Чет эл фуқаросини ишга қабул қилишда қандай ҳужжатлар зарур

иностранцев

Кейинги йилларда Ўзбекистонда куплаб чет эл компаниялари, ваколатхоналари ва чет эл иштирокидаги компаниялар очилди. Шу боис чет эл фуқароларини ишга жойлаштириш   масалалари пайдо бўлди.

Чет эл фуқароларининг иш фаолиятини тартибга солувчи меъёрий ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикасида хорижий ишчи кучларини жалб қилиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида Низом

Ўзбекистон Республикасида хорижий ишчи кучларини жалб қилиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида Низомни қўллаш тартиби тўғрисида инструкция

Кимларга рухсат берилади

Хорижий фуқаро иш берувчи томонидан олинган рухсатнома асосида унинг номига берилган меҳнат фаолияти ҳуқуқи тасдиқномаси бўлгандагина Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаши мумкин.

Рухсатномалар ўзбекистонлик юридик шахсларга, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналарга, шунингдек ўз шахсий хўжалигида ёлланган ходимлар меҳнатидан фойдаланувчи  айрим ўзбекистонлик ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшовчи хорижий жисмоний шахсларга берилиши мумкин.

Бунда хорижий ходимлар меҳнат фаолиятларининг давом этиш муддати рухсатноманинг амалда бўлиш вақтидан ошиб кетмаслиги керак.


Қандай ҳужжатлар тақдим этиш керак

Рухсатнома бериш Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан амалга оширилади.

Рухсатнома олиш учун иш берувчи Агентликка қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

ариза;

контракт лойиҳаси ёки хорижий фуқаролар ёҳуд чет эл фирмалари билан тузилган хорижий мутахассисларни жалб қилиш мақсади ва шартлари тўғрисидаги олдиндан келишилганликни тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар;

хорижий мутахассисга берилган фотосуратли анкета;

рухсатномани расмийлаштириш ва бериш учун тўлов тўланганлиги ҳақидаги банк (касса) ҳужжати;

“ВИЧ-инфекция” йўқлиги тўғрисида сертификат.

Рухсатнома бланкида: рухсатнома берган органнинг номи, рухсатнома берилган иш берувчининг номи ва манзили, унинг давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги маълумотлар, ушбу шахс қайси давлат фуқароси эканлиги, фаолиятининг тури, рухсатнома амалда бўладиган ҳудуд, амалда бўлиш муддати, узайтириш вақти кўрсатилади.

Эътибор беринг, хорижий ишчи кучларидан фойдаланиш учун ҳужжатлар қабул қилишда электрон хизматлардан  фойдаланиш мумкин.


Рухсат этиш шартлари

Рухсатнома бир йил муддатга берилади, меҳнат контракти муддатини узайтириш томонларнинг розилигига кўра ва иш берувчининг ҳужжатларни бериши асосида, меҳнат шартномасининг амалда бўлиш муддати тугагунга қадар, амалга оширилади.

Иш берувчидаги рухсатнома бошқа иш берувчиларга берилмаслиги керак. Рухсатнома асосида жалб қилинадиган хорижий ходимлар бошқа иш берувчига ишлаш учун ўтказилиши мумкин эмас.

Рухсатномада кўрсатилган шартлар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги бузилганда, бунинг оқибатида хорижий мутахассисларнинг ҳуқуқлари жиддий камситилган ҳолларда – Агентлик йўл қўйилган бузилишлар бартараф этилгунга қадар рухсатномани тўхтатиб қўйиши ёки уларни муайян муддатда бартараф этиш тўғрисида кўрсатма бериши мумкин. Бузилишлар белгиланган муддатда бартараф этилмаган тақдирда рухсатнома Агентлик  қарорига кўра бекор қилиниши мумкин.

06.05.2018