Электрон ҳисобварақ-фактура

счет-фактура

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзаро ҳисоб-китоблар тизимида электрон  шаклдаги ҳисобварақ-фактуралардан фойдаланишни такомиллаштириш тўғрисида”ги  қарорига асосан 2019 йилнинг 1 июлидан бошлаб ихтиёрий равишда, 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб барча хўжалик юритувчи субъектлар учун ҳисобварақ-фактураларни электрон шаклда расмийлаштириш, сақлаш ва ҳисобини юритиш тизимини мажбурий тартибда жорий этиш тасдиқланди.  Шунингдек, “Ўзаро ҳисоб-китоблар тизимида электрон шаклдаги ҳисобварақ-фактуралардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди, электрон ҳужжат юритиш қоидалари белгилаб берилди.

Атамалар

электрон ҳисобварақ-фактура (кейинги ўринларда ЭҲФ деб юритилади) – товарлар (ишлар, хизматлар)ни реализация қилиш ва сотиб олиш фактини тасдиқлайдиган, электрон ҳужжат айланиши тизими операторлари орқали тақдим этиладиган ва қабул қилинадиган электрон ҳужжат;

электрон ҳисобварақ-фактура   айланиши оператори (кейинги ўринларда оператор деб юритилади) – қонун ҳужжатларида ва мазкур Низомда белгиланган талабларни бажарган электрон ҳужжатларнинг айланиши ва уларни сақлаш фаолияти билан шуғулланишга рухсат этилган юридик шахс мақомига эга ахборот воситачиси;

роуминг оператори –электрон ҳужжатларни марказлаштирилган ҳолда сақланишини, операторлараро узатилишини ва ЭҲФ ҳисоби юритилишини таъминлайдиган юридик шахс;

ЭҲФ  идентификатори – ЭҲФни масофадан идентификация қилиш имконини берувчи роуминг операторининг ахборот тизими томонидан автоматик равишда белгиланадиган ЭҲФ  уникал рақами;

электрон ҳисобварақ-фактура   айланиши иштирокчиси (кейинги ўринларда иштирокчи) – ЭҲФ айланишида товарларни (ишларни, хизматларни) сотувчи ёки уларнинг харидори бўлган юридик шахс, якка тартибдаги тадбиркор ёки жисмоний шахс;

QR-код – тасдиқланган ЭҲФ га бириктириладиган ва ҳужжатни қоғоз шаклида чоп этилганда кўрсатиладиган, мобил иловалар ва дастурий маҳсуллар орқали ўқиш (сканерлаш) вақтида ЭҲФ  ҳақида барча маълумотларга ҳавола бўладиган махсус график код.

ЭҲФ ҳужжатларини юбориш ва қабул қилиш телекоммуникация алоқа каналлари орқали операторларнинг ахборот тизимлари ёрдамида амалга оширилади.

ЭҲФ алмашинуви электрон рақамли имзо калитлари орқали амалга оширилади.

Электрон ҳисобварақ-фактура айланиши

Товарни етказиб берувчи, хизматни бажарувчи сотиб олувчи ҳақидаги  маълумотларни қайд этган ҳолда  ЭҲФни шакллантиради.

Товарни етказиб берувчи, хизматни бажарувчи ЭҲФни ўзининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқлаган ҳолда оператор орқали роуминг операторига юборади.

Роуминг оператори юборилган ЭҲФнинг Низом талабларига мувофиқлигини текширади ва сотиб олувчига унинг оператори орқали етказиб беради.

Агар роуминг оператори ЭҲФ тўлдирилишида  хато ёки камчиликлар аниқлаганида у қабул қилинмайди ва тегишли оператор орқали ЭҲФни тузган товар етказиб берувчига ёки хизматни бажарувчига қайтаради.

Сотиб олувчи келиб тушган ЭҲФ билан танишиб чиққанидан сўнг, уни электрон рақамли имзо билан тасдиқлайди ёки ушбу ЭҲФнинг сабабини кўрсатган ҳолда рад этади.

Сотиб олувчи томонидан тасдиқланган ЭҲФ оператор томонидан етказиб берувчига роуминг оператори орқали юборилади.

ЭҲФ товарни сотиб олувчи томонидан тасдиқланганидан  кейин роуминг оператори унга QR-код беради.

Низомнинг талаблари қуйидаги ҳолларга нисбатан қўлланилмайди:

йўловчилар ташиш йўл чипталари билан расмийлаштирилганда (шу жумладан, авиа ва темир йўлларида);

товарлар (ишлар, хизматлар) нақд пулда реализация қилинган ҳолларда сотиб олувчига фискал хотирали назорат-касса машинаси чеки, терминал чеки, квитанция берилганда;

товарларнинг экспорт-импорт тарзида етказиб берилиши расмийлаштирилганда;

қабул қилиб олиш-топшириш далолатномаси расмийлаштириладиган молиявий ижара (шу жумладан лизинг) шартномаси бўйича мол-мулк топширилганда;

банк операциялари мижознинг шахсий ҳисобварағидан кўчирма бериш орқали расмийлаштирилганда;

суғурта хизматлари топшириқ шартномаси ва (ёки) суғурта полиси орқали расмийлаштирилганда;

 ишлар (хизматлар), ҳақиқатда мазкур ишлар бажарилганлигини (хизматлар кўрсатилганлигини) тасдиқловчи ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 222-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган маълумотлар  билан расмийлаштирилганда.

31.07.2019