиларига ёки бошқа юридик ва жисмоний шахсларга зарар етказилишининг олдини олиш мақсадида, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ахборотларни муҳофаза қилиш очиқ ва ёпиқ калитлар орқали таъминланади.

электрон рақамли имзонинг ёпиқ калити – электрон рақамли имзо воситаларидан фойдаланган ҳолда ҳосил қилинган, фақат имзо қўювчи шахснинг ўзига маълум бўлган ва электрон ҳужжатда электрон рақамли имзони яратиш учун мўлжалланган белгилар кетма-кетлиги;

электрон рақамли имзонинг очиқ калити – электрон рақамли имзо воситаларидан фойдаланган ҳолда ҳосил қилинган, электрон рақамли имзонинг ёпиқ калитига мос келувчи, ахборот тизимининг ҳар қандай фойдаланувчиси фойдалана оладиган ва электрон ҳужжатдаги электрон рақамли имзонинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш учун мўлжалланган белгилар кетма-кетлиги;

Электрон ҳужжатларни сақлаш
Электрон ҳужжатларни сақлаш чоғида улардан эркин фойдаланиш ва уларнинг қоғоз нусхаларини тақдим этиш имконияти таъминланиши лозим.

Электрон ҳужжатни сақлаш муддати, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, шунга ўхшаш мақсадга мўлжалланган қоғоз ҳужжат учун белгиланган муддатдан кам бўлмаслиги керак.

Шуни айтиш керакки, электрон ҳужжат айланиши  нафақат қоғозларни тежайди  (ўрмонларни сақлаб қолади), балки босиш, имзолаш, олиб бориб бериш, мижоз ёки  етказиб берувчи имзосини кутиш, ҳужжатни қайтариб келиш сингари ташвишларга  кетадиган вақтни  тежаш имконини яратади.

24.05.2018