Бизнесдаги мураббийлик

наставник

Жаҳон статистика маълумотларига  қараганда тадбиркорлик лойиҳаларининг  80 фоизи биринчи йилнинг ўзида барбод бўлади. Бироқ, тадбиркорни тажрибали мураббий, муваффақиятга эришган бизнесмен қўллаб-қувватлаганида ҳолат  бутунлай қарама-қарши томонга  ўзгаради.   Жумладан, “Youth Business International”  тармоғи аъзолари дастурларининг  ёрдами билан амалга оширилаётган  тадбиркорлик лойиҳаларининг  80 фоизи жонланиб кетиб, муваффақиятга эришмоқда.

Тошкентда “Youth Business International” (YBI) тармоғи аъзоси бўлган  ёшлар тадбиркорлигини  қўллаб-қувватлашг дастури – “Ўзбекистон ёшлари  бизнеси” очилди.  Дастур ташкилотчиси: (YBI, “Россия  ёшлар бизнеси” ва Россиянинг  Мураббийлик институтининг қўллаб-қувватлаши билан) Ground Zero.

Муваффақиятли иш олиб бориш учун тажрибаларини ўргатишга,  маслаҳатлар беришга, тавсияларни қабул қилишга шай бўлган мураббий зарур.

Дастурга  устоз/мурабий сифатида иштирок этиш учун мени таклиф қилишди. Учрашув аввалида тренинг ўтказилди, унда  Youth Business International тармоғи Кузатув кенгаши  раиси,  “Россия  ёшлар бизнеси” дастурининг раҳбари, Бизнес лидерлари  Халқаро форуми  ва Мураббийлик институти  Бош директори Борис Ткаченко мураббийлик тизимининг асослари, ёшлар билан ишлашнинг  қоида ва усуллари ҳамда бизнинг  биргаликдаги фаолиятимиз cамарасини қандай баҳолаш тўғрисида ҳикоя қилди.

Борис бир ажойиб ғояни: бизнес ишидаги мураббийликка  ўз компанияси ходимларининг мураббийлик усулини қўллашни таклиф этди, қатор мураббийлар, шахсан унинг ўзи ҳам шундай йўл тутаётганлари, натижалар  чакки бўлмаётганини айтди.  Бу усул билан танишиш ва уни уз компаниясида қўллаш   кўпчилик учун  қизиқарли ва фойдали бўлади, деб ўйлайман.

Тренингдан сўнг Youth Business International ҳақида, “Россия  ёшлар бизнеси” дастури,  Бизнес лидерлари  Халқаро форуми  ва Мураббийлик институти тўғрисида ўқидим, шу боис  кўплаб маълумотлар ана шу сайтлардан олинган.

Мураббий

Мураббий – бу сизни шахсий ресурсларингиздан ва корхонангиз ресурсларидан энг кўп фойда  чиқаришга илҳомлантираётган ва ёрдам бераётган  инсондир.

Тадбиркорлик соҳасидаги Мураббийлик/Устозлик – тажрибали, имкониятлари  катта тадбиркор (мураббий/устознинг) билан бошловчи  ва тажрибаси кам бўлган ёш тадбиркорнинг  (мураббийлик қилинувчи/шогирднинг) бизнесини ривожлантириш  мақсадини  кўзлаган ҳолда индивидуал тарздаги, ихтиёрий, беғараз ҳамкорлигидир.

Эътибор беринг, ушбу тавсифда бир неча асосий қоида таъкидланмоқда:

Мураббийлик ихтиёрий. Ҳеч ким сизни  мураббий бўлиш учун мажбур эта  олмайди ва ҳатто мажбур қилганида ҳам бундан ижобий натижага  эришиш  мушкул.

Мураббийлик беғараз асосларда  амалга ошиши зарур. Яъни манфаатлар қарамақаршиликлари пайдо бўлмаслиги керак. Масалан,  сиз ўзингизнинг бизнесингизни ёки сизни қизиқтирадиган аллакимнинг  бизнесини бошқараётган тадбиркорга  мураббий бўла олмайсиз. Бундай ҳолларда мураббий ва инвестор ўртасида  манфаатлар зиддияти  келиб чиқади.  Очиғи, бу сингари ҳолатларда  холис тавсиялар ва маслаҳатлар бериб бўлмайди.

Мураббийлик  – ўзаро ҳурмат ва олийжаноблик асосидаги мулоқот бўлиб, мураббийнинг  тажрибасини ва шогирднинг ресурсларини ишга солиш  имкониятидир. Яъни мураббий тажрибаси билан ўртоқлашади ва шогирд қандай ресурсларга эга бўлиши лозимлигига асосланиб маслаҳатлар беради.

Устозлар нега мураббийлик қилишади?

Менимча, бу саволга ҳар бир инсоннинг  узига хос жавоблари бўлади. Одатда, ким мураббийлик қилган бўлса бу иш қуйидаги имкониятларни яратади:

Ўрганишни яна давом эттириш, ахборотни ўзлаштиришнинг энг яхши усули – бошқаларга ўргатиш;

Ўз бизнесига тийрак кўз билан назар ташлаб, ўз-ўзига  савол бериш: менинг барча ишларим жойидами?

Янги бизнеснинг, бошқа тадбиркорнинг  оёққа туришига кўмак бериш;

Тўплаган тажрибаси билан бўлишиш, уни ўргатиш;

Анъана. Кўплаб мураббийларнинг мураббийлари бўлган. Мураббийлик анъанаси миннатдорчилик нуқтаи назаридан  ана шундай давом этади.

 Статистика маълумотларидан бир шингил

Бошловчи, ёш тадбиркорлар ўртасидаги  номоддий кўмакнинг фойдаси  борасидаги глобал тадқиқотлар натижаларига  таянган ҳолда қуйидагича хулосалар чиқариш мумкин:

сўралганларнинг  71 фоизи  устозлари билан тез-тез учрашиб туришганлари натижасида битта муҳим ёки айнан ишлаб чиқаришбоп муаммоларни ҳал этганларини айтдилар;

бошловчи тадбиркорларнинг  88 фоизи  устозлари билан мулоқот қилганларидан  кейин ўз фаолиятига қатъияти даражаси ошганлигини тан олдилар;

устоздан профессионал маслаҳатлар олган ёш тадбиркорларнинг  63 фоизи  бу номоддий кўмак туфайли уларнинг бизнеси янада дадил қадам ташлаганини  қайд этдилар.

Агар сиз  кимгадир мураббийлик қилмоқчи бўлсангиз ёки мураббийлик тамойилларини  ўз компаниянгизда  қўлламоқчи бўлсангиз, қуйидаги тавсиялар ёдингизда бўлсин.

Мураббийлик тамойиллари

ўзаро ишонч

махфийлик

шахсга хайрихоҳлик

ўз кучига ишончни  қўллаб-қувватлаш

тараққиёт

ҳамкорлик

ўзаро самимий мулоқот жараёни

Мураббий нималар қилиши керак

бизнес эгасининг компанияси билан боғлиқ  уни безовта қилаётган масалаларини махфийлик шароитида эшитади;

шогирд билан  юксакликка кўтарилиш ва пасайиш борасидаги  ўз тажрибаларини  баҳам кўради;

шогирдга дўстона ва холис ёрдам беради ва уни тўғри йўлга солади;

ҳалол ва арзигулик акс таъсир бағишлайди;

бизнесдаги устуворликларнинг барчасини ўз жойига қўйишга, мақсадни тўғри белгилаб олиш ва унга эришишга ёрдам беради;

зарур йўлларни  кўрсатади ва мавжуд  вариантларни танлаб олишга кўмаклашадиган саволлар беради;

шафеълигидаги  шогирдига ғоялар берадиган маслаҳат  гуруҳи сифатида ҳаракат қилади;

ўз тажрибалари асосида альтернатив йўлларни таклиф этган ҳолда  тўғри қарорлар  қабул этишга кўмаклашади;

доимий тарзда қўллаб-қувватлайди ва илҳомлантириб туради.

Устознинг асосий вазифаси шогирдни айнан бирор ишни бажаришга  мажбур этмаслик, балки уни йўналтириш. Энг самарали усуллардан бири – саволлар ташлаш.

Масалан, мураббийлик усулини  сиз ўз фаолиятингизда қўллашга  қарор қилдингиз дейлик. Шунда  ходимингиз аллақандай муаммо билан келиб қолади. Бу вазиятда сиз қуйидаги сингари саволларни беришингиз мумкин:бундай ҳолларда  сен нима қилган бўлар эдинг? Нега худди шундай қилган маъқул? Уни мана бундай  ҳал этса қандай бўлади? Барча вариантларда қандай таваккалчиликлар мавжуд?

Мураббий қандай ҳолатлардан тийилиши керак

шогирдининг бизнесини молияламаслиги керак;

у билан бирга  фаолият юритмаслиги керак;

тайёр жавобларни тақдим этмаслиги керак;

шогирдига рақиб сифатида  муомалада бўлмаслиги керак;

ҳимояга олинган шахснинг барча муаммоларини ўзи ҳал этиб бермаслиги  зарур.

Эътибор беринг, мураббий шогирдининг муваффақиятини таъминлашни зиммасига олмаслиги лозим ва унинг учун қандайдир  қарорлар ҳам қабул қилмайди; бизнесни ривожлантириш бўйича тўлиқ жавобгарлик мутлақо шогирднинг зиммасида бўлиши керак.

04.07.2018