Дастурий маҳсулотлар ва ахборот маҳсулотлари импорти ва экспорти

цифровой продукт

“Дастурий маҳсулотлар ва ахборот маҳсулотларидан фойдаланиш ҳуқуқини амалга ошириш ҳамда расмийлаштиришнинг божхона расмийлаштируви (декларациялаш) ва бухгалтерия ҳисобини юритиш тартиби тўғрисида”ги низоми асосида рақамли  маҳсулотлар билан битмларни амалга ошириш қоидалари белгилаб берилди.

Тавсиф

рақамли маҳсулотлар импорти — хорижий давлатнинг юридик ёки жисмоний шахси томонидан рақамли маҳсулотлар учун мутлақ ҳуқуқлар ёки рақамли маҳсулотлардан фойдаланиш ҳуқуқини Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахсига бериш ёхуд юридик ёки жисмоний шахснинг электрон ахборот муҳитида амалга ошириш (фаолият юритиш) жойидан қатъи назар, муайян ҳаракатларни амалга ошириш;

рақамли маҳсулотлар экспорти — Ўзбекистон Республикасининг хўжали субъекти томонидан рақамли маҳсулотлар учун мутлақ ҳуқуқлар ёки рақамли маҳсулотлардан фойдаланиш ҳуқуқини хорижий давлатнинг юридик ва жисмоний шахсига бериши ёхуд амалга ошириш (фаолият юритиш) жойидан қатъий назар юридик ёки жисмоний шахснинг электрон ахборот муҳитида, моддий натижага эга бўлмаган муайян ҳаракатни амалга ошириш;

ахборот ташиш қурилмалари — рақамли маҳсулотларни яратиш, қайд этиш, узатиш, қабул қилиш, сақлаш ёки бошқа тарзда ишлатиш учун қўлланиладиган магнит, оптик, лазерли ёки бошқа электрон ахборот ташувчиси;

скриншот — шахсий компьютер ёки мобил қурилма экранининг, шу жумладан интернет саҳифасининг тасвирланган ўзгармайдиган график кўриниши;

хўжалик юритувчи субъект — иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи юридик шахс ёки юридик шахс ташкил этмаган якка тартибдаги тадбиркор;

рақамли маҳсулотлар — интеллектуал мулк объектларининг электрон нусхалари (рақамли товарлар), шунингдек, электрон ахборот муҳитида моддий натижага эга бўлмаган муайян ҳаракатлар ёки муайян фаолиятни амалга ошириш, шу жумладан “булутли технологиялар” хизматини харид қилиш ва унга обуна бўлиш хизматлари (рақамли хизматлар);

рақамли дистрибуция — рақамли маҳсулотларни моддий ташувчидан фойдаланмаган ҳолда, шу жумладан бутунжаҳон Интернет тармоғи орқали шахсий компьютерга ёки мобил қурилмага юклаш (юклаб олиш) орқали тарқатиш усули, онлайн хизматлардан фойдаланишга рухсат бериш ёки обуна бўлиш ва бошқалар;

Рақамли маҳсулотлар билан  битмларни ҳужжатлар орқали тасдиқлаш

Рақамли маҳсулотлар бўйича битимлар, шу жумладан электрон тижоратда шартномалар тузиш йўли орқали амалга оширилади.

Битмни тўғри расмийлаштириш учун маҳсулотнинг моддий жиҳатдан  ташкил этилганлиги (моддий ташувчи) аниқлаб олинади.

Маҳсулот моддий ташувчига эга бўлса

Моддий ташувчиларда тарқатиладиган рақамли маҳсулотлар бўйича битимлар бошқа товарлар билан тузиладиган битимларга ўхшаш тарзда ҳужжат билан тасдиқланади. Яъни счет-фактура (иновайс, божхона юк декларацияси), олиш учун ишончнома зарур бўлади.

Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан моддий ташувчиларда олиб ўтиладиган рақамли маҳсулотларнинг божхона расмийлаштируви (декларациялаш) ҳар қандай бошқа товарлар учун амал қиладиган одатдаги  тартиблар орқали  амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кириладиган ва маълумотларни қайта ишлаш ускуналари учун рақамли маҳсулотларни ўз ичига олган моддий ташувчининг божхона қийматини аниқлашда, баҳоланаётган товар учун амалда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган нархдан дастурий таъминотнинг қиймати ва (ёки) ахборот моддий ташувчининг қийматини ажратиш шарти билан фақат ахборот ташувчининг қиймати ҳисобга олинади.

Агар, рақамли маҳсулот ахборот ташувчи бўлмаган товар таркибига кирса ҳамда бундай дастурий таъминотсиз ўзига хос бўлган вазифаларни бажара олмайдиган ушбу товарнинг ишлашини таъминлашга қаратилган бўлса, рақамли маҳсулот қиймати товар қийматидан ажратилмайди.

Маҳсулот моддий ташувчига эга бўлмаса

Рақамли дистрибуция усуллари орқали тарқатиладиган рақамли маҳсулотлар қуйидагилар билан тасдиқланади:

а) электрон чеклар, рақамли маҳсулотга бўлган ҳуқуқни сотиб олиш квитанциялари, рақамли дистрибуция жараёнида ахборот тизимлари орқали шакллантирилган ва битим томонларини идентификация қилиш имконини берувчи бошқа хабарлар;

б) хўжалик юритувчи субъектнинг ички ҳужжатлари (хўжалик юритувчи субъектнинг жавобгар шахси ҳисоботи, банк кўчирмаси, бухгалтерлик маълумотнома ва бошқалар) билан тасдиқланади.

Хўжалик юритувчи субъектлар бирламчи ҳужжатларга қуйидагиларни илова қилган ҳолда бир томонлама расмийлаштириш ҳуқуқига эга:

а) қўшилиш шартномаси, оферта, лицензия ва бошқа шартноманинг электрон нусхалари;

б) инвойс, счёт-фактура ёки контрагентдан электрон хабар шаклида олинган бошқа ҳужжат нусхалари;

в) электрон тўлов тизимларидаги транзакциялар скриншоти, рақамли товарни сотиб олиш тўғрисидаги веб-сайтдан лог-ҳисоботлар ва пул маблағлари тушганини ва тўланганини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар.

Ушбу ҳужжатда контрагент масъул шахсларининг имзоси талаб қилинмайди. Хўжалик юритувчи субъект рақамли дистрибуция усуллари орқали амалга ошириладиган рақамли маҳсулотлар бўйича битим операцияларини рўйхатга олиш учун бирламчи ҳужжат шаклини Ўзбекистон Республикасининг «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги қонуни талабларини инобатга олган ҳолда мустақил равишда ишлаб чиқади.

Рақамли дистрибуция усуллари орқали экспорт ёки импорт қилинадиган рақамли маҳсулотлар божхонада расмийлаштирилмайди.

Рақамли маҳсулотларни бутунжаҳон Интернет тармоғидаги хорижий электрон савдо майдончалари орқали рақамли дистрибуция йўли билан экспорт қилганда:

хорижий валютадаги тушумлар рақамли маҳсулот сотилганидан кейин хорижий онлайн-савдо майдончаси хизматлари ҳақи чегириб қолинган кейин экспортчининг ҳисобрақамига ўтказилади;

тушумларнинг тушиш муддатлари хорижий онлайн-савдо майдончаси қоидаларига мувофиқ белгиланади.

 

17.09.2018