Давлат тадбиркорларга қандай кафолатлар беради

гарантии

Аудиторлик амалиёти ва маслаҳатлар бериш жараёнидаги фикр алмашувлардан  аён бўладики, тадбиркорлар кўпинча ўзларининг бизнесларини, ўз манфаатларини ҳимоя эта олмайдилар, чунки улар қонун асосида мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва мажбуриятларини яхши билмайдилар.

“Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг   кафолатлари тўғрисида”ги  Қонун 2000 йилда, Қонуннинг янги таҳрири эса 2012 йилда қабул қилинган.

Мазкур Қонуннинг асосий вазифаси тадбиркорлик фаолияти учун кафолатлар ҳамда шароитлар яратишдан, уларнинг ишчанлик фаоллигини оширишдан, шунингдек тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимояқилишдан иборатдир.

Эътибор беринг,  Қонуннинг 11 моддасига биноан Тадбиркорлик фаолияти субъектларининг давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек банклар билан ўзаро муносабатларида тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги принципи амал қилиб, унга мувофиқ қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик фаолияти субъектининг фойдасига талқин этилади.

Тадбиркорлик  субъектларининг ҳуқуқлари

Тадбиркорлик фаолияти субъектлари  белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахслардир.

.

Тадбиркорлик фаолияти субъектлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириши мумкин;

Эътибор беринг, баъзи ҳолларда эса  фаолият турлари қуйидаги омиллар билан  чегараланган:

ташкилийҳуқуқий шакл билан. Масалан, оилавий тадбиркорлик учун заҳарли моддалар билан боғлиқ фаолият тури тақиқланган;

лицензиялар ва рухсат этувчи ҳужжатлар билан. Масалан, аудиторлик фаолияти сертификати  бўлган аудиторларнинг сони, суғурта полисининг мавжудлиги.

юридик шахс бўлган бошқа тадбиркорлик субъектларининг муассислари (иштирокчилари) бўлиш;

мулк ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш;

ўз фаолияти йўналишларини, товарлар  етказиб берувчиларни ва ўз товарларининг (ишларининг, хизматларининг) истеъмолчиларини мустақил равишда танлаш;

тадбиркорликдан чекланмаган миқдорда даромад (фойда) олиш;

ўз товарларини (ишларини, хизматларини), ишлаб чиқариш чиқиндиларини бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб, мустақил равишда белгиланадиган нархлар ва тарифлар бўйича ёки шартнома асосида реализация қилиш, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

барча ишлаб чиқариш харажатларининг ўрни қопланиб, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин қолган даромадни (фойдани) эркин тасарруф этиш;

ўз пул маблағларини мустақил тасарруф этишга ҳақли.

Эътибор беринг, банк  тадбиркорлик фаолияти субъектининг ҳисобварағига келиб тушган пул маблағларини тегишли тўлов ҳужжати банкка келиб тушган куннинг эртасидан кечиктирмасдан мазкур ҳисобвараққа киритиб қўйиши, тадбиркорлик фаолияти субъектининг топшириғига кўра ҳисобварақдан пул маблағларини бериши ёки ўтказиши шартлиги, ҳисобварақ бўйича операцияларнинг белгиланган муддатлари бузилган тақдирда, банк ва бошқа кредит ташкилоти тадбиркорлик фаолияти субъектига қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ва муддатларда фоизлар тўлаши,  ҳисобварақда турган пул маблағларидан фойдаланганлиги учун тадбиркорлик фаолияти субъектига қонунда кўзда тутилгани каби фоизлар тўлаши керак.

Давлат органлари, банклар ёки бошқа кредит ташкилотлари тадбиркорлик фаолияти субъектларининг пул маблағларидан фойдаланиш йўналишларини белгилаб бериш ва назорат қилишга ҳамда пул маблағларини ўз хоҳишига кўра тасарруф этиш ҳуқуқларига нисбатан қонунда ёки шартномада назарда тутилмаган бошқа чекловлар белгилашга ҳақли эмас.

кредитлар олишга, бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг пул маблағларини ҳамда ўзга мол-мулкини шартнома шартлари асосида жалб этишга, шу жумладан биноларни, иншоотларни, ускуналарни ва ўзга мол-мулкни олиш ва (ёки) текин, ижарага (лизингга) олишга ҳамда уларни тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга йўналтириш;

ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишга ҳақли.

тадбиркорлик фаолияти субъектлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Баъзан давлат органлари билан тадбиркорларнинг мулоқотида у ёки бу амалиётларни чеклаб қўядилар. Бундай ҳолларда ваколатли шахсдан ушбу амалиётни амалга оширганлик учун тақиқ қўйган ёки амалиётни бажарганик учун жарима санкциясини кўзда тутган меъёрий-ҳуқуқий актнинг номи, рақами ва  муддатини сўрашгни тавсия этамиз.

Давлат кафолотлари

Давлат томонидан тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатлаш нафақат  ушбу  Қонунда, балки бошқа меъёрий-ҳуқуқий актларда ҳам баён этилган.  Масалан, бундай кафолат Ўзбекистон Республикаси Конституясида ҳам берилган.

Давлат иқтисодий фаолият эркинлигини,  тадбиркорлик ва мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди.

Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир.

Тадбиркор  мулкига ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади.

Тадбиркорлик субъектларининг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиши, давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, бошқа ташкилотларнинг қонунга хилоф қарорлари, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиб-таомилининг мураккаблаштирилишини ва тадбиркорлик фаолияти субъектлари зиммасига янги мажбуриятлар юклатилишини назарда тутадиган, шунингдек уларнинг жавобгарлигига оид янги чораларни белгилайдиган қонун ҳужжатлари расмий эълон қилинган кундан эътиборан камида уч ойдан кейин кучга киради.

Ахборот олиш кафолатлари

Давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик фаолияти субъектларига мазкур субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор қонун ҳужжатлари, ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиш имкониятини таъминлаши шарт.

Ахборотдан фойдаланиш қонун ҳужжатларини ва тегишли материалларни оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали давлат органларининг расмий веб-сайтларида эълон қилиш ва тарқатиш йўли билан таъминланади.

Эътибор беринг, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинган, тадбиркорлик фаолияти субъектлари билан ўзаро муносабатлар масалаларини тартибга соладиган, уларнинг расмий веб-сайтларида Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали эълон қилинмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатларнинг талабларини бузганлик учун тадбиркорлик фаолияти субъектларига нисбатан жавобгарлик чоралари қўлланилмайди.

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор ахборот бепул тақдим этилади, бошқа ахборотни тақдим этганлик учун эса белгиланган тартибда ҳақ ундирилиши мумкин.

Давлат статистика органлари ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган статистика ахбороти мунтазам эълон қилиб борилишини таъминлайди.

Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари қонунчилик асосида тақдим этилаётган имтиёз ва устуворликларни, шунингдек уларни амалга оширишни таъминлаш қоидаларини ўз бурчлари доирасида тушунтиришлари шарт.

Ушбу мақолада тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқлари  ва давлат кафолатларининг фақат бир қисмини  баён этдик,  холос.  Барча тадбиркорларга “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг   кафолатлари тўғрисида”ги  Қонуннинг тўлиқ матни билан танишиб чиқишни тавсия этамиз.

Ўз манфаатларини ҳимоя қилиш ёки қилмаслик ҳар кимнинг ўзига боғлиқ.  Аммо ўз ҳуқуқларини яхши  биган тадбиркорлар янада  кучли, самарали ва қудратли бўлиши муқаррар.

20.11.2018